O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Мукаммал қонунлар аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш, давлат бошқарувини, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига айлантириш, фуқароларнинг фаровон яшашларини таъминлаш ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштиришга қаратилган кўплаб масалалар муҳокама қилиниши кўзда тутилмоқда.

Мухбиримиз сенаторларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқди.
— Парламент юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилаётган масалалар давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган устувор вазифаларни рўёбга чиқариш, хусусан, аҳоли фаровонлиги ва юртимиз иқтисодиётининг янада юксалишига қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир, — дейди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси А. Бурхонов. — Айниқса, мамлакатни модернизациялаш жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий эттириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилаётгани, шубҳасиз, юртимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганидан далолатдир.  
— Қўмита йиғилишида Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилаётган янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди, — дейди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси А. Аҳмедов. — Мазкур ҳужжат Концепция доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, юртимизда фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, мамлакатимизда мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб Юртбошимиз ташаббуси билан фуқаролик жамиятининг фақат ўзимизга хос, миллий ва энг демократик институти бўлган маҳалланинг нуфузини кўтаришга алоҳида эътибор  қаратиб келинмоқда. 
Айни чоғда маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлаш ҳамда  уни аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Қонунда ушбу вазифаларни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этишга оид бир қатор янги нормалар киритилган. Бу эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш, унинг жамиятдаги роли ва аҳамиятини ошириш, маҳалла салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш имконияти яратилишига хизмат қилади.
— Қўмитамиз йиғилишида Сенат ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар қаторида янги таҳрирдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муфассал кўриб чиқилди, — дейди Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Э. Рўзметов. — Мазкур ҳуқуқий ҳужжат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган бўлиб, фуқаролар ижтимоий фаоллигини кучайтиришда алоҳида ўрин тутади. 
Қайд этиш жоизки, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг иш фаолияти бевосита фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларига боғлиқ. Яъни катта ҳаётий тажрибага, одамлар билан ишлаш ва мулоқот қилиш амалий кўникмаларига эга бўлган, маҳаллада обрў-эътибор қозонган, ташаббускор фуқароларни раис (оқсоқол) ва унинг маслаҳатчилари этиб сайлаш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур Қонун сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва шаффофлигини таъминлашга, сайловни ташкил этиш ва ўтказишда ҳокимият вакиллик органларининг ролини оширишга, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига номзодларга қўйиладиган талабларни кучайтиришга қаратилган. Қолаверса, ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича босқичма-босқич, тизимли ишлар олиб борилаётганидан далолат беради. 
— Сенаторлар муҳокамасига киритилаётган масалалар, энг аввало, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизни янада ривожлантиришга қаратилгани билан долзарбдир, — дейди Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Ҳ. Шодиева. — Чунончи, янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг бу борадаги масъулиятини ошириш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза этишда муҳим ўрин тутади. 
Мухтасар айтганда, Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган масалалар мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишига, аҳолининг турмуш даражаси ошишига, муҳими, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш орқали долзарб социал-иқтисодий масалаларни ҳал этишга зарур шарт-шароитлар яратади.

"Халқ сўзи" газетаси
Зиёда АШУРОВА.

Чоп этилган сана: 27.03.2013 19:50:11
Янгиланган сана:

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati