O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида

28 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси очилади.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда ишчи гуруҳ раҳбарининг бўлажак ялпи мажлисни ўтказишга тайёргарлик кўриш ҳақидаги ахбороти тингланди.

Сенат қўмиталарининг раислари қўмиталарда ўтказилган мажлислар ва ўн биринчи ялпи мажлис муҳокамасига киритилаётган қонунлар юзасидан хулосалар ҳамда бошқа масалалар бўйича қарорларнинг лойиҳалари тайёрлиги ҳақида ахборот бердилар, ялпи мажлис ишини ташкил этиш юзасидан фикр алмашдилар.

Кенгаш мажлисида Сенатнинг бўлажак ялпи мажлисида 17 та масала, шу жумладан, 7 та қонун кўриб чиқилиши назарда тутилаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Кенгаш аъзолари Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига киритилаётган, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш мақсадида тайёрланган ҳамда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.

Бундай қонунлар жумласига “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Сеул, 2012 йил 20 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек, бир қатор бошқа қонунлар киради.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ваколатларига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати


Чоп этилган сана: 27.03.2013 19:50:11
Янгиланган сана:

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati