O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИНИНГ ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ БИЛАН ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИНИ КУЧАЙТИРИШ БЎЙИЧА СЕМИНАР

27.04.2013

2013 йил 27 апрель куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастурининг «Парламентни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси билан биргаликда ташкил этилган «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ишини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари» мавзуидаги семинар бўлиб ўтди.
Семинар ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси аъзолари, сенаторлар, Самарқанд вилоятининг Сенат комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳи аъзолари (бундан буён матнда Ишчи гуруҳ деб юритилади), Самарқанд вилоятидаги халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари тегишли доимий комиссияларининг раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари муассислигида чоп этилаётган газеталарнинг бош муҳаррирлари, адлия органларининг, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг, шунингдек Самарқанд вилоятидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинарда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатларининг, парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг муҳимлиги ва аҳамияти таъкидлаб ўтилди. Сўнгги йилларда парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини, улар томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ва ижро этувчи ҳокимият органлари қарорларининг ижро этилишини оммавий ахборот воситаларида ёритиш сезиларли равишда кучайди. Оммавий ахборот воситаларида сенаторлар ва депутатларнинг мунтазам равишда чиқишлари ташкил этилди, махсус телекўрсатувлар сони ортди, газета ва журналларда янги рукнлар очилди, электрон ва нодавлат ОАВ имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг веб-сайтлари саҳифаларида депутатларнинг мақолалари, суҳбатлари ва интервьюлари ҳам мунтазам равишда жойлаштирилмоқда.
Бу йўналишда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Ишчи гуруҳининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг иши тўғрисидаги ахборотни оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича тўплаган тажрибасини оммалаштириш диққатга сазоворлиги қайд этиб ўтилди.
Чунончи, Ишчи гуруҳ раҳбари Ф.Тошевнинг ташаббуси билан «Зарафшон» газетасида (муассис – халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши) ва «Самарқанд» газетасида (муассис – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши) «Депутат минбари», «Доимий комиссияларда», «Депутатга уч савол», «Маҳаллий Кенгашларда» ва бошқа рукнлар ташкил этилди. Бу газеталарнинг ҳар бир сонида медиа-режаларга мувофиқ Ишчи гуруҳ аъзолари, доимий комиссиялар раислари ёки депутатларнинг мақолалари, суҳбатлари, интервью ва ахбороти мунтазам равишда чоп этилмоқда. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раҳбари томонидан тасдиқланган 2013 йилга мўлжалланган медиа-режага мувофиқ «Самарқанд–СТВ» вилоят телерадиокомпаниясининг турли дастурларида Ишчи гуруҳ аъзоларининг, доимий комиссиялар раислари ва депутатларнинг мунтазам чиқишлари ташкил этилган. Мисол учун, агар 2010 йилда оммавий ахборот воситаларида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларининг 60 нафаридан 37 нафари чиқиш қилган бўлса, 2012 йилда 50 нафар депутат чиқиш қилган. Ушбу масалага халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан жорий йилда ҳам етарли эътибор қаратилмоқда.
Шуниси диққатга сазоворки, ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида доимий комиссиялар раисларининг медиа-режаларда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботлари тинглаб борилмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан ҳар йили икки марта вилоятдаги оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва мухбирлари иштирокида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг фаолиятини мунтазам равишда ёритиш масаласига доир семинарлар ўтказилмоқда. 2012 йилдан буён юқорида қайд этиб ўтилган Ишчи гуруҳнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича тажрибаси халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари амалиётига жорий этилган. Жойларда бу йўналишдаги ишлар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари раҳбарлари томонидан тасдиқланган медиа-режалар асосида олиб борилмоқда, уларнинг бажарилиши ҳар чоракда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида қабул қилинган муҳим қарорлар оммавий ахборот воситаларида чоп этилмоқда.
Ўрганиш шуни кўрсатдики, депутатларнинг чиқишларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш, қишлоқда ҳар жиҳатдан қулай замонавий уй-жойлар қуриш ва қишлоқ аҳолисининг турмушини яхшилаш масалалари кўтарилмоқда, муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга оид амалий мисоллар келтирилмоқда, қонун ҳужжатлари, ҳудудий дастурлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда улар доимий комиссиялари қарорларининг ижро этилишини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, шунингдек депутат сўрови институтидан самарали фойдаланиш масалалари таҳлил қилинмоқда. 
Семинар иштирокчилари ўз чиқишларида Ишчи гуруҳнинг иш тажрибасини алоҳида қайд этиш баробарида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига мувофиқ рўёбга чиқарилаётган ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга, давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлар тўғрисида аҳолини кенг хабардор қилиб боришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришга қаратилган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси нормаларини эксперимент тарзда қўллаб ҳуқуқий синовдан ўтказишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини кучайтириш муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.
Муҳокама якунлари бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг иши тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилишни такомиллаштириш мақсадида семинар иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ишчи гуруҳларига халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши Ишчи гуруҳининг иш тажрибасини ўрганишни ва ўз амалиётларига жорий этишни тавсия қилдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Матбуот хизмати

Чоп этилган сана: 27.02.2013 18:50:11

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati