O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси олдидан

Сенатор Светлана ОРТИҚОВА
ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ РОЛИ ОШМОҚДА

Сенатор Светлана ОРТИҚОВАОлий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси муҳокамасига Қонунчилик палатаси томонидан янги таҳрирда қабул қилинган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар киритилмоқда.
Хусусан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Концепция доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, улар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг янги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотларини, шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида уларнинг Ўзбекистонда демократик, ҳуқуқий, фуқаролик жамияти барпо этишдаги роли тобора ошиб бормоқда. 
Ўз навбатида, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, фуқаролар йиғинлари фаолиятини кенгайтириш, айниқса, уларнинг демократик қадриятларимизни асраш, инсонларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, уларнинг иқтидорларини рўёбга чиқариш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишдаги фаолияти муҳим ўрин тутади. 
Қайд этиш жоизки, бундай муҳим вазифаларни амалга оширишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш институти — маҳалланинг ҳам муносиб ўрни бор. Албатта, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада кенгайтириш унинг қонунчилик тизимини мустаҳкамлашни тақозо этади. Шу боис янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун, энг аввало, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ролини оширишга қаратилган. Қолаверса, ушбу масалани ҳал қилишда маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтириш ваколатлари белгиланган.
Қонунда аҳолини  манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш мустаҳкамлаб қўйилган.
Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, никоҳ тўйларини ўтказишга кўмаклашиш, уйда ўтирган, ҳеч қаерда ишламайдиган оналарга, шунингдек, бюджет ташкилотларида ишлайдиган икки ёшгача фарзандлари бор оналарга ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нафақа тайинлаш ва тўлаш вазифалари шулар жумласидандир.     
Бундан ташқари, Қонун фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини бир қадар кенгайтиради. Унда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни аниқлаш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш кабилар белгиланган. 
Қонунда фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги маслаҳат марказларининг вазифа ва ваколатлари ҳам акс этган. Маслаҳат марказлари тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилмоқчи бўлган фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчилар учун қисқа муддатли курслар, яъни иқтисодиёт асослари, бухгалтерлик ҳисоб-китоби, ёшларнинг ишга жойлашишига, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кредит олишлари учун тегишли ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиши ҳақидаги қоидалар киритилган. Айни чоғда маслаҳат марказлари фаолиятини ташкил этишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фуқаролар йиғини билан ҳамкорлиги ҳақидаги нормалар назарда тутилган. 
Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида маҳалла институти ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун мамлакатимизда халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси ҳам мавжудки, бу, ўз навбатида, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг эркин фаолият юритишини асослайди. 
Мухтасар айтганда, маҳалла ўтган давр ичида аҳоли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш марказига айланди. Унинг ўсиб келаётган ёш авлод маънавиятини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, касаначиликни ривожлантириш, жойларда жамоатчилик назоратини ўрнатиш каби кенг қамровли фаолият юритаётгани мамлакатимизда кучли фуқаролик жамияти барпо этишда муҳим ўрин тутади. Бугун ҳаётнинг ўзи маҳаллани янада ривожлантиришни тақозо этмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, у жамият учун нуфузли ва ишончли таянч бўлиб хизмат қилиши керак. 
Парламент юқори палатаси ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган яна бир ҳуқуқий ҳужжат — “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўтишдан аввал, Конституциямизнинг 105-моддасига тўхталиш жоиз. Унда “Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди. Ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, фаолиятини ташкил этиш ҳамда ваколат доираси қонун билан белгиланади”, деб қатъий кўрсатилган.
Бугунги кунда ҳаётимизда юз бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар жараёни бу борадаги истиқбол режаларимизга таъсир ўтказмасдан қолмайди. Бинобарин, “Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида” Қонуннинг янги таҳрири, энг аввало, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган. Мазкур сайловлар учун таклиф этилаётган механизмда раис ва унинг маслаҳатчилари лавозимига катта ҳаётий тажрибага эга, аҳолининг ҳурмат ва ишончига сазовор бўлган энг муносиб фуқароларнинг сайланишини таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлаш ҳамда сайланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда очиқлик ҳамда ошкораликни ошириш назарда тутилган. 
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказишдаги ваколатлари кенгайтирилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Сенати Кенгашига сайловларни ўтказишнинг аниқ муддатини ва сайловларга тайёргарлик кўриш тадбирларини ўтказиш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилаяпти. Шунингдек, унда сайловларни ўтказиш даврида Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоли) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссия ташкил қилиниши ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилмоқда. 
Олий Мажлис Сенати Кенгашига оид мазкур ваколатларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантиради, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини шакллантириш жараёнида парламентнинг ролини кучайтиради. Ўз навбатида, бу билан жойларда сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш янада самарали йўлга қўйилади. 
Қонунда, шунингдек, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳини шакллантириш фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қарори билангина амалга оширилиши, уларнинг таркибига тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгаши депутатлари киритилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, ишчи гуруҳга аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда, фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси вазифасига номзодларни илгари суриш ҳуқуқи берилмоқда.    
Қонунга биноан,  ишчи гуруҳ фаолиятини тўғри ва тизимли ташкил этиш мақсадида уларга ҳовлилар, уйлар, кўчаларда яшовчиларнинг фуқаролар вакилларини сайлаш юзасидан умумий йиғилишини ташкил этиш ҳамда ўтказиш ва унинг баённомасини тузиш вазифаси юклатилмоқда. 
Қонунга биноан, фуқаролар йиғини раиси вазифасига номзодларга қўшимча талаблар белгилаб қўйилмоқда. Унга кўра, фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) вазифасига кўрсатилган номзодлар сайловнинг бошланишидан олдин фуқаролар йиғини олдида чиқиш қилиб, келажакдаги ўз фаолияти дастурини эълон қилиши керак. Қонун фуқаролар йиғинлари сайловларининг очиқлигини, шаффофлигини ва адолатлилигини таъминлаши шубҳасиз. 
Буларнинг барчаси Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганидан далолатдир. Зеро, маҳаллалар бугун фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Светлана ОРТИҚОВА, 
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва 
суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.

Чоп этилган сана: 26.03.2013 19:50:11
Янгиланган сана:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati