O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

МАСЪУЛИЯТ ВА ТАШАББУСКОРЛИК
ҳудудларни ижтимоий ривожлантиришда устувор аҳамиятга эга

Маълумки, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, амалдаги қонунчилик меъёрларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, сайловчилар манфаатини муҳофаза қилишда, шубҳасиз, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ташаббускорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Айнан шу муносабат билан жойларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ҳудудий масалаларни ҳал этишдаги ролига бағишланган семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

Ушбу семинар-тренинглар хусусида “Халқ сўзи” мухбирлари қуйидагиларни хабар беради.    
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган семинарда Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасининг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилиб, унда белгиланган вазифалар ижросига эътибор қаратилди. 
Таъкидланганидек, пойтахтимизда шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан қонунлар, ҳудудий дастурлар ижросини ўрганиш, ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, энг муҳими, шу муқаддас заминимизда ҳукм сураётган тинч-осойишта ҳаётни сақлаш каби кенг кўламли вазифаларни бажариш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 
Семинарда халқ депутатлари Кенгашининг маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органи сифатидаги мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди. 
— Ҳар бир депутат ўз фаолиятида масъуллик ва ташаббускорликка жиддий эътибор қаратиб, энг аввало, сайловчилар олдидаги мажбуриятларини бажариши мақсадга мувофиқдир, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзоси Тошпўлат Матибоев. — Семинарда  депутат халқнинг давлат ҳокимияти органларидаги ваколатли вакили эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу боис фаолиятимизни, энг аввало, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланишига, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг барқарор ривожланишига қаратишимиз лозим.
Тошкент вилояти ўқув семинарида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган ҳудудларни комплекс ривожлантиришни таъминлаш вазифаларидан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди. 
— Дарҳақиқат, ҳозирги қизғин давр ҳар бир депутатни фаоллик ва ташаббускорликка ундамоқда, — дейди халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Сирожиддин Аъзамов. — Бунга эришиш учун, аввало, депутат ҳудудий муаммоларни аниқлаш ва ўрганиш учун жойларда манфаатдор ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда иш юритиши ва сайловчилар билан мунтазам учрашувлар ўтказиши мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳаётнинг жуда кўп жабҳаларига оид катта-кичик муаммолар айнан сайловчи билан учрашганда юзага чиқади. Бу, ўз ўрнида, муаммо сабаблари ва уни ҳал қилиш йўлларини чуқур таҳлил этиш, амалдаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини мониторинг қилиш, энг муҳими, бу масалаларнинг ижтимоий аҳамиятига қараб, уларни маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига киритиш имконини яратади. 
Сирдарё вилоятида  ўтказилган семинар-тренингда  сўнгги йилларда жойларда депутатлар корпусининг фаоллиги ва ролини оширишда айрим ижобий натижаларга эришилаётгани айтилди.  Чунончи, ўтган даврда вилоятда фаолият кўрсатаётган жами 370 нафар депутатни ўзида бирлаштирган 12 та халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ва уларнинг 72 та доимий комиссиясининг фаолияти сезиларли даражада жонланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, қонунлар, давлат дастурлари ва ҳудудий дастурлар ижросини таъминлашнинг долзарб масалалари танқидий жиҳатдан кўриб чиқила бошлади ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳисоботлари тингланмоқда. 
— Ўтган йили ўтказилган доимий комиссиянинг йиғилишларида туман иқтисодий ҳаётига доир кўплаб масалалар кўриб чиқилди, — дейди халқ депутатлари Сирдарё тумани Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Умарқул Очилов. — Мисол учун, касаначилик ва сервис хизматини йўлга қўйиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича туман манзилли дастури ижросини таъминлашнинг ҳолати ўрганилганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва шу орқали аҳоли, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилгани маълум бўлди. Хусусан, умумий лойиҳа қиймати 6 миллиард 613 миллион сўм ва 12,8 миллион АҚШ доллари бўлган 31 лойиҳа амалга оширилиб, 481 иш ўрни яратилган.  
Шунингдек, семинар-тренингда ҳудудий муаммоларни ҳал қилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ҳамда сенаторлар фаолиятида айрим  камчиликларга йўл қўйилаётганига эътибор қаратилди.
Самарқанд вилоятида ташкил этилган ўқув-семинарда юртимизда узоқни кўзлаб олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижобий ўзгаришлар кузатилаётганига алоҳида урғу берилди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш, аҳолига муносиб ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган муҳим дастурлар қабул қилинишини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётгани ва ушбу жараёнда маҳаллий Кенгашлар ҳамда уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.  
Семинар-тренингда ўтган давр мобайнида вилоят Кенгаши сессиясига сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари томонидан кўплаб долзарб масалалар киритилгани қайд этилди. Бу, ўз навбатида, маҳаллий Кенгаш ва доимий комиссиялар фаолиятида сезиларли ўсиш кузатилаётганини кўрсатиб турибди. Айниқса, сайловчиларни қабул қилинган қарорлар мазмун-моҳиятидан бохабар этиш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида муайян тажриба тўпланганини ижобий баҳолаш мумкин.
Семинарда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда айрим камчиликлар мавжудлигига ҳам тўхталиб ўтилди. 
— Очиғини айтиш керак, айрим масалаларда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг иштироки сезиларли даражада бўлмаяпти, — дейди вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, алоқа, коммунал хўжалик ҳамда аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ўктам Саидмуродов. — Ушбу семинарнинг жонли мулоқот тарзида ўтказилиши, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича берилаётган таклиф ва тавсиялар, шубҳасиз, бундан кейинги фаолиятимизни самарали ташкил этишимизда муҳим омил ҳисобланади. 
Семинар-тренингларда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар манфаатларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ тегишли тавсиялар берилмоқда.

Зиёда АШУРОВА,
Fайрат ШЕРАЛИЕВ,
Шомурод ХОЛМУРОДОВ,
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Чоп этилган сана: 26.02.2013 18:50:11
Янгиланган сана:

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati