O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш

семинар ва семинар-тренглар

24.10.2013-29.10.2013

Сайлов юксак савияда ўтади

ЎзА, Х.Салимов, 28.10.2013 19:31

Чирчиқ шаҳрида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Тошкент вилоят комиссияси томонидан семинар-йиғилиш ўтказилди. 

Халқ депутатлари Тошкент вилояти, шаҳар ва туман кенгашларининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялари, ишчи гуруҳлари, фуқаролар йиғинларидаги ишчи гуруҳлари раислари, ташкилий-назорат гуруҳлари раҳбарлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар, туман бўлинмалари раҳбарлари иштирок этган тадбирда сайловга тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар, унда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар хусусида сўз юритилди.

Йиғилишда вилоятдаги ўзини ўзи бошқариш органларида сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бўлажак сайловда вилоятда 1157 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 11 минг нафардан ортиқ маслаҳатчиси сайланади. Бу вазифаларга обрўли, ҳар томонлама муносиб номзодлар кўрсатилишини таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда.

Тадбирда сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссия ва ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари, муносиб номзодлар кўрсатишнинг аҳамияти ҳамда сайловни ўтказиш тартибига бағишланган маърузалар тингланди.

***

Маҳалла обод – мамлакат обод

ЎзА, Т.Бекназаров, 29.10.2013 15:36

Бугунги кунда Жиззах вилоятида 306 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини Жиззах вилояти қишлоқ ва маҳаллаларининг янада обод бўлиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу ўзгаришлар маҳаллаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида, барпо этилаётган янги ижтимоий, маданий, ишлаб чиқариш иншоотларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар маҳаллаларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш билан бирга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Вилоятда 1 минг 600 дан зиёд намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар барпо этилиб, йигирмадан ортиқ янги маҳаллалар ташкил этилди. Массивларда коммунал, савдо, маданий-маиший мажмуалар, кенг ва равон йўллар барпо этилаётгани аҳолига катта қулайлик яратмоқда.

– Маҳалламизда намунавий лойиҳалар асосида қурилган 50 янги уй-жой билан бирга замонавий инфратузилма иншоотлари, болалар спорт майдончаси ташкил этилгани одамларимизнинг дунёқарашини, ҳаётга муносабатини ўзгартирмоқда, – дейди Ғаллаорол тумани Сарбозор маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Шарофат Элмуродова. – Бу Юртбошимиз томонидан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.

Маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Обод турмуш йили” Давлат дастури асосида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан фуқаролар йиғинлари махсус мебель ва компьютер жамланмалари билан таъминланди.

Бундай эзгу ишлар фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчиларининг обрў-эътибори ва масъулиятини оширмоқда.

Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган сайловларда 306 маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 3 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланади. Айни кунларда вилоятда ушбу ижтимоий-сиёсий жараёнга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

***

Муаммога маҳаллада ечим топилмоқда

ЎзА, Ғ.Ҳасанов, 29.10.2013 14:56

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалар кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш, маънавий муҳит барқарорлигига эришиш каби муҳим масалаларда маҳалла фуқаролар йиғинларининг ўрни ва роли ортиб бормоқда. “Обод турмуш йили” Давлат дастурида ҳам ушбу йўналишда муҳим вазифалар белгиланиб, амалга оширилаётир.

Дастур ижроси юзасидан Самарқанд вилоятида олиб борилаётган ишлар ҳамда жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик ҳақида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси Шавкат ЖОНИҚУЛОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аввало инсон, унинг манфаатлари мужассам. Қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда ҳам инсон омили биринчи ўринга қўйилган. Бу жиҳат йилларнинг номланишидан келиб чиқиб қабул қилинаётган давлат дастурларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, “Обод турмуш йили” Давлат дастурида маҳалла институтини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, ёш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллалар, уй-жой мавзелари ташқи кўринишини сифат жиҳатидан яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини ҳал этишда уларнинг роли ва аҳамиятини ошириш муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Ушбу мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва унинг қуйи тизимлари томонидан муайян ишлар амалга оширилди.

Кам таъминланган оилалар, якка-ёлғизлар, ногиронларнинг турмуш даражасини ошириш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиши учун уларга ўн минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, қарийб 42 миллион сўмлик сабзавот ва полиз экинлари уруғи тарқатилди. Шу билан бирга, аҳолининг деҳқончилик маданиятини ошириш ва томорқа имкониятларидан унумли фойдаланишига эришиш мақсадида мутахассислар иштирокида маҳаллаларда кўчма семинарлар ташкил этилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида йил давомида бозорларда нарх-наво барқарорлиги таъминланиб, маҳсулотлар тақчиллиги кузатилмади. Муҳими, ўз томорқасига эга барча оилалар қиш ва баҳор ойлари учун етарли миқдорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жамғариб қўйди.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда фуқаролар йиғинлари томонидан қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва бошқа тиббиёт муассасаларига яқиндан кўмак бериб келинмоқда. Бу борада соҳа ходимлари билан ҳамкорликда вилоятдаги ҳар бир маҳаллада тушунтириш ишлари олиб борилди. Ургут, Тайлоқ, Каттақўрғон ва Қўшработ туманларида соғломлаштириш ҳафталиклари ташкил этилди.

Дастур асосида йилнинг ўтган даврида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда туман ва шаҳарлардаги кам таъминланган оилалар фарзандларига 68 миллион сўмлик кийим-кечаклар совға қилинди. Ҳомийлар жалб этилган ҳолда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила фарзандларини кийим-кечак ва ўқув қуроллари билан таъминлашга ёрдам кўрсатилди. Олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида таълим олаётган 11 нафар ногирон ҳамда ота-онасиз талабалар учун фонд вилоят бўлими ҳисобидан 24 миллион сўм контракт пуллари тўлаб берилди.

Фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маҳаллаларда болалар спорт майдончалари ва дам олиш боғлари ташкил этиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 161 фуқаролар йиғинига компьютер жамланмаси, 89 маҳаллага мебель жиҳозлари берилди. Самарқанд шаҳридаги Тўпхона маҳалласида замонавий типдаги болалар спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Умуман, йил давомида вилоят бўйича 182 болалар спорт майдончаси ва 42 болалар майдончаси замонавий талаблар асосида таъмирланди.

Албатта, бундай кенг кўламли ишларни амалга ошириш, маҳалла аҳлини бирлаштириб, эзгу мақсадлар сари сафарбар этиш фуқаролар йиғини раиси ва фаолларидан юксак ташаббускорлик, масъулият талаб қилади. Шунинг учун бугун юртдошларимиз ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига алоҳида эътибор билан қарамоқда. Кимни оқсоқолликка сайлаш, унинг ёнида кимлар ҳамжиҳат бўлиб ишлаши мумкинлигини пухта ўйлаб, номзодлар танланмоқда.

Мазкур жараёнда вилоятимиздаги 14 шаҳарча, 123 қишлоқ ва 1105 маҳалла фуқаролар йиғинларида оқсоқол ва унинг маслаҳатчилари сайланади. Бу вазифаларга халқ ишонган, муносиб номзодлар сайланиши учун маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялари томонидан жойларда семинарлар ташкил этилиб, бу галги сайловнинг ўзига хос хусусиятлари аҳолига тушунтирилмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўтказиладиган сайловлар том маънодаги демократия кўзгуси бўлиб, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим омили сифатида намоён бўлади. Шу боис ушбу муҳим тадбирда ҳар бир фуқаронинг фаол қатнашиши, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши сайловларнинг қонун талаблари асосида ўтиши ва энг муносиб номзодларнинг сайланишига хизмат қилади.

***

Сайловга ҳозирлик қизғин

ЎзА, Ғ.Ҳасанов, 25.10.2013 17:56

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси томонидан семинар-йиғилиш ўтказилди.

Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялари, ишчи гуруҳлари, фуқаролар йиғинларидаги ишчи гуруҳлари раислари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар, туман бўлинмалари раҳбарлари иштирок этган тадбирда сайлов жараёнига тайёргарлик ишлари, унда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида сўз юритилди.

Бугунги кунда вилоятдаги 1242 ўзини ўзи бошқариш органларида сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан зарур тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 18-22 октябрь кунлари шаҳар ва туманлар кўмаклашувчи комиссиялари ҳамда ишчи гуруҳлари учун жойларда минтақавий ўқув-семинарлар ташкил этилди.

Вилоят кўмаклашувчи комиссияси, унинг қошидаги ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда услубий қўлланма ишлаб чиқилди ва шаҳар, туманлар кўмаклашувчи комиссиялари, барча ишчи гуруҳларига тарқатилди.

***

Маҳаллаларга компьютерлар топширилди

ЎзА, Х.Маматрайимов, 24.10.2013 12:06

Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоятидаги 260 маҳалла фуқаролар йиғинига қиймати 465 миллион сўмликдан ортиқ замонавий ахборот-коммуникация технологияларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маҳалла институтини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Маҳалланинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро алоқалари мустаҳкамланиб, вазифалари кенгайиб бораётир. У давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб борадиган мустаҳкам тузилмага, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айланмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари маҳаллий ҳокимликлар ваколатидаги ўттиздан ортиқ вазифани изчил амалга ошираётгани бунинг тасдиғидир. Маҳаллаларнинг компьютер жиҳозлари билан таъминланаётгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Бугунги кунда вилоятда 832 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Обод турмуш йилида ўзини ўзи бошқариш органларининг нуфузини янада ошириш, уларга етарли шарт-шароит яратиб, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 21 маҳалла фуқаролар йиғини барча қулайликларга эга замонавий бино билан таъминланди. 26 маҳалла идораси жорий, учтаси капитал таъмирланди. Маҳалла фуқаролар йиғинларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва мебель жиҳозлари билан таъминлаш учун етти юз миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Обод турмуш йилида тоғли, олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тоғли Сариосиё туманида 11 қишлоқ ва 58 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларинг деярли барчаси компьютер тўпламлари билан таъминланди. Мазкур тадбирда яна учта чекка маҳаллага компьютер жиҳозлари топширилди.

– Маҳалламиз туман марказидан узоқда жойлашган, – дейди “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамроқул Бобоназаров. – Обод турмуш йилида уч километр йўлга асфальт ётқизилиб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тубдан яхшиланди. 3 минг 200 киши истиқомат қилаётган маҳалламизда бешта фермер хўжалиги, 12 кичик бизнес субъекти фаолият юритаётир. 23 иссиқхонада қишин-ёзин турли озиқ-овқат маҳсулотлари парваришланмоқда.

Яқинда бўладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловигача вилоятдаги беш юз маҳалла фуқаролар йиғини қиймати 215 миллион сўмликдан ортиқ замонавий мебеллар тўплами билан жиҳозланади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Н.Чориев сўзга чиқди.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati