O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Изчил ислоҳотлар омили

 

23.08.2013

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида бугунги куннинг долзарб масалалари, хусусан, экологик барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, Ватанимиз ободлиги ва осойишталигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя этишга қаратилган кўплаб масалалар муҳокама қилинмоқда.

Мухбиримиз сенаторлар билан суҳбатлашиб, муҳокама қилинган масалаларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти билан қизиқди.

Хамрабой РАЗЗАҚОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси:

— Сўнгги қирқ йил давомида Сурхондарё вилояти чегара туманлари иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалигига “Талко” ДУК ишлаб чиқариш фаолияти салбий таъсир кўрсатмоқда. Зеро, завод йилига ўртача 22-23 минг тонна ифлослантирувчи моддаларни чиқармоқда. Сенат ялпи мажлисида Сурхондарё вилояти чегара туманларида ҳалокатли вазиятни тасдиқлайдиган рақамлар айтиб ўтилди. Биз Тожикистон алюминий корхонаси фаолиятини унда технологик жараёнлар ва газ тозалаш иншоотларини тўлиқ модернизация қилиш масаласи ҳал қилингунга қадар тўхтатиб туриш керак, деб ҳисоблаймиз. Биз, шунингдек, мазкур муаммога халқаро ташкилотлар эътиборини жалб қилишимиз, самарали ва аниқ экологик назоратни таъминлашимиз лозим.

Мансур ЮЛДАШЕВ,
Самарқанд вилоятидаги Пахтачи педагогика коллежи директори:

— Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш зарурати белгиланган эди. Ана шу талаб асосида ишлаб чиқилган мазкур Қонун Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг суръати ва мантиқий талабларига мос бўлиб, эркин бозор иқтисодиёти муносабатларини янада равнақ топтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатимизда молия хизматлари ривожи, гаров реестри тизимини такомиллаштириш, тадбиркорлик соҳасида кредит рискларининг камайиши, кредиторлар манфаатларининг кучлироқ ҳимоя қилиниши банк-молия тизими рейтингини янада оширишда катта аҳамиятга эга.
Қонунда ягона маълумотлар базаси кўринишидаги таъминотлар реестрини ташкил этиш, реестр сақловчисини, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, реестрда рўйхатга олинадиган таъминот турларини аниқлаш ҳамда активлар эгалари, шунингдек, кредиторлар ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш назарда тутилаётгани ҳам эътиборга молик. Буларнинг барчаси кредит рискларини камайтириб, кредиторлар манфаатларини муҳофаза қилиш механизмларини мустаҳкамлайди. Айниқса, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш, фойдаланувчиларни сифатли хизматлар билан таъминлашни кўпайтириш назарда тутилаётгани бугунги давр талабларига тўла мос келади.

Халида АЛИМОВА,
Жиззах вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази бош шифокори:

— Мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Сенаторлар томонидан маъқулланган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатимизда ОИВ тарқалишига қарши курашиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу вазифага нафақат давлат тузилмалари, балки жамоат ташкилотлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам кенг жалб қилинган.
Қонун билан ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг, шунингдек, ОИТСга қарши кураш марказларининг вазифа ва ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ҳужжатда ОИВни юқтириб олганларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар акс этган нормаларга ҳам алоҳида урғу берилаяпти. Унда махсус даволашни бепул амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Қонуннинг алоҳида бўлимида ОИВни юқтириб олганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ижтимоий ҳимояси ўз аксини топган.

Қудратали ТУЙЧИЕВ,
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Юксалиш саховати” фермер хўжалиги раҳбари:

— Маҳсулотлар, жараёнлар, ишлар ва хизмат кўрсатиш соҳасида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, товарларнинг сифати ва рақобатдошлигини ошириш, шунингдек, савдода техник тўсиқларни бартараф этиш мамлакатимиз давлат сиёсатининг устувор вазифаси ҳисобланади. Бугун юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб ортмоқда. Айнан маҳсулотларнинг сифати ошганлиги боис мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти юксалди. Бунда, шубҳасиз, халқаро стандартларнинг жорий қилингани муҳим аҳамият касб этди. Сенаторлар томонидан маъқулланган “Мувофиқлашни баҳолаш тўғрисида”ги Қонун республикада ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар хавфсизлиги, сифати ва рақобатдошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, шунингдек, ички бозорни хавфли маҳсулотлардан ҳимоялаш, халқаро савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатимизнинг синов калибрлаш ва қиёслаш лабораториялари, сертификатлаштириш идоралари, инспекция ҳамда мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги бошқа ташкилотлар фаолияти натижаларининг халқаро даражада тан олинишини таъминлашга хизмат қилади.

Сайёра АБДИКАРИМОВА,
Хоразм вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Юртимизда мустақиллик йилларида жамият ҳаётининг турли жабҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. Айни пайтда миллий ҳуқуқий тизимимизни, жамият ҳаётининг барча соҳаларини тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муфассал кўриб чиқилди.
Маълумки, аҳолини, айниқса, ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан тўлиқ таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Шу боис Қонунга биноан, бир қатор қонун ҳужжатлари билан бирга, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига муайян ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариши ва самарадорлигини ошириши шубҳасиз.
Қонуннинг барча ҳудудлар қатори Хоразм вилояти аҳолиси манфаатлари нуқтаи назаридан ҳам аҳамияти беқиёсдир. Чунончи, мазкур ҳуқуқий ҳужжат ҳудудимиз аҳолиси, айниқса, эртанги кунимиз эгалари бўлмиш минглаб йигит-қизларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини таъминлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Икром КАРАТАЕВ,
Сайхунобод туманидаги “Қоратой Мирзаев” фермер хўжалиги раҳбари:

— Айни кунларда мамлакатимиз аҳолиси энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг 22 йиллигини “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида муносиб кутиб олишга ҳозирлик кўрмоқда. Ҳар бир ҳудудда беқиёс янгиланишлар, улкан бунёдкорлик ишлари авжида. Албатта, буларнинг барчаси турмушимизнинг янада фаровон бўлишини, шаҳару қишлоқларимиз ободлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан айтганда, парламент юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилаётган масалалар давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган устувор вазифаларни рўёбга чиқариш, аҳоли фаровонлиги, юртимиз иқтисодиётининг янада юксалишига қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Айниқса, аҳоли саломатлигини асраш, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий эттириш, тадбиркорларга тегишли шароитлар яратиш, қисқача айтганда, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларнинг қонунчилик асосини мустаҳкамлаши, шубҳасиз, юртимизда фуқаролик жамияти изчил шакллантирилаётганидан далолатдир.

Қ. ХИДИРОВ

Янгиланган сана:

Ўзбекча | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati