O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Сенатор Юлчибой ТУРСУНБОЕВ
ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ИШТИРОКЧИЛАРИ МАСЪУЛИЯТИ ВА ҚОНУНЧИЛИК

Сенатор Юлчибой ТУРСУНБАЕВЎзбекистонда бозор иқтисодиётини барпо этиш даврида барча хўжалик тармоқларида жадал ўсиш, юқори технологик ривожланишни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу йўлда босқичма-босқич изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар эса ўзининг ёрқин самараларини намоён этмоқда. Жумладан, автомобиль саноати соҳасида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.

Бугунги кунда автомобиллар мамлакат транспорт тизимининг асосий қисмига айланди. Фақатгина сўнгги ўн йилда республика йўлларида ҳаракатланадиган енгил автомашиналар сони деярли бир ярим баробарга кўпайди. Бундай юқори транспорт оқими шароитида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Юртимизда йўллардаги хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилган. Чунончи, “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги, “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонунлар, Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати Қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу  жумладан, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун 1999 йилда амалиётга жорий этилган бўлиб, бугунги кун талаблари ушбу ҳуқуқий ҳужжатни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқиш учун парламент қуйи палатаси томонидан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири тақдим этилди. У аҳоли ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкларини, мухтасар айтганда, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Таклиф этилаётган янгиликлар қаторида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принципларига оид модда бор. Унда бошқа принциплар қатори фуқаро ҳаёти ва саломатлиги устуворлиги, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятнинг тизимлилигини мустаҳкамлаш назарда тутилаяпти.
Маълумки, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда кенг жамоатчилик катта роль ўйнайди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга оширишда жамоатчилик назоратининг ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этади. Ушбу дастуриламал ҳужжатда фуқаролик жамияти институтларининг обрўси ошиб, мавқеи мустаҳкамланиб боргани сари уларнинг давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ўрни жамиятимизда тобора ортиб боришига алоҳида эътибор қаратилган. Қонуннинг янги таҳририда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг соҳадаги тадбирларни амалга оширишда иштирок этишини таъминлашга оид норма киритилмоқда.
Ушбу Қонунга мувофиқ, жамоатчилик ташкилотлари, фуқаролар йиғинлари вакиллари жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, ваколатли ташкилотларга йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ҳамда ҳужжатлаштиришни такомиллаштиришга оид таклифлар киритиши, профилактика тадбирларида, соҳага оид муҳим қарорларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин. Ишончимиз комилки, бу йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширади.
Йўл ҳаракати хавфсизлигининг яна бир муҳим омили йўлларнинг аҳволидир. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳодисалари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, йўл қопламасининг зарарланиши, чуқурлар ва бошқалар кўпинча хавфли авария ҳолатларининг келиб чиқишига сабаб бўлаётир. Шунинг учун янги таҳрирдаги Қонунда автомобиль йўллари ҳолатини яхшилашга оид моддалар сезиларли равишда ўзгартирилган. Қонун йўлларни лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни сақлашга оид нормалар билан тўлдирилмоқда. 
Йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлларни сервис объектлари билан жиҳозлаш талаблари ҳам такомиллаштирилмоқда. Йўллар бўйида шундай объектлар, қолаверса,  тиббиёт ва алоқа муассасаларининг мавжудлиги ҳамда жойлашуви, тегишли йўл участкаларида ҳаракатланишнинг хавфсиз шароитлари  ҳақидаги маълумотлар бўлиши шарт.
Қонуннинг янги таҳририда йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, уларнинг тегишли органларга йўл белгилари, ишоралари, светофорлар жойини ўзгартириш ва ўрнатиш бўйича таклифлар билан, йўл қопламаси ҳолати ва бошқалар ҳақида мурожаат этишларига оид ҳуқуқи белгиланмоқда. 
Транспорт воситаларидан фойдаланишга оид фаолият тури билан шуғулланувчи юридик шахсларга нисбатан асосий талаблар янада аниқлаштирилган. Хусусан, Қонунда корхоналар ўзларига тегишли транспорт воситалари иштирокида содир бўлган йўл транспорти ҳодисаси ва йўл ҳаракати қоидалари бузилиши сабабларини таҳлил қилиши, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиши, улар томонидан фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш бўйича мажбурият бажарилишини таъминлашга масъуллиги кўзда тутилган. Фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг ходимларини ўқитиш, мазкур ходимлар малакасини ошириш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва уларнинг билимларини текшириш алоҳида моддада белгилаб қўйилмоқда. 
“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза этишга оид ҳуқуқий асосларни ривожлантиришга, автотранспорт воситалари бўлган корхона ва ташкилотлар масъулиятини оширишга, энг муҳими, йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтиришга хизмат қилади.

Юлчибой ТУРСУНБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.

Чоп этилган сана: 26.03.2013 19:50:11
Янгиланган сана:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati