O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш

семинар ва семинар-тренглар

22.10.2013

Амалий семинар

ЎзА, Х.Маматрайимов, 23.10.2013 16:08

Термиз шаҳрида “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вилоятдаги туманлар, шаҳарлар сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар раислари ва аъзолари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмалари вакиллари, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш ишчи гуруҳлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллашиб, вазифалари кўлами кенгайиб бораётгани таъкидланди. Маҳалла институти билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамкорлигини янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар маҳаллалар тинчлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2013 йил 12 сентябрдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган сайловларда вилоят бўйича 832 маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 8 минг 400 нафардан ортиқ маслаҳатчиси сайланади. Бу вазифага обрў-эътиборли, муносиб номзодлар кўрсатилишини таъминлаш ва сайловни юксак савияда ўтказиш учун жойларда 832 ишчи гуруҳи тузилган.

Семинарда халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутадиган ушбу сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сайловга кўмаклашувчи комиссиялар ва сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларининг асосий вазифалари ҳақида батафсил сўз юритилди.

***

Муҳим жараёнга бағишланган семинар

ЎзА, Ф.Убайдуллаев, 23.10.2013 11:03

Андижонда шу йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий ва ҳуқуқий асослари мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбирда сайловни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман, шаҳар комиссиялари раислари, ишчи гуруҳлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг жойлардаги бўлимлари вакиллари иштирок этди.

Семинарда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунларини ҳаётга татбиқ этиш, сайловни белгиланган тартиблар доирасида ўтказиш, номзодларга қўйиладиган талаблар, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, хусусан, маҳалла институтининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш орқали ўзини ўзи бошқариш органлари ишини ривожлантириш масалалари хусусида сўз юритилди.

– Сайловнинг демократик, ошкоралик ва тенглик тамойиллари асосида ўтиши, муносиб номзодларни танлаб олиш жойларда ташкил этилган кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлари фаолиятига боғлиқ, – дейди фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси Тўлқинжон Каримов. – Бинобарин, сайловларда оқсоқоллар ва уларнинг маслаҳатчилари энг муносиб фуқаролар ичидан сайланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Семинарда сайловни ташкил этиш тартиби, сайловни ўтказишга кўмаклашувчи туман, шаҳар комиссиялари ҳамда ишчи гуруҳларининг вазифалари, маҳалла раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар кўрсатиш тартиби юзасидан тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

***

Сайловга пухта ҳозирлик кўрилмоқда

ЎзА, А.Сатторов, 22.10.2013 17:30

Наманганда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, шаҳар ва туман комиссиялари раислари, маҳалла фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2013 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбирда "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги ҳамда "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

– Сайловларнинг юқори савияда, ошкоралик, муқобиллик ва тенглик тамойиллари асосида ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилаётир, – дейди фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси П.Маткаримов. – Барча ташкилий ишлар белгиланган тартибда олиб борилмоқда.

Семинарда ишчи гуруҳларини зарур қўлланма ва адабиётлар билан таъминлаш, аҳолининг сайлов жараёнларидаги фаоллигини ошириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

***

Сайловлар – демократия кўзгуси

ЎзА, Э. Ёдгоров, 22.10.2013 17:25

Бухорода фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнга тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Республика ва вилоят комиссиялари аъзолари Президентимиз раҳнамолигида маҳаллаларни аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказларига айлантириш, ушбу институтнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш борасидаги вазифаларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу маҳалланинг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Семинарда сайловга кўмаклашувчи комиссиялар, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларининг вазифалари, сайловни ўтказиш тартиблари ва унинг якунларини чиқариш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтадиган сайловда вилоятда 550 маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 6000 нафарга яқин маслаҳатчиси сайланади. Вилоятда сайловни уюшқоқлик билан ташкил этиш, оқсоқоллар ва уларнинг маслаҳатчилари этиб энг муносиб номзодларни сайлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи М.Эсонов сўзга чиқди.

***

Сайлов демократик тамойиллар асосида ўтади

ЎзА, Ғ.Ҳасанов, 22.10.2013 11:21

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган ҳудудий семинар ўтказилди.

Унда Иштихон, Қўшработ, Оқдарё ва Пайариқ туманларидаги сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар аъзолари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун-моҳияти, ўтказилажак сайловлардаги аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди. Сайловларнинг ўзига хос хусусиятлари, комиссиялар олдида турган вазифалар, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида тузилган ишчи гуруҳларининг масъулияти каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

– Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Пайариқ туман бўлинмаси раиси Сайдулла Бойзоқов. – Бу жараёнда аҳолининг фаоллигини ошириш мақсадида ҳудудларда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Семинарда сайловни қонун талаблари ва демократик тамойиллар асосида ўтказиш бўйича тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati