Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори

 

Тожикистон “Талко” ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари тўғрисида

Ўзбекистон Олий Мажлисининг қуйи ва юқори палаталари муҳокамасига мамлакат Экологик ҳаракати ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим этилган “Талко” ДУК зарарли чиқиндиларининг атрофдаги экологик муҳитга ва аҳолининг саломатлигига тобора кучайиб бораётган салбий таъсирини чуқур ўрганишга доир материаллар ушбу чиқиндилар таъсирини йўқотиш бўйича шошилинч чоралар кўриш масаласини ғоят зарур муаммо сифатида кун тартибига олиб чиқмоқда.

Тожикистон Республикасининг Турсунзода шаҳрида 1975 йилда қурилган, ишлаб чиқариш технологияси эскириб кетган, тозалаш тизими самарасиз бўлган алюминий корхонаси ҳар йили атмосферага 22-23 минг тоннага яқин ифлослантирувчи моддаларни, шу жумладан, 200 тоннадан ортиқ ғоят хавфли ҳамда одамлар саломатлиги ва атроф-муҳит учун зарарли бўлган фторли водородни чиқариб ташламоқда. Ҳозирги вақтда “Талко” ДУК фаолияти натижасида Сурхондарё вилоятининг шимолий туманлари ҳудудида атмосфера ҳавосидаги фторли водороднинг миқдори йўл қўйиладиган энг юқори концентрациядан (ЙҚЮК) ўрта ҳисобда 1,8-2 баравар, ёз ойларида эса 3,4 баравар ошиб кетмоқда.

Ушбу зарарли моддаларнинг талай қисми ҳаво оқими билан теварак-атрофга, шу жумладан, Ўзбекистоннинг Денов, Сариосиё, Узун ва бошқа туманлари ҳудудига ўтиб, минтақанинг минг йиллар давомида шаклланган экологик тизимини бузмоқда, шунингдек, бу ерда зич яшаётган 1 миллионга яқин аҳолининг соғлиғига ўнглаб бўлмайдиган даражада зарар етказмоқда.

Муаммонинг моҳияти шундаки, таркибида фтор бирикмалари, заҳарли газлар – карбон, олтингугурт оксидлари, углеводородлар ва бошқа зарарли моддалар жуда кўплиги билан ажралиб турувчи “Талко” ДУКнинг чиқиндиларидан атрофдаги аҳоли жабр кўрмоқда ва, биринчи навбатда, сурункали эндокрин ва суяк-мушак тизими, юқори нафас олиш йўллари касалликларидан, туғма аномалиялар ва флюороздан, шунингдек, онкология касалликларидан азоб чекмоқда.

Болалар ўртасида патологик касалликлар кўпайиб бораётганлиги, айниқса, хавотирга солмоқда. Охирги беш йилда Сариосиё туманида болаларнинг ўлик туғилиши ҳоллари 7,7 баравар кўпайган. Сариосиё туманида 175 минг аҳолининг 42 мингдан кўпроғи эндокрин касалликларга чалинган, Узун туманида яшайдиган 150 минг кишининг 100 мингга яқини эса турли ўзига хос хасталикларга дучор бўлган. Умуман олганда, Тожикистон алюминий корхонаси чиқиндиларининг трансчегаравий таъсирига учраган туманларда болаларнинг ҳам, катта ёшли аҳолининг ҳам касалланиши патологик бузилишларнинг қайталаниши жиҳатидан Сурхондарё вилоятидаги ўртача даражадан 3 баравар юқори.

Минтақанинг иқтисодиёти, қишлоқ хўжалигига жуда катта кўламда зарар етказилмоқда.

Алюминий корхонасининг зарарли чиқиндилари билан атмосфера, тупроқ, сув ресурслари ифлосланмоқда. Натижада боғлар барбод бўлмоқда, сабзавотлар, мевали дарахтлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги пасаймоқда. Сариосиё, Узун ва Денов туманлари ҳудудида охирги 20 йилда сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги 27-46 фоизга, полиз экинларининг ҳосилдорлиги 24,4 фоизга, узумзорлар ҳосилдорлиги 37,8 фоизга пасайиб кетди, ушбу минтақа учун анъанавий бўлган пиллачилик деярли барҳам топди.

Фторидларнинг сабзавотлар ва меваларда, бошқа ўсимликларда тўпланиши йўл қўйиладиган энг юқори концентрациядан (ЙҚЮК) 11-19 баравар, буғдойда тўпланиши 5-6,5 баравар юқори. Ҳайвонлар организмида ўнгланмас физиологик ўзгаришлар юз бермоқда – уларнинг тишлари тушиб кетмоқда, илик суяклари қийшайиб кетмоқда, бўғимлар зарарланмоқда, шунинг натижасида йирик ва майда моллар бош сони қисқармоқда, соғиб олинаётган сут миқдори камаймоқда, гўшт-сут маҳсулотларининг сифати ёмонлашмоқда. Тадқиқотлар натижасида сут таркибидаги фтор нормадан 9-13 баравар, гўшт таркибида 10,9 фоиз юқори эканлиги аниқланган. Буларнинг барчаси одамлар ҳаёти ва соғлиғига жиддий таҳдид туғдирмоқда.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг баҳолашича, “Талко” ДУК томонидан биргина охирги 5 йилнинг ўзида етказилган умумий иқтисодий зарар 447,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шу билан бирга, алюминий корхонасининг деярли 40 йиллик фаолияти давомида минтақа иқтисодиётига, одамлар соғлиғига ва атроф-муҳитга етказилган ҳақиқий зарарни аниқлашнинг имкони йўқ.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон томони доимий равишда мурожаат қилаётган бўлишига қарамай, Тожикистон томонидан халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари, шу жумладан, Атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича декларациянинг (Рио-де-Жанейро, 1992 йил 14 июнь) қоидалари, шунингдек, икки томонлама битимлар доирасида қабул қилинган халқаро мажбуриятлар бажарилмаётир.

Чунончи, Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлари депутатлик гуруҳлари қўшма мажлисининг 1991 йилда қабул қилинган қарори бажарилмай қолиб кетди. Бу қарорга мувофиқ заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини қисқартириш, шу жумладан, 100 та электролизер ишини тўхтатиш, “экологик нохушлик ўчоғини зарарсиз ишлаб чиқаришга айлантириши ҳамда иккала республика аҳолисини, Сурхон ва Ҳисор воҳаларида истиқомат қилаётган миллатлар вакилларини экологик ҳалокатдан асраб қолиши” керак бўлган бошқа тадбирларни рўёбга чиқариш назарда тутилган эди.

1994 йил 17 ноябрдаги “Тожикистон алюминий заводининг салбий таъсир зонасидаги экологик вазиятни яхшилашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро Битими ҳам бажарилмай қолиб кетди.

Мустақил экспертлар, халқаро табиатни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хулосасига кўра, минтақада экологик вазият ёмонлашиб бораётганлиги жиддий ташвиш туғдирмоқда.

Айни пайтда атроф-муҳитни ифлослантириб, минтақадаги экологик вазиятни мушкуллаштиришга чек қўйишга доир зарур чоралар қабул қилишга чақираётган халқаро жамоатчилик, халқаро экологик ташкилотларнинг талаблари бутунлай эътиборга олинмаётир. Чунончи, “Талко” ДУК трансчегаравий чиқиндилари Сурхондарё вилоятининг шимолий туманлари атроф-муҳитига ва аҳолиси соғлиғига ҳалокатли таъсир кўрсатаётганлиги туфайли вужудга келган экологик вазият муносабати билан ушбу масалани ўз мажлисида кўриб чиққан Бельгия парламентининг аъзолари, Латвия парламентининг депутатлари, БМТ атроф-муҳит бўйича дастурининг (ЮНЕП), Европа ва Осиёдаги бир қатор экологик жамоат ташкилотларининг экспертлари салбий фикр билдирдилар.

2012 йилда Жаҳон банки шафелигида ўтказилган аудиторлик текширувларининг материаллари “Талко” ДУК асосий ишлаб чиқариш техникасининг ресурслари тугаганлигидан, ускуналарнинг табиий равишда жисмонан эскириши юз берганлигидан, асосий ишлаб чиқаришни модернизация қилиш тугалланмаганлигидан, шу тариқа унинг хавфсизлиги ва экологик жиҳатдан тозалиги таъминланмаганлигидан далолат беради.

Халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг минтақада экологик вазият ёмонлашиб бораётганлиги ҳақидаги кўп сонли хулосаларига қарамай, Тожикистон томонидан турли даражаларда тақдим этилаётган материалларда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мурожаатига Тожикистон парламенти қуйи палатаси – Мажлиси намояндагон Мажлиси Оли раҳбариятининг 2013 йил 10 июндаги жавобида экология соҳасида вужудга келаётган вазият ҳамда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича оғирлашиб бораётган аҳвол инкор этилади. Айни вақтда мустақил экспертларнинг материалларида қайд этилаётган амалдаги ҳолат, шунингдек, Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эпидемиология ва гигиена илмий-тадқиқот институти ҳамда профилактик тиббиёт илмий-тадқиқот институти каби Тожикистоннинг нуфузли институтлари томонидан олиб борилган изланишлар “Талко” ДУК чиқиндиларининг таъсир зонасида вазият оғирлашиб бораётганлигидан далолат беради. Хусусан, Тожикистоннинг Турсунзода тумани, Ҳисор водийсидаги текширувдан ўтган катта ёшли аҳолининг умумий касалланиши, шунингдек, болаларда флюороз тарқалиши, аҳоли пункти “Талко” ДУКдан қай даражада узоқдалигига қараб 2001 йил ҳолатига кўра, 46 фоиздан 16,1 фоизгача ўзгаради. Тожикистоннинг Турсунзода туманида болалардаги туғма аномалиялар бошқа ҳудудлардагига қараганда уч баравар кўп учрайди.

Ўз-ўзидан равшанки, тобора оғирлашиб бораётган, Тожикистоннинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам экологияси ва аҳолиси соғлиғига катта зарар етказаётган шундай кенг кўламли муаммога бундай муносабатни нормал деб ҳисоблаш мумкин эмас.

“Талко” ДУК саноат чиқиндиларининг ҳалокатли таъсирини камайтириш мақсадида Ўзбекистонда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина 2010-2012 йиллар даврида Сурхондарё вилоятининг Денов, Сариосиё, Узун ва Олтинсой туманларида энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган бир қатор кўп тармоқли туман поликлиникалари ва даволаш-профилактика муассасалари фойдаланишга топширилди, 54 та қишлоқ врачлик пункти (ҚВП) ташкил этилди. Ушбу масалаларни ҳал қилишда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2013-2017 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастури катта аҳамиятга эга.

“Талко” ДУК ишлаб чиқариш фаолияти туфайли оғир сурункали ва патологик касалликлардан, экологик муҳитнинг ўнглаб бўлмас даражада ўзгаришларидан жафо чекаётган одамларнинг соғлиғига ва аҳоли генофондига етказилаётган жуда катта зарарнинг кўлами тобора кенгайиб бораётганлигидан қаттиқ ташвиш билдириб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари қуйидагиларни кечиктириб бўлмайди, деб ҳисоблайдилар:

Биринчидан, Ўзбекистон ҳудуди доирасида “Талко” ДУК чиқиндиларининг одамлар соғлиғига ва табиий муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш ҳамда камайтириш, минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш бўйича ўзимизга боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўриш, бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий нормалар, ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш.

Иккинчидан, барча манфаатдор халқаро экологик ташкилотлар, БМТ тузилмалари, парламентлар, ҳукуматлар ва халқаро жамоатчиликнинг эътиборини “Талко” ДУКнинг фаолият зонасидаги тобора оғирлашиб бораётган экологик ҳалокатни бартараф этишга, ушбу зарарли ҳамда одамлар соғлиғи ва атроф-муҳит учун хавфли бўлган корхонанинг фаолият соҳасини ўзгартириш бўйича шошилинч чоралар кўришга қаратиш.

Учинчидан, биз ишонамизки, вужудга келган аҳволдан қутилиш йўли бўлиши керак ва у албатта топилади. Трансчегаравий ифлослантириш муаммолари халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган принциплари ва нормаларини, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, БМТ тегишли қарорларининг инсон саломатлигини, унинг тоза атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган қоидаларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиниши мумкин ва керак.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Тожикистондаги юз минглаб аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи, ушбу минтақада яшайдиган ва меҳнат қиладиган келгуси авлодларнинг тақдири мазкур масалаларнинг тезроқ ҳал қилинишига боғлиқ.

Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И.Собиров

Тошкент шаҳри,
2013 йил 22 август

Янгиланган сана:

O'zbekcha | Ўзбекча | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati