O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида

 

22.08.2013

Атроф-муҳитнинг трансчегаравий ифлосланиш муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари

Тошкентда 20-21 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилган “Тожикистон “Талко” давлат унитар корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенаторлари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Европа, Америка ва Осиё давлатларидан парламент аъзолари, жумладан, Тожикистон парламенти депутатлари, тадқиқотчилар, экспертлар, БМТ Тараққиёт дастури ва ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар, мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси И.Собиров семинарни очар экан, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кучли ижтимоий сиёсат амалга оширилаётгани, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, жумладан, соғлом ҳамда қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш ушбу сиёсатнинг устувор йўналиши эканини таъкидлади.

Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш учун изчил институционал ва ташкилий чоралар кўрилмоқда. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ҳамда тегишли халқаро нормаларга мос ҳуқуқий база яратилган. Мамлакатимиз БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт соҳасидаги энг муҳим конвенциялари ҳамда бошқа халқаро ҳужжатларни ратификация қилиб, зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариб келмоқда. Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилган, мақсадли давлат дастурлари, миллий ҳаракат режалари ҳаётга татбиқ этилаётир. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган ушбу хайрли ишларда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ва изчил чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда истиқлол йилларида атмосферага зарарли моддаларни чиқариш 2 баробар, ифлосланган оқова сувларни оқизиш 2,2 баробар камайтирилди. Сўнгги бир неча йилда қишлоқ хўжалигида пестицидлардан фойдаланиш 5 баробар қисқартирилди, саноат корхоналарида экологик хавфсиз технологиялар кенг жорий этилаётир, ишлаб чиқариш чиқиндилари чуқур қайта ишланиб, тозалаш қурилмалари модернизация қилинмоқда. Бу эса нафақат экологик, балки катта иқтисодий самаралар бераётир.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б.Алихонов ўз маърузасида таъкидлаганидек, Ўрта Осиёда, жумладан, мамлакатимизда қатор жиддий трансчегаравий экологик муаммолар мавжуд.

Тожикистондаги “Талко” ДУК алюминий корхонасининг заҳарли ишлаб чиқариш чиқиндиларининг Ўзбекистон ва Тожикистоннинг мазкур корхона яқинида жойлашган туманлари аҳолиси саломатлиги ҳамда экологиясига ҳалокатли таъсир кўрсатаётгани ҳам шундай кескин муаммолар сирасига киради. Экологик меъёрларга риоя этилмасдан, қолоқ технологиялар асосида қурилган мазкур завод фаолияти минтақада минг йиллар давомида шаклланган экотизим бузилишига, аҳоли генофонди, ўсимлик ва ҳайвонот олами учун катта хавф туғилишига сабаб бўлаётир.

Муаммонинг моҳияти шундаки, “Талко” ДУКнинг фтор аралашмаси, заҳарли газлар – углерод, олтингугурт, углеводородлар оксидлари ва бошқа зарарли моддаларнинг кўплиги билан ажралиб турадиган ташланмалари ҳудуд аҳолисига салбий таъсир кўрсатмоқда. Улар, биринчи навбатда, сурункали эндокрин ва суяк-мушак тизими, юқори нафас олиш йўллари, туғма аномалия ва флюороз, шунингдек, онкология касалликларидан азият чекмоқда.

Семинар қатнашчилари тадбир арафасида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Денов, Узун ва бошқа туманларида бўлиб, “Талко” ДУК фаолияти табиий муҳит ва одамлар саломатлигига қанчалик катта зарар етказаётганини ўз кўзлари билан кўриб, ишонч ҳосил қилдилар.

Атроф-муҳитни ўрганиш институти директори Майкл Эдельштейн (АҚШ) шундай деди: “Бизда “Талко” ДУКнинг бутун фаолияти давомида атроф-муҳитга етказган зарарини ўрганиш натижалари бор. Сурхондарё вилоятининг энг кўп зарар кўрган туманлари аҳолиси ана шундай оғир машаққатни бошидан кечирмоқда, улар мазкур экологик вазиятнинг қурбонлари ва маҳкумларига айланган. Корхона қувурларидан чиқаётган заҳарли тутун Ўзбекистон томон эсаётганини кўрдик, одамларга, табиат ва иқтисодиётга қандай зарар етказаётганига ишонч ҳосил қилдик. Мазкур ҳудуддан узоқда яшаб, бу ерда аҳоли қандай кун кечираётгани ва нималарни бошидан ўтказаётганини тасаввур қилиш қийин. Улар нафас олаётган ҳаво, ичаётган сув, шу ерда етиштирилган ва истеъмол қилинаётган нон заҳарли моддалар билан зарарланган. Бироқ, мазкур корхона фаолиятидан фойда кўраётганлар буларнинг барчасини ҳамон инкор этиб келмоқда. Биз вазиятни яхши томонга ўзгартиришимиз ва бунинг учун зарур чораларни кўришимиз шарт”.

“Бугун Ер юзида содир бўлаётган кўплаб фалокат ва табиат инжиқликлари инсон фаолияти билан боғлиқ, – дейди Вагенинген университети профессори, иқлим ўзгариши соҳасидаги тадқиқотлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлган Рик Лиманс (Голландия). – Барқарор ривожланиш масалалари ғоят долзарб аҳамият касб этмоқда. Барқарор ривожланишни таъминлаш учун яқин йиллар ичида атмосферага чиқарилаётган ташланмалар миқдорини 90 фоизга камайтиришимиз даркор. “Талко”нинг одамлар саломатлиги, ҳайвонлар ва ўсимликлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулдорлиги, демак, минтақа тараққиётига ўта хавфли таъсир кўрсатаётган газсимон чиқиндилари ҳам жиддий муаммолардандир. Самарасиз ва эскирган тозалаш ускуналарига эга “Талко” ДУК ҳар йили атмосферага қарийб 22-23 минг тонна заҳарли моддалар, жумладан, одамлар саломатлиги ҳамда атроф-муҳит учун ўта хавфли 200 тоннадан зиёд фторли водород чиқармоқда. Шу боис биз барча манфаатдор томонлар, мустақил экспертлар, олимлар иштирокида маҳаллий ва минтақавий тадқиқотларни ўтказишни қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, бу борада самарали мулоқотни йўлга қўйиш керак. Тошкентда ўтган мазкур халқаро семинар бунга яхши мисол бўла олади. Шундагина муаммонинг мақбул ечимини топиш мумкин”.

Халқаро семинар қатнашчилари Тожикистондаги “Талко” ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти натижасида атроф-муҳитнинг трансчегаравий ифлосланиш муаммосини ҳар томонлама муҳокама этиб, Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги шимолий туманлар ва Тожикистоннинг Турсунзода туманида мазкур корхонанинг атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига ҳалокатли таъсири туфайли юзага келган вазият тобора мураккаблашиб, кескин тус олаётганини алоҳида таъкидлади. Атмосфера ифлосланишига сабаб бўлаётган ушбу муаммони бартараф қилишга доир қатъий чоралар кўрилмаса, бу ерда яшаётган бир миллиондан ортиқ аҳолининг ҳаёти учун ўнглаб бўлмас оқибатлар келиб чиқиши мумкинлиги қайд этилди.

Семинар қатнашчилари атмосфера, сув ресурслари, тупроқда фторли водород ҳамда “Талко” ДУК чиқараётган бошқа заҳарли моддалар миқдори ошиб кетаётгани оқибатида турли касалликлар кўпайиб бораётгани, айниқса, чақалоқлар ўлик туғилаётгани алоҳида ташвиш туғдираётганини қайд этди. Ушбу заҳарли моддаларнинг трансчегаравий таъсирида қолган туманларда болалар ва катта ёшли аҳолининг патологик бузилишлар такрорланиши бўйича касалланиш даражаси Сурхондарё вилоятидаги ўртача кўрсаткичдан 3 баробар юқоридир.

“Алюминий ишлаб чиқариш зарарли технологиялар сирасига киради, – деди “Шиндонг ресорсез” компанияси президенти Ким Ёнг Гу (Корея Республикаси). – “Талко” катта миқдорда энергия истеъмол қилиб, атроф-муҳитни ўта хавфли моддалар билан заҳарламоқда. Ўтган асрнинг 50-60 йилларида Корея Республикаси ҳам шундай муаммога дуч келган эди. Муаммони ҳал этиш учун барча чораларни кўрдик, яъни самарали тозалаш иншоотлари қурилди, тегишли ускуналар ўрнатилди, экологик нуқтаи назардан хавфсиз технологияларга ўтилди. Менимча, Тожикистон алюминий корхонаси билан боғлиқ мазкур вазиятда ҳам шундай йўл тутиш лозим. Зеро, инсон ҳаёти ва саломатлигини ҳеч қандай фойда билан таққослаб бўлмайди”.

Ҳудуд иқтисодиётига, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳасига ҳам катта зарар етказилмоқда. Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлиги пасаймоқда. Ўсимликлар, озуқа экинларида фтор миқдори кўплиги сабабли ҳайвонлар организмида ҳам ўнглаб бўлмас физиологик ўзгаришлар рўй бераётир. Чорва моллари сони, сут соғиш ҳажми камайиб бормоқда, гўшт ва сут маҳсулотлари сифати ёмонлашмоқда. Олиб борилган тадқиқотларда сутда фтор миқдорининг нормаси 9-13 баробар кўплиги аниқланган. Буларнинг барчаси одамлар ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф солмоқда.

Экспертларнинг фикрича, “Талко” ДУК томонидан етказилган иқтисодий зарар юз миллионлаб АҚШ долларини ташкил қилади. Семинар қатнашчилари ўз чиқишларида корхона табиат ва одамлар саломатлигига етказган катта зарарни баҳолаб бўлмаслигини қайд этди.

Чет эллик мутахассислар хулосасига кўра, корхонада асосий ишлаб чиқариш техникаси ресурслари тугаган ва ишлаб чиқаришнинг экологик хавфсизлиги таъминланмаётир. Экологик вазият тобора ёмонлашиб бораётганига қарамай, “Талко” ДУК ишлаб чиқаришни қайта ихтисослаштириш, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатишнинг олдини оладиган замонавий тозалаш қурилмалари билан жиҳозлаш учун зарур ташкилий-техник ва табиатни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаяпти.

“Уч йил аввал Сурхондарё вилоятига борганимизда “Талко” чиқараётган зарарли моддалар таъсирида боғлар, узумзорлар нобуд бўлаётгани, болалар касалликка чалинаётганининг гувоҳи бўлган эдик, – деди Европа тарихий минтақалари иттифоқи раиси Витторио Жоржи (Италия). – Етказилаётган зарар миқдори йилдан-йилга ортиб бормоқда. Илгари иқтисодиётнинг ривожланиши натижасида экология ифлосланишидан одамлар, атроф-муҳит зарарланганини кўрмаганман. Бу ҳақда Италия ва бошқа мамлакатлар матбуотида чоп этилган мақоламда ҳикоя қилинган. Халқаро ҳуқуқ иқтисодиётни барқарор ривожлантиришни таъминлаш воситаларини ва шу билан бирга, бугунги ҳамда эртанги авлодга қулай муҳитда яшаш имкониятини беради. Халқаро ҳамжамият умумқабул қилинган нормаларни бузганлар ўз қилмиши учун жавоб беришини таъминлаш борасида муайян ресурсларга эга. “Талко”нинг атроф-муҳитни заҳарлаётганини кўра-била туриб, буни тан олмаслик мумкинми!? Кўп йиллар мобайнида етказилган зарар ўрнини ким қоплайди? Муаммо одамлар манфаатлари инобатга олинган ҳолда ҳал этилиши керак. Менимча, мустақил экспертлардан иборат халқаро комиссия тузиш ва олинган натижалар билан халқаро судга мурожаат қилиш муаммони ҳал этиш йўлларидан биридир”.

Семинарда қатнашган чет эллик экспертлар “Талко” ДУК ишлаб чиқариш чиқиндиларининг салбий таъсирини камайтиришга доир тегишли чоралар кўрилмаётгани, кўплаб халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, 1992 йил Рио-де-Жанейрода қабул қилинган Атроф-муҳит ва ривожланиш декларацияси ҳамда 1982 йилда қабул қилинган Бутунжаҳон табиат хартияси нормалари бузилаётганини алоҳида таъкидлади. 1994 йил 17 ноябрда имзоланган Тожикистон алюминий заводининг салбий таъсири зонасида экологик аҳволни яхшилаш бўйича ҳамкорликка оид Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро битими ҳам амалда бажарилмаётир.

Бундан ташқари, халқаро экология ташкилотлари, Ўзбекистоннинг давлат ва жамоат тузилмалари, жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг хулоса ва мурожаатлари, Сурхондарё вилояти аҳолисининг мурожаатларига қарамай, Тожикистон томонидан тақдим этилаётган материалларда алюминий корхонаси ишлаб чиқариш фаолиятининг минтақадаги экологик вазият ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётгани, атроф-муҳитга зарар етказишга барҳам бериш чораларини кўриш зарурлиги инкор этилмоқда.

Технологиялар ва инновацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича Бранденбург институти президенти Эдгар Клозенинг (Германия) фикрича, “шунча одамнинг битта корхона фаолияти туфайли азият чекишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Корхонанинг зарарли таъсир кўрсатаётгани ва ушбу долзарб муаммони ҳал этиш зарурлигини иккинчи томон тан олиши шарт. Фақат шундагина минтақада, биринчи галда, Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти туманларида юзага келган кескин экологик аҳволни юмшатиш учун эмас, балки уни буткул яхши томонга тўлиқ ўзгартириш бўйича самарали чораларни кўриш мумкин. Зеро, ҳатто бир бола, бир одамнинг жабр кўриши ҳам катта фожиадир. Ушбу туманларда эса юз минглаб одамлар яшайди. Шу сабабли мазкур корхонанинг экология ва аҳоли саломатлигига етказаётган ҳалокатли таъсирига зудлик билан барҳам бериш чораларини кўриш зарур, деб ҳисоблайман”.

Уч кун давом этган халқаро семинарда билдирилган фикрларни умумлаштириш ва келинган хулосалар асосида тадбир иштирокчилари тегишли тавсияларни қабул қилди. Уларда “Талко” ДУКда ишлаб чиқаришни қайта ихтисослаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар, унинг атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатишига йўл қўймайдиган табиатни муҳофаза қилишга оид бошқа чора-тадбирларни зудлик билан ўтказишнинг муҳимлиги алоҳида қайд этилган. Семинар қатнашчиларининг халқаро экология ташкилотлари, БМТ тузилмалари, жумладан, ЮНЕП, ЮНИСЕФ ва бошқа ташкилотлар, мамлакатлар парламентлари ва ҳукуматлари, халқаро жамоатчилик минтақада экологик барқарорликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш, “Талко” ДУКнинг ҳалокатли таъсири зонасида яшаётган аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича шошилинч чоралар кўриши учун ушбу муаммога уларнинг эътиборини жалб қилиш зарур, деган фикри таъкидланган.

Шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган принцип ва нормалари, халқаро ҳуқуққа оид ҳужжатлар, БМТнинг инсон саломатлиги, унинг хавфсиз атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳужжатлари эътиборга олинган ҳолда, мазкур корхона чиқараётган заҳарли моддаларнинг салбий трансчегаравий таъсирини бартараф этиш йўлларини топиш учун халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон жамоатчилигининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда “Талко” чиқараётган заҳарли моддаларнинг минтақа табиий муҳити ва аҳоли саломатлигига ҳалокатли таъсирини камайтириш мақсадида улкан ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. 2010-2012 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов, Сариосиё, Узун ва Олтинсой туманларида кўплаб кўп тармоқли туман поликлиникалари ва даволаш-профилактика муассасалари, элликдан ортиқ қишлоқ врачлик пункти барпо этилди. Уларнинг ҳаммаси замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Мамлакатимиз ҳукумати томонидан қабул қилинган 2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси атроф-муҳитини муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастурининг амалга оширилиши ҳам салмоқли натижалар бермоқда.

Халқаро семинар қатнашчилари БМТ муассасалари, мамлакатлар ҳукуматлари ва халқаро экологик ташкилотларни Ўзбекистон Республикасининг, хусусан, парламенти, Экологик ҳаракати, кенг жамоатчиликнинг “Талко” ДУК ишлаб чиқариш фаолиятининг экология ҳамда одамлар саломатлигига ҳалокатли таъсирини бартараф этишга доир саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга даъват этди.

ЎзА, Анна Иванова

Видео

Content on this page requires a newer version of Adobe Flash Player.

Get Adobe Flash player

* * *

Сўз – халқаро форум иштирокчиларига

Ева Виетсма, Вагенинген университетининг сув ва иқлим муаммолари бўйича халқаро маркази лойиҳа раҳбари, профессор (Голландия):

– Бундан уч йил аввал Тожикистон алюминий заводининг Ўзбекистоннинг Сариосиё ва Узун туманларига етказаётган зарарига бевосита гувоҳ бўлган ва жуда ачинган эдим. Бу гал ҳам мазкур ҳудуд шароити билан танишиб, ушбу заводнинг Ўзбекистоннинг айрим туманларига етказаётган зарарини кўриб, бутун вужудимни титроқ босди. Завод чиқараётган заҳарли чиқиндилар одамларнинг умрини хазон қилмоқда, ўсимлик ва ҳайвонот нобуд бўлаётир. Сўнгги беш йилда биргина Сариосиё туманида ўлик туғилган чақалоқлар сони 7,7 баробар кўпайган. Бундай вазиятга энди асло йўл қўйиб бўлмайди. Бу каби муаммоларни зудлик билан ҳал этиш зарур. Биз корхонани қайта ихтисослаштириш, эскирган ускуналарни модернизация қилиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга эришмоғимиз лозим. Бунинг учун аллақачон эскирган технологияларни экологик тоза технологиялар билан янгилаш зарур. Бу нафақат бир мамлакат, балки бутун Марказий Осиёнинг муаммосидир. Шу боис минтақадаги барча мамлакатлар ва халқаро ҳамжамият ўзаро ҳамкорликда бу мураккаб вазиятдан чиқиш йўлини топмоғи даркор.

Александр Саковскис, Латвия парламенти депутати, “Келишув маркази” фракцияси ва Европа Парламент Ассамблеяси кенгашидаги Латвия делегациясининг аъзоси (Латвия):

– Бундай аянчли фожиага илк бор гувоҳ бўлиб турибман. “Талко” алюминий заводининг Ўзбекистондаги айрим ҳудудлар аҳолисига, айниқса, болалар саломатлигига жиддий зарар етказаётгани жуда ачинарли. Заводдан чиқаётган заҳарли газлар таъсирида болаларнинг ногирон бўлиб дунёга келиши, хотирасининг заифлашиши, шунингдек, аҳолининг камқонлик, саратон ва жигар церрози каби дардларга чалиниши, ўлим кўрсаткичининг ошиши ғоят ташвишли ҳолдир. "Талко" ДУКда алюминий ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган эски технологиялар Европадаги шундай ишлаб чиқариш технологияларига мутлақо мос келмайди. Алюминий ишлаб чиқаришдан олинган даромадни инсон ҳаёти билан таққослаб бўлмайди. Биз мазкур муаммони ҳал этишда ёрдам беришимиз ва бунинг учун барча халқаро ҳуқуқ механизмларини ишга солиш, жаҳон, хусусан, Европа ҳамжамиятига мурожаат қилиш зарур. Тожикистон алюминий заводининг кўрсатаётган зарарли таъсирини бартараф этиш нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун минтақа, ҳатто дунёнинг долзарб муаммосидир. Жаҳон ҳамжамияти бир ёқадан бош чиқариб, изчил ташаббус кўрсатган ҳолда зудлик билан бу муаммоларнинг самарали ечимини топиши керак. Мазкур халқаро семинар бу борада ўзининг ижобий натижасини беради, деган умиддаман.

Такэхиса Мацукава, “Juntedo” университетининг эпидемиология ва атроф-муҳит факультети профессори (Япония):

– Экологик муаммолар чегара билмайди, мамлакат танламайди. Тожикистон алюминий заводидан чиқаётган заҳарли моддалар Ўзбекистоннинг айрим туманларида экологик мувозанатни издан чиқараётганига гувоҳ бўлдик. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди. Экологик муаммоларнинг олдини олиш ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришда ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда иш юритиш тақозо этилади.

Сариосиё туманидаги экологик вазиятни кўздан кечирар эканмиз, Тожикистон алюминий заводи қувурларидан чиқаётган заҳарли тутун Ўзбекистон томонга келаётганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ушбу заҳарли моддалар таъсиридан азият чекаётган туманларнинг бир миллионга яқин аҳолиси саломатлигига мунтазам ва жиддий зиён етаётир. Шунингдек, унинг қишлоқ хўжалиги тараққиётига, хусусан, чорвачилик ва боғдорчиликка катта зарар етказгани ҳам аянчлидир. Бу мазкур ҳудудни иқтисодий таназзулга олиб келиши мумкин. Буларнинг барчасига ушбу заводдаги технологияларнинг жуда эскириб кетгани сабаб бўлмоқда. Алюминий корхонасининг ишлаб чиқариш технологиялари зудлик билан модернизация қилиниши зарур. Бу атроф-муҳитга етказилаётган ҳалокатли зарарни муайян миқдорда камайтириш имконини беради. Япония бу борада катта тажрибага эга ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан ҳамкорликда Тожикистон алюминий корхонаси чиқиндиларининг салбий таъсирига дучор бўлган одамларга антропоген таъсирни камайтиришга қаратилган лойиҳани ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш имкониятини кўриб чиқиш, бунинг учун университетимизнинг етакчи мутахассисларини, Япониянинг йирик жамғармалари маблағларини жалб этишга тайёрмиз. Халқаро ҳамжамият ўз эътиборини ушбу минтақада юзага келган экологик муаммони ҳал этиш йўлларини топишга қаратиши даркор.

Жон Вейверли, Буюк Британия парламентининг лордлар палатаси аъзоси, “Британия-Ўзбекистон” умумпартия парламент гуруҳи раиси (Буюк Британия):

– Мазкур халқаро семинар доирасида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва бошқа туманларида юзага келган экологик вазиятни бевосита ўзимиз кузатиш имкониятига эга бўлдик. Ушбу туманлар аҳолиси "Талко" ДУК фаолияти оқибатида жиддий азият чекмоқда. Ўзбекистон томон эсаётган ҳаво оқими ўта заҳарли кимёвий моддаларни олиб келмоқда. Бу эса экологик мувозанат бузилиши, ҳавонинг ифлосланиши, экинлар ҳосилдорлигининг камайиши ва чорвачилик унумдорлигининг пасайишига сабаб бўлаётир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ушбу туманлар аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига амин бўлдик. Бироқ бу вазиятни батамом барқарорлаштириш, кўп йиллардан буён маҳаллий аҳолини қийнаб келаётган мазкур жиддий муаммони тўла-тўкис ҳал этиш фақат Ўзбекистоннинг ўзигагина боғлиқ эмас. Ушбу ҳолатга бефарқ қараб бўлмайди. Мазкур муаммони аллақачон ҳамжиҳатликда ҳал этиш зарур эди. Шу боис Ўзбекистоннинг ушбу масалани ижобий ҳал қилиш, унинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборини мазкур масала ечимига қаратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари энг тўғри йўлдир.

Дидье Шаде, Европа бўйича прогноз ва хавфсизлик масалалари таҳлил институти тадқиқотчиси (Франция):

– Тожикистон алюминий заводи таъсирида Ўзбекистоннинг Сариосиё ва бошқа туманларида вужудга келган аянчли ҳолат билан танишиб, жуда ачиндим. Бундай муаммога беэътибор ва бефарқ қараб бўлмайди. Мамлакатингиз раҳбарияти аҳволни яхшилаш учун кўплаб чора-тадбирларни амалга ошираётганининг гувоҳи бўлдик. Бироқ узоқ йиллик бу муаммони бартараф этиш биргина Ўзбекистонга боғлиқ эмас. Шу боис жаҳон ҳамжамияти бирлашган ҳолда, ушбу муаммонинг мақбул ечимини топиши лозим. Ҳеч бир мамлакат ўз фойдаси ва манфаатини кўзлаб, бошқа бир мамлакат тараққиётининг издан чиқишига сабабчи бўлишга ҳаққи йўқ.

Денов, Сариосиё, Узун ва бошқа туманлар экологиясини яхшилаш, атроф-муҳитга етказилаётган зиённи камайтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон амалга ошираётган ислоҳотлар, илгари сураётган ташаббуслар ҳамда халқаро ҳамжамиятни жалб этиш борасидаги ишлар юксак эътироф ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга муносибдир.

ЎзА, Ирода Умарова, Нодира Манзурова, Холмўмин Маматрайимов

Янгиланган сана:

O'zbekcha | Ўзбекча | Русский | English | Français | Español

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati