O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

 

22.08.2013

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот2013 йил 22 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси очилди. Унда ялпи мажлисга таклиф этилган Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Олий Мажлиснинг юқори палатаси муҳокамасига мамлакат Экологик ҳаракати ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим этилган материаллар асосида “Тожикистон “Талко” ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари тўғрисида"ги масалани муҳокама қилишдан бошладилар.

Муҳокамалар давомида қайд этилганидек, Тожикистон Республикасининг Турсунзода шаҳрида 1975 йилда қурилган, ишлаб чиқариш технологияси эскириб кетган, тозалаш тизими самарасиз бўлган алюминий корхонаси ҳар йили атмосферага 22-23 минг тоннага яқин ифлослантирувчи моддаларни, шу жумладан, 200 тоннадан ортиқ ғоят хавфли ҳамда одамлар соғлиғи ва атроф- муҳит учун зарарли бўлган фторли водородни чиқариб ташламоқда. Ушбу зарарли моддаларнинг талай қисмини ҳаво оқими “Талко” ДУКнинг атрофидаги Тожикистон ҳудудига ва Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудига, шу жумладан, Сурхондарё вилоятининг Денов, Сариосиё, Узун ва бошқа туманларига олиб ўтмоқда. Ҳозирги вақтда “Талко” ДУК фаолияти натижасида Сурхондарё вилоятининг шимолий туманлари ҳудудида атмосфера ҳавосидаги фторли водороднинг миқдори йўл қўйиладиган энг юқори концентрациядан ўрта ҳисобда 1,8-2 баравар, ёз ойларида эса 3,4 баравар ошиб кетмоқда.

Сенат мажлисида кўрсатиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилоятининг шимолий туманларида ва Тожикистон Республикасининг Турсунзода туманида вужудга келаётган экологик вазият Тожикистон алюминий корхонасининг ҳалокатли таъсири натижасида тобора оғирлашиб, минтақанинг минг йиллар давомида шаклланган экологик тизимини бузмоқда.

Сўзга чиқувчилар томонидан таъкидланганидек, таркибида заҳарли газлар – карбон, олтингугурт оксидлари, углеводородлар ва бошқа зарарли моддалар жуда кўплиги билан ажралиб турувчи “Талко” ДУКнинг чиқиндилари энг аввало бу ерда зич яшаётган бир миллионга яқин аҳолининг соғлиғига ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда. Сурункали эндокрин ва суяк-мушак тизими, юқори нафас олиш йўллари касалликлари, туғма аномалиялар ва флюороз, шунингдек, онкология касалликлари сони ўсиб бормоқда. Болаларнинг ўлик туғилиши, болалар ўртасида патологик касалликлар кўпайиб бораётганлиги, айниқса, хавотирга солмоқда. Мазкур туманларда болаларнинг ҳам, катта ёшли аҳолининг ҳам патологик касалланишининг қайталаши Сурхондарё вилоятидаги ўртача даражадан 3 баравар юқори.

Минтақанинг иқтисодиёти, қишлоқ хўжалигига жуда катта кўламда зарар етказилмоқда. Алюминий корхонасининг зарарли чиқиндилари билан атмосфера, тупроқ, сув ресурслари ифлосланмоқда. Мева-сабзавот экинлари, узумзорлар ҳосилдорлиги пасайиб кетди, ушбу минтақа учун анъанавий бўлган пиллачилик деярли барҳам топди.

Шу билан бирга мажлисда алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, халқаро экологик ташкилотлар экспертларининг хулосаларига, давлат органлари, жамоат ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг мурожаатларига қарамай, “Талко” ДУКда ишлаб чиқаришнинг йўналишини ўзгартириш, уни модернизациялаш, тозалаш иншоотларини ўрнатиш бўйича чоралар кўрилмаётир. Шу тариқа халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган принциплари ва нормалари талаблари, БМТ томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қабул қилинган ҳужжатларнинг талаблари, шунингдек, ушбу масала бўйича давлатлараро битимларнинг қоидалари бузилмоқда.

Айни пайтда атроф-муҳитни ифлослантириб, минтақадаги экологик вазиятни мушкуллаштиришга чек қўйишга чақираётган халқаро жамоатчиликнинг талаблари мутлақо эътиборга олинмаётир. Чунончи, “Талко” ДУК трансчегаравий чиқиндилари атроф-муҳитга ва аҳоли соғлиғига ҳалокатли таъсир кўрсатаётганлиги туфайли вужудга келган экологик вазият муносабати билан Бельгия парламентининг аъзолари, Латвия парламентининг депутатлари, БМТ атроф-муҳит бўйича дастурининг (ЮНЕП), Европа ва Осиёдаги бир қатор экологик жамоат ташкилотларининг экспертлари салбий фикр билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборотСенаторларнинг нутқларида “Талко” ДУК саноат чиқиндиларининг ҳалокатли таъсирини камайтириш мақсадида Ўзбекистонда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Сўнгги уч йил ичида мазкур туманларда энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган бир қатор кўп тармоқли туман поликлиникалари ва даволаш-профилактика муассасалари фойдаланишга топширилди, 50 дан зиёд қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2013-2017 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастури доирасида кўп миқдорда моддий, молиявий маблағларни жалб этиш ва мазкур вазифаларни ҳал қилишга йўналтириш назарда тутилган тадбирлар амалга оширилмоқда.

Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Талко” ДУК чиқиндиларининг одамлар соғлиғига ва табиий муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш ҳамда камайтириш, минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш бўйича шошилинч чораларни кўриш, бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий нормалар ва ресурсларни сафарбар қилишни, ушбу муаммони ҳал қилишга манфаатдор экологик ташкилотлар, БМТнинг тегишли тузилмалари, мамлакатлар парламентлари ва ҳукуматлари имкониятларини жалб этишни назарда тутадиган қарори қабул қилинди. Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, трансчегаравий ифлослантириш муаммолари халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган принциплари ва нормаларини, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, БМТ тегишли қарорларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиниши керак.

Сенаторлар ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Тожикистондаги юз минглаб аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи, ушбу минтақада яшайдиган ва меҳнат қиладиган келгуси авлодларнинг тақдири мазкур масалаларни тезроқ ҳал қилишга боғлиқ, деб қатъий ишонч билдирдилар.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг иқтисодиётни эркинлаштириш ва демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш соҳасидаги устувор йўналишларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ тайёрланган “Гаров реестри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишга киришдилар.

Мажлисда қайд этилганидек, ушбу қонун кредитларни расмийлаштириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш, гаров муомаласига кўчар мол-мулкни киритиш ҳамда тижорат банкларининг мол-мулкни гаровга олиб кредитлаб бериш вақтидаги таваккалчилигини камайтириш ҳисобига кичик бизнеснинг кредит воситасида молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу эса ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга, тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам беради.

Сенаторлар “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонуннинг асосий мақсади одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликнинг тарқалишига қарши курашишни, зарур профилактикани ҳамда аҳолини ОИВ инфекциясидан ишончли тарзда ҳимоя қилишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришдан иборат.

Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–1023-сонли қарорининг қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, бу соҳада мамлакатимизда амалга оширилаётган таъсирчан чоралар рўёбга чиқарилишининг ҳуқуқий асослари кенгайишига ёрдам беради.

Шундан сўнг сенаторлар маҳсулотни (ишларни, хизматларни) сертификатлаштириш ва стандартлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, маҳсулотнинг хавфсизлиги, сифати ва рақобатбардошлигини таъминлашга, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришга қаратилган “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Мажлисда айтиб ўтилганидек, бу соҳадаги муносабатлар бугунги кунда турли соҳавий қонунлар: “Техник тартибга солиш тўғрисида”ги, “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, идоравий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда. Ушбу соҳада ягона базавий қонуннинг қабул қилиниши мувофиқликни баҳолашнинг бутун тизимини, шу жумладан, миллий аккредитацияни ҳам ташкил этишнинг умумий принциплари, қоидалари тартибга солинишини таъминлайди.

Сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011-2012 йилларда қабул қилинган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ва давлат раҳбарининг бошқа фармонлари асосида тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ҳам кўриб чиқдилар.

Қонун билан Солиқ, Божхона, Хўжалик-процессуал, Меҳнат, Жиноят кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга ва бошқа қатор қонунларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишига, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтиришга, унинг бандлигини таъминлашга ва бошқаларга ёрдам беради.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн иккинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Видео

Content on this page requires a newer version of Adobe Flash Player.

Get Adobe Flash player

 

Янгиланган сана:

O'zbekcha | Ўзбекча | Русский | English | Français | Español

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati