O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент назорати

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР МАНФААТЛАРИ
мамлакатимизда ёш авлодни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадидир.

19.06.2013

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан ҳамкорликда мажлис ўтказди.
Унда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ижроси муҳокама қилинди.
Сенаторлар, Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар раислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, васийлик ва ҳомийлик, таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган мажлисда таъкидланганидек, мамлакатимизда эртамиз эгалари бўлган болалар ҳуқуқларини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, уларнинг манфаатларини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилаётир.
— Қонуннинг ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикасида муайян ишлар олиб борилган, — дейди Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Э. Рўзметов. — Ўрганишлар шуни кўрсатдики, болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган авлод учун ота-оналар ва васийлик органларининг масъулиятини юксалтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган. Натижада болаларнинг хулқ-атворидаги нуқсонларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида тарбиявий ишлар сифатини сезиларли даражада яхшилаш имкони яратилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ташаббуси билан 2012 йилда тунги пайтда ота-онасиз дам олиш масканларида ҳозир бўлган болаларни аниқлаш бўйича 129 та тадбир ўтказилиб, унда 21 нафар вояга етмаган шахс аниқланган, уларнинг ота-онасига нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
— Туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар томонидан вояга етмаганларнинг назоратсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларини тарғиб қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири Қ. Бердиев. — Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларни аниқлаш, улар билан якка тартибда иш олиб бориш бўйича фаолиятини кучайтириш натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2012 йилда профилактика ҳисобига олинган вояга етмаганлар сони 2011 йилдагига нисбатан 6,5 фоизга камайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Д. Изетуллаевнинг фикрича, нотинч оилалар, тарбияси оғир ўсмирларни тураржойлари бўйича аниқлаш, улар ўртасида тарбиявий ишларни олиб бориш, бўш вақтини ва бандлигини ташкил этиш ишларига катта урғу берилмоқда. Таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ота-оналар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси жадал олиб борилаётир.
Умуман, ушбу Қонуннинг ижро этилишини таъминлаш бўйича кўрилган чоралар вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришдаги масъулиятини сезиларли даражада оширган.
Шу билан бирга, мажлисда Қорақалпоғистон Республикасида вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини таъминлаш бўйича фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда уларнинг сабаблари таҳлил қилинди.
Муҳокамада мажлис иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, васийлик ва ҳомийлик, таълим, соғлиқни сақлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вояга етмаганларга оид қонун ҳужжатларини ижро этиш бўйича фаолияти самарадорлигини янада оширишга доир қатор таклифлар билдирдилар.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Ҳ. АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

top

Чоп этилган сана: 19.06.2013 21:24:11
Янгиланган сана:

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati