O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги — устувор мақсад

 

18.09.2013 18:11

Наманганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Наманган вилоятида ижроси тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Мажлисда қайд этилганидек, вилоятда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан мазкур Қонун ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича энг муҳим дастурларни ижро этиш борасидаги вазифаларни белгилаш ва уларнинг устидан назоратни таъминлаш, белгиланган параметрларга эришиш, тадбиркорлик фаолиятида турли тўсиқларга йўл қўйилмаслиги учун қатъий чоралар кўришга, шунингдек, халқ депутатлари Кенгашларида вилоят ижро этувчи ҳокимияти органларининг ушбу масалага масъул бўлган мансабдор шахсларнинг ахборотини тинглашга қаратилган бир қатор қарорлар қабул қилинган.
Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида қулай ишбилармонлик муҳити яратилган. Айни пайтда 26865 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг мазкур Қонун билан белгилаб берилган ҳуқуқлари кафолатланаётганлиги натижасида ўтган йил якунларига кўра, 2541 юридик шахсга жами 56,9 миллиард сўмлик, 2013 йилнинг биринчи ярмида эса 1737 юридик шахсга 13,9 миллиард сўмлик преференция ва солиқ имтиёзлари берилди. Бундай эътибор ҳамда қўллаб-қувватлаш, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг вилоят иқтисодиёти ривожидаги  фаоллигини  оширмоқда.  Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг ўсиш динамикаси 11,3 фоизни ташкил этиб, мазкур жабҳада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик  соҳасининг улуши 80 фоизга етди. Ўсиш тенденцияси иқтисодиётнинг барча йўналишларида кузатилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Тадбирда кўрсатиб ўтилганидек, иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан бўлган қулай инвестициявий муҳит имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Чунончи, бу соҳадаги ишлар изчил йўлга қўйилиб, жорий йилнинг олти ойи давомида вилоятга 2,1 миллион АҚШ доллари миқдорида  тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси жалб этилди ва  бешта  йирик лойиҳа рўёбга чиқарилди. Ушбу йўналишдаги минтақавий дастур доирасида 120,4 миллиард сўм қийматга  эга бўлган 232 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Пировардида 3628 та иш ўрни яратилди. Бундай тадбирлар, табиийки, вилоят  экспорт салоҳиятини  тобора  юксалтирмоқда ва жорий йилнинг биринчи ярмида ташқи савдо айланмаси 143,1 миллион АҚШ доллари, шу жумладан, экспорт 68,9 миллион, импорт эса 74,2 миллион АҚШ   долларини ташкил этди.
— Ушбу Қонун ижросини таъминлашда Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ қўмитаси, банк муассасалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг амалий ёрдамини ҳар қадамда сезиб турибмиз, — дейди Наманган шаҳридаги “Истиқлол текстиль дизайн” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б. Умаров. — Хусусан, биз ҳам молиявий муассаса кўмагидан фойдаланиб,  яқинда замонавий  мода ва дизайн марказини  ишга туширдик. Тадбирда берилган тавсия ҳамда таклифлар эса вилоятимизда  тадбиркорлик соҳаси имкониятларини  янада кенгайтиришга туртки бўлади.
Сўзга чиққанлар мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқ депутатлари Кенгашларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш бўйича доимий комиссиялари ишининг самарадорлиги ҳамда таъсирчанлигини ошириш масалалари юзасидан  таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Якунда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati