O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлис Сенатида учрашув

 

Мамлакатимизга ташриф буюрган Малайзия Сенати Президенти Тан Сри Абу Захар Ужанг раҳбарлигидаги парламент делегацияси аъзолари 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги алоқалар кўплаб соҳалар қатори парламентаризм йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Изчил тараққий этаётган Ўзбекистон – Малайзия муносабатлари икки давлатнинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, ўзаро амалий ҳамкорликнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси парламенти делегациясининг Малайзияга ташрифи икки мамлакат парламентлари ҳамкорлигига янги суръат бахш этди.

Музокарада икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқаларга доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш, қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама этилди. Икки томонлама алоқаларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

– Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланаётгани бизни ғоят қувонтиради, – деди Тан Сри Абу Захар Ужанг. – Ўзбекистонда парламентаризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, қўлга киритилаётган ютуқларга хорижда қизиқиш катта. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва икки томонлама дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш тарафдоримиз.

17.10.2013 23:53

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati