O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси олдидан

Сенатор Мамазоир ХЎЖАМБЕРДИЕВ:

Мақсад — аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш

17.08.2013

Одам иммунитет танқислиги инфекцияси бугунги кунда кишилик жамиятининг энг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади. БМТ маълумотларига кўра, ҳозир дунё миқёсида 34 миллион киши ОИВ инфекцияси билан рўйхатга олинган.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2006 йил ОИВ бўйича бўлиб ўтган мажлисида ҳам инсоннинг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тўлиқ рўёбга чиқариш ОИТС юқумли касаллигига қарши курашиш бўйича глобал чора-тадбирларнинг муҳим таркибий қисми эканлиги, шу боис мазкур юқумли хасталикка қарши курашишга умумжаҳон миқёсида эътибор қаратилиши кераклиги қайд этилган.

Мамлакатимизда ОИВ инфекциясининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу, ўз навбатида, унинг кескин тарқалишига барҳам беришда муҳим омил бўлаяпти.

Амалдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бундан 14 йил муқаддам қабул қилинган. Ўтган йиллар давомида мазкур хасталикни даволашга, инфекция тарқалишига қарши курашни ташкил қилиш тизимига бўлган ёндашув тубдан ўзгарди. Бугунги кунда ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга соладиган амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурати юзага келди.

2008 йилда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, ОИТСга қарши курашишнинг замонавий талабларига жавоб берадиган ягона тизим яратилди. Унинг таркибига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ОИТСга қарши курашиш бўйича республика ва минтақавий марказлари, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайдиган ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссияси кирди.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам киритилган. У аввалги Қонундан сезиларли даражада фарқ қилади. Негаки, унда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш учун ҳуқуқий асослар янада кенгайтирилмоқда.

Қонун ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш соҳасидаги давлат сиёсатини белгилаб беради. Бу сиёсат ягона тизим фаолиятини мувофиқлаштириш, хасталик тарқалишининг олдини олиш, ташхис қўйиш, ОИВни юқтириб олганларнинг бепул махсус даволаниши ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, ОИВ инфекцияси тарқалиши устидан эпидемиологик назоратни рўёбга чиқариш, шунингдек, аҳолининг ОИВга бепул, хавфсиз ва махфий тиббий текширувдан ўтишига шароит яратиш, ОИВни юқтириб олганларнинг ҳаётини узайтириш ва сифатини яхшилаш, хасталик оқибатида содир бўладиган ўлим ҳолатларини камайтириш, мазкур инфекция тарқалишига қарши кураш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш сингари вазифаларни қамраб олади.

Қонун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш соҳасидаги ваколатларини янада аниқ ифодалайди. Қонунда илк маротаба фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни белгиланмоқда. Шубҳасиз, уларнинг аҳоли ўртасида мазкур хавфли хасталикнинг тарқалишига қарши курашиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришлари муҳим аҳамият касб этади. Ушбу хасталикнинг олдини олиш усуллари, унинг келиб чиқиш омилларидан воқиф бўлиш, шубҳасиз, касаллик тарқалиши олдини олишга ижобий таъсир кўрсатади.

Қонунда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссияси, шунингдек, ОИТСга қарши кураш марказларининг вазифа ҳамда ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Шу билан бирга, мазкур ҳужжатда ОИВни юқтириб олганларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар акс этган нормаларга ҳам алоҳида урғу берилмоқда. Хусусан, унда махсус даволашни бепул амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Қонуннинг алоҳида бўлимида ОИВни юқтириб олганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам ўз аксини топаяпти. Айни пайтда хизмат вазифасини бажараётганда ОИВ инфекцияси юқиши хавфи остида бўлган тиббиёт ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Қолаверса, унда ОИВ инфекциясига қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида мансабдор шахсларнинг ваколатлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Қисқача айтганда, ушбу Қонуннинг амалиётга жорий этилиши мазкур йўналишдаги тадбирлар учун ҳуқуқий асосларни янада кенгайтиради.

Мамазоир ХЎЖАМБЕРДИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

Янгиланган сана:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati