O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлиси Сенати Комиссиясининг мажлиси

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИНИНГ РОЛИ ВА МАСЪУЛИЯТИНИ ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

17.05.2013

Олий Мажлис Сенати Комиссиясининг мажлисиПарламентнинг юқори палатасида 2013 йил 17 майда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси (бундан буён матнда Сенат Комиссияси деб юритилади) мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ижтимоий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитасининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияларининг фаолиятини мониторинг қилиш натижалари тўғрисидаги масала  муҳокама қилинди.

Мажлисда Сенат Комиссиясининг аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ижтимоий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари, шунингдек ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияларининг, намунавий халқ депутатлари Қўнғирот, Каттақўрғон ва Деҳқонобод туман Кенгашларининг раҳбарлари ҳамда улар доимий комиссияларининг раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси  ташкилий-назорат бўлимининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳларининг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

Мониторинг натижалари шуни кўрсатмоқдаки, 2011 – 2012 йиллар мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ижтимоий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияларининг аъзолари томонидан ёшлар ҳаётидаги муҳим ижтимоий масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Улар томонидан ёшларни ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб этиш, уларга имтиёзли кредитлар бериш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қизларни оилавий турмушга тайёрлаш, ёшлар спортининг оммавийлигини таъминлаш, оналар ва болаларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинган. Масалан, бу даврда мазкур масалаларни ҳал қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг юқоридаги қўмитаси аъзолари томонидан 10 дан ортиқ масала муҳокама қилинган, сайловчилар билан 159 та учрашув  ўтказилган, улар томонидан 146 нафар фуқаро қабул қилинган, ташкилотлар ва муассасаларнинг раҳбарларига, мансабдор шахсларга 31 та депутат сўрови юборилган, оммавий ахборот воситаларида 171 та чиқиш қилинган. халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари томонидан 2011 – 2012 йилларда  сайловчилар билан 680 та учрашув ўтказилган, 156 та депутат сўрови юборилган, 1427 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларга тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилган ёки амалий ёрдам кўрсатилган, оммавий ахборот воситаларида 432 та чиқиш қилинган. Шундай ишлар бошқа халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг доимий комиссияларида ҳам олиб борилмоқда.

Муҳокама вақтида Сенат Комиссиясининг аъзолари  мазкур доимий комиссиялар ва қўмита фаолиятида юз бераётган  ижобий силжишлар билан бир қаторда ишдаги мавжуд камчиликлар ва нуқсонларга ҳам эътиборни қаратдилар, улар фаолиятининг айрим йўналишларини кучайтириш бўйича ўз тавсияларини бердилар. Чунончи, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини  ишга жойлаштириш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, жойлардаги  долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни  ҳал қилишда депутат сўровларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш, ўз қарорларининг ижросини амалда назорат қилиш масалаларини янада фаолроқ муҳокама қилиш зарур.

Мажлисда Сенат Комиссиясининг 2012 йил 14 августдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашлари фаолиятини ўрганиш натижалари тўғрисида»ги қарорининг халқ депутатлари Қўнғирот, Каттақўрғон ва Деҳқонобод туман Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий  комиссиялари томонидан  ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди. Умуман сўнгги вақтларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашлари ва улар доимий комиссиялари фаолиятида сифат ўзгаришлари юз бераётганлиги қайд этилди.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, Сенат Комиссиясининг юқорида зикр этилган қарорини бажариш мақсадида намунавий халқ депутатлари Қўнғирот, Каттақўрғон ва Деҳқонобод туман Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари томонидан халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисида тегишли низомлар, туман Кенгаши ва доимий комиссияларнинг йиллик иш режалари ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Хусусан, Қўнғирот туман Кенгаши доимий комиссияларининг мажлисларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари ой сайин муҳокама қилинмоқда, ҳокимлик бўлимлари раҳбарларининг ва бошқа мансабдор шахсларнинг ахборотини тинглашга алоҳида эътибор берилмоқда. Чунончи, тегишли доимий комиссия мажлисида туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлимининг бошлиғи Н.Нуржоновнинг  аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи юзасидан ҳисоботи  тингланган. Туманда депутат назоратини амалга ошириш йўлга қўйилган. 2013 йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари туман Кенгашининг 30 нафар депутати томонидан 11 та депутат сўрови юборилган.

Халқ депутатлари Каттақўрғон туман Кенгашида 2012 йилда ва 2013 йилнинг ўтган даврида 5 та сессия ўтказилган бўлиб, уларда 40 та масала кўриб чиқилган. Халқ депутатлари туман Кенгашининг сессияларида ҳамда доимий комиссияларнинг мажлисларида  ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган  масалалар муҳокама қилинмоқда. Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан доимий комиссиялар аъзолари, бўлимлар, бошқармалар ва бошқа таркибий бўлинмалар раҳбарларининг у ёки бу йўналишда қилинган ишлар ҳақидаги 14 та ҳисоботи тингланган.

Халқ депутатлари Деҳқонобод туман Кенгаши томонидан 2012 йилда 4 та сессия ўтказилган бўлиб, уларда 42 та масала кўрилган, шуларнинг 22 таси бирон-бир аниқ туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган. Чунончи, халқ депутатлари туман Кенгашининг сессияларида ва доимий комиссияларнинг мажлисларида ҳокимлик бўлимлари раҳбарларининг ва бошқа мансабдор шахсларнинг иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича ахбороти ва ҳисоботлари мунтазам равишда тинглаб борилмоқда. Халқ депутатлари туман Кенгаши ва доимий  комиссияларининг  нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан  амалий шерикчилиги йўлга қўйилган. 2012 йил мобайнида халқ депутатлари туман Кенгашининг  депутатлари томонидан фуқаролар йиғинларида аҳоли билан 30 дан ортиқ учрашув ўтказилган. Депутат назоратини амалга ошириш мақсадида 2012 йил мобайнида ижро этувчи ҳокимият органлари ва ташкилотлар раҳбарларига 20 та депутат сўрови юборилган.

Шу билан бирга, ўрганиш натижалари халқ депутатлари Қўнғирот, Каттақўрғон ва Деҳқонобод туман Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг Сенат Комиссиясининг  юқорида зикр этилган қарорини ижро этиш борасидаги фаолиятида айрим камчилик ва нуқсонлар ҳам борлигини кўрсатмоқда. 

Халқ депутатлари Каттақўрғон ва Деҳқонобод туман Кенгашларида  қабул қилинган қарорлар туман газеталари саҳифаларида, электрон вариантлари эса уларнинг веб-сайтлари саҳифаларида эълон қилиб борилмаётир. Халқ депутатлари туман Кенгаши ва улар доимий комиссияларининг қарорлари  масъул ижрочиларга ўз вақтида юборилмаётган, уларнинг ижроси мониторинг қилинмаётган ҳоллар мавжуд. Халқ депутатлари  туман Кенгаши сессияси муҳокамасига киритилаётган  масалалар ҳамма вақт ҳам доимий комиссиялар томонидан депутатлар, мутахассислар ва жамоатчилик вакилларининг фаол иштирокида олдиндан муҳокама қилинмаётир, бу эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг регламентларига зиддир.

Муҳокама вақтида Сенат Комиссиясининг аъзолари томонидан мажлисда қайд этилган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этиш, намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини Сенат Комиссиясининг юқорида зикр этилган қарори талабларига мувофиқ такомиллаштириш юзасидан  бир қатор таклиф ва тавсиялар баён этилди.

Масалаларни батафсил муҳокама қилиш якунлари бўйича  Сенат Комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

top

Чоп этилган сана: 17.05.2013 21:24:11
Янгиланган сана:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati