O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси олдидан

Сенатор Алтиев Абдурашид: Қулай ишбилармонлик муҳитининг муҳим омили

16.08.2013

Шу кунларда мамлакатимизда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, қўмиталарда қонунлар экспертлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилмоқда.

Ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалардан бири — “Гаров реестри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидир.

Маълумки, Президентимиз Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида мазкур қонунни қабул қилиш заруратини алоҳида қайд этган эди. Шуни айтиш керакки, “Гаров реестри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни гаровга қўйилган мулкни ҳисобга олиш, шунингдек, унинг ноқонуний сотилиши ёки бошқа шахсга ўтказилишининг олдини олиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган гаров реестрини ҳисобга олувчи ягона база яратишнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаб беради. Ишончли гаров ахборотини тўплаш, уни қайта ишлаш ва гаровга қўйилган мулкка нисбатан ҳуқуқлари бўлган ёки уларга эга бўлишни хоҳлаган шахсларга тақдим этиш, гаровга қўйилган мулкка нисбатан гаров ҳуқуқларининг мавжудлигини аниқлаш ва потенциал қарздорнинг гаровга қўйилган мулки тўғрисида ахборот бериш гаров реестрини ташкил этишнинг асосий мақсади ҳисобланади. Қонун бўйича гаров реестри жисмоний ва юридик шахсларнинг гаровни таъминлашга, шунингдек, уларни ўзгартиришга ёки тўхтатишга бўлган ҳуқуқлари юзага келиши тўғрисидаги электрон шаклдаги ёзувларни ўз ичига олган ягона ахборот маълумотлар базасини ўзида ифода этади.

Сир эмаски, глобал молиявий-иқтисодий инқироз молия бозорида қарз муносабатларида янги муаммоларни юзага келтирди. Чунончи, молиявий таназзул шароитида аксарият ривожланган давлатларда қайтарилмайдиган ва муддати ўтган кредитлар муаммоси тобора чуқурлашиб бораётир. Натижада тижорат банклари бўлажак йўқотишларни инобатга олган ҳолда, ўз маблағи ҳисобидан тегишли захиралар миқдорини оширишга мажбур бўлмоқда. Бу борада халқаро молиявий институтлар, рейтинг агентликлари тижорат банклари ликвидлилиги ёмонлашувининг олдини олиш чораларини ишлаб чиқишни тавсия этмоқда.

Ўзбекистон банк-молия тизими таҳлили шуни кўрсатдики, бугунги кунда гаров учун қўйиладиган мулкни ихтисослаштирилган реестрларда рўйхатдан ўтказиш тартиби мавжуд. Бироқ гаровга қўювчи ва олувчилар фойдаланиши мумкин бўлган ягона маълумотлар базаси йўқлиги амалиётда айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу маънода, мазкур Қонун кредитларни расмийлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш, мулкни гаров айланмасига қўшиш ва маблағ ажратишда тижорат банклари рискларини камайтиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Экспертларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг амалиётга жорий этилиши мамлакатимизда бизнес ва инвестиция муҳитини янада яхшилайди.

Шу ўринда яна бир гап. “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши лизинг берувчилар ва лизинг олувчилар учун ҳам ҳуқуқий кафолат тизимини кенгайтиради. Зеро, гаров реестри юзага келиши мумкин бўлган хавфни бартараф этишнинг муҳим воситасига айланади. Негаки, гаров объектининг мажбурий реестрдан ўтиши лизинг шартномаси томонлари гаров объектининг ҳуқуқий ҳолати ҳақида ўз вақтида тўлиқ маълумотга эга бўлишига замин яратади.

Янги Қонунга биноан, гаров реестри тушунчасига таъриф берилган. Унга мувофиқ, гаров реестри кредиторларнинг қарздорлар мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувларни ўз ичига олган маълумотлар базасидир. Қонунда, шунингдек, кредиторларда қарздорларнинг мол-мулкига ҳуқуқлар вужудга келиши учун асослар рўйхати келтирилади. Ҳуқуқий ҳужжатда гаров реестрига ундан фойдаланувчилар — тегишли ташкилот билан шартнома тузган жисмоний ва юридик шахслар томонидан ёзув киритиш шартлари алоҳида ёритиб берилмоқда. Бундан ташқари, Қонунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва солиқ ҳамда божхона хизмати идораларининг бу борадаги ваколатлари ўз аксини топаяпти.

Шунингдек, гаров реестрига ёзув киритиш ва уни чиқариб ташлаш тартиби жорий этилади. Чунончи, бу вазифа интернет орқали бажарилади. Бундан ташқари, ёзувлар қарздор, кредитор тўғрисидаги зарур маълумотларни, уларнинг идентификация маълумотларини, қарздор мол-мулки ва кредиторнинг бу мол-мулкка бўлган ҳуқуқлари тавсифини ўз ичига олган бўлиши керак. Ёзувни чиқариб ташлаш кредиторнинг қарздор мол-мулкига нисбатан ҳуқуқлари бекор қилинганидан кейин амалга оширилади.

Шу билан бирга, Қонунда гаров реестри ёзувларини сақлаш ва рухсатсиз фойдаланишдан, уларни йўқ қилиб ташлашдан, ўзгартиришдан муҳофаза қилиш ҳам алоҳида белгилаб қўйилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши банк-молия тизимига замонавий гаров реестри муносабатларини жорий этади. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиёти, чунончи, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг банк кредитларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириб, мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга, молиявий хизматлар кўламини кенгайтиришга, бюрократик тўсиқларни камайтиришга, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Абдурашид АЛТИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.

Янгиланган сана:

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati