O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ошкоралик, муқобиллик ва тенглик

 

14.09.2013 18:11

Жорий йилнинг ноябрь — декабрь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг асосий тамойилларидир

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон манфаатлари устувор бўлган демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда. Бу янгиланишлар жараёнида халқимизнинг бой тарихий тажрибаларини ўзида мужассам этган ноёб бошқарув тизими — маҳалланинг роли ҳамда таъсири тобора ошиб бормоқда. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг яқинда қабул қилинган “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Маълумки, фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг ваколатлари муддати шу йил ноябрь — декабрда тугайди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8, 10 ва 11-моддаларига мувофиқ, юртимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига навбатдаги сайлов ўтказилиши Сенат Кенгашининг мазкур қарори билан белгиланди. Эътиборлиси, бу галги сайлов жараёнларида 9756 нафар фуқаролар йиғини раисини ҳамда уларнинг 97 минг нафардан зиёд маслаҳатчиларини сайлаш режалаштирилмоқда.
— Мамлакатимизда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа — фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича ишлар бошлаб юборилди, — дейди сенатор Эркин Рўзметов. — Айтиш жоизки, бу борадаги тайёргарлик ишлари анча илгари бошланган эди. Аниқроқ айтганда, 2013 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг ижросини таъминлаш мақсадида тегишли тадбирлар режаси асосида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш масалалари бўйича аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилди.
Брифингда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорига биноан, 2013 йил ноябрь — декабрь ойлари фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддати сифатида белгилангани ҳамда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга доир тадбирлар режаси тасдиқлангани таъкидланди.
— Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясининг тузилиши сайлов жараёнларининг адолатли, ҳаққоний ва уюшқоқлик билан ўтказилишида муҳим омил бўлади, — дейди сенатор, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Анвар Аҳмедов. — Шу мақсадда ушбу комиссия таркибига парламент иккала палатаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, тегишли вазирлик ва идораларнинг, жамоат ташкилотларининг вакиллари киритилди. Бу эса олдимизда турган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа — сайлов жараёнларида ўз самарасини беради, албатта.
Тадбирда фуқаролар йиғинлари органларини шакллантиришда фуқароларнинг иштироки билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқариш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратиш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари сайлови жараёнининг барча иштирокчилари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз ва оғишмай риоя этилишини таъминлаш ҳамда номзодлар ва уларнинг ахлоқий фазилатлари билан сайловчиларни таништириш вазифаларига эътибор кучайтирилиши айтиб ўтилди. Айни чоғда сайловга ошкоралик, муқобиллик ва тенглик тамойиллари асосида ҳозирлик кўриш ҳамда уни ўтказиш жараёнлари кенг ёритилиши, шунингдек, сайлов жараёнига ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол жалб қилиниши қайд этилди.

Ш. ХОЛТЎРАЕВ.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati