O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади

Қашқадарёда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш — бандлик ўсиши ва аҳоли даромадлари кўпайишининг муҳим омили” мавзуида семинар ўтказилди.

Соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси самарадорлиги ва таъсирчанлигини оширишга бағишланган мазкур тадбирда сенаторлар, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, маҳаллий ижро этувчи ва бошқарув органлари раҳбарлари, вазирлик ва идоралар масъуллари, олим ва экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ҳамда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини қарор топтириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилашнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани таъкидланди. Хусусан, Президентимизнинг 2011 йил 6 январдаги қарори билан тасдиқланган 2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кўламини кенгайтириш соҳасидаги чора-тадбирлар дастури ҳамда 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида хусусий мулкнинг устуворлигини таъминлаш ҳамда унинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш, корхоналарнинг молиявий-хўжалик фаолиятига давлат ва назорат органлари аралашувини қисқартириш бўйича аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. 

Айни чоғда вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда шу орқали аҳоли бандлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада олиб борилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 2012 йилда вилоят бўйича 2366 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган. Улар томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми олдинги йилдагига нисбатан 
115 фоизга ўсган. Экспорт ҳажми 111 фоизга ошиб, 62,2 млн. АҚШ долларини ташкил этган, унинг умумий экспорт ҳажмидаги улуши эса 18 фоизгача кўтарилгани эътирофга лойиқ.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят тижорат банклари томонидан 286,5 млрд. сўмлик кредитлар ажратилган. Бу кўрсаткич 2011 йилдагига нисбатан 32 фоизга кўпдир. Инвестиция дастурлари ҳамда бошқа дастурларни амалга ошириш натижасида 2012 йилда вилоятда 88 794 та иш ўрни яратилган.

Семинарда вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятига халал бераётган айрим тўсиқларни бартараф қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам таҳлил этилди. 

Муҳокама чоғида семинар қатнашчилари ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишини ҳуқуқий ва молиявий қўллаб-қувватлаш учун кичик бизнес субъектларини ахборот билан тўла таъминлаш бўйича интерфаол хизматларни бундан буён ҳам жорий этиш зарурлигига тўхталиб ўтдилар. Шу билан бирга, вилоят тадбиркорлик субъектларини солиқ ва молиявий ҳисобот топширишнинг электрон  тизимига  тўлиқ ўтказиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашнинг электрон тизимига босқичма-босқич ўтилишини таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар. 

Якунда муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Матбуот хизмати.

Чоп этилган сана: 14.02.2013 11:17:11
Янгиланган сана:

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati