O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

 

13.12.2013

2013 йил 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи кунини сенаторлар асосий мақсади ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат бўлган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.

Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига, шу жумладан, «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ, Оила, Жиноят кодексларига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур Қонуннинг асосий қоидалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августдаги «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2012 йил 30 ноябрдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2012 йил 10 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2012 йил 13 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонларига мувофиқ тайёрланган.

Қонун ҳужжатларига киритилаётган тузатишлар судлар фаолиятини, шу жумладан, суд кадрларини танлаш, тайёрлаш ва лавозимларга тавсия этиш тизимини янада такомиллаштиришга, суд органлари ходимлари учун ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатларни кучайтириш, маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларига сайлов бўйича сайлов қонунчилиги ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ва улардаги партия гуруҳлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга, шунингдек, чет элдан инвестициялар жалб этишни ва мамлакатда инвестиция муҳитини янада рағбатлантириш, Ўзбекистон ҳудудида чет эллик инвесторлар фаолияти учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Қайд этилганидек, киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сиёсий партияларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ бўлган ғоят муҳим вазифаларни ҳал қилишдаги ролини янада кучайтиришни, аҳолининг уй-жой-маиший шароитларини яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг муҳтож қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини оширишни назарда тутади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепциясининг асосий принциплари ва қоидаларини ифодалайдиган, Ўзбекистон Республикасининг бошқа мамлакатлар билан халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга қаратилган бир қатор Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2013 йил 14 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Шартнома Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи вақтида 2013 йил 14 июнь куни икки давлат бошлиқлари томонидан имзоланган.

Парламент юқори палатаси аъзолари «Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2013 йил 9 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Муҳокама вақтида таъкидланганидек, Хитой Халқ Республикасининг Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи вақтида 2013 йил 9 сентябрда Тошкент шаҳрида икки давлат бошлиқлари томонидан имзоланган мазкур Шартнома Ўзбекистон билан Хитой ўртасида дўстона алоқалар, стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий, транспорт, энергетика, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларини, уларни рўёбга чиқариш механизмларини белгилаб беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар «2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Шартномани унинг Томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш ҳақидаги Баённомани (Минск, 2013 йил 31 май) ратификация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.
Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш тўғрисидаги масалаларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқдилар.

Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Сенатнинг икки кунлик мажлисида 16 та масала, шу жумладан, 9 та қонун кўриб чиқилди. Уларнинг амалга оширилиши аҳоли турмуш даражасини, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни янада оширишнинг қудратли омилига айланади.

Кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш вақтида сенаторлар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришнинг, инсонпарварлик ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун замон талабига кўра янги қонунлар қабул қилинишининг, жамият ва давлат манфаатларининг мувозанатини, фаол ижтимоий шерикликни таъминлашнинг, молиявий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ тизимларининг асосларини мустаҳкамлашнинг алоҳида аҳамиятга эгалигини якдиллик билан таъкидладилар.

Сенаторлар томонидан маъқулланган қонунлар ва қабул қилинган қарорлар давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
матбуот хизмати

Content on this page requires a newer version of Adobe Flash Player.

Get Adobe Flash player

***

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati