O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Сайловга пухта ҳозирлик кўрилмоқда

 

13.09.2013 19:41

МаҳаллаЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган брифинг ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси С.Ортиқова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маҳалла институтини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг қўламли ислоҳотлар кучли фуқаролик жамияти барпо этишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг амалдаги қонунлар доирасида холис, очиқ-ошкора ўтишини таъминлаш бунда муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг жорий йил 12 сентябрда қабул қилинган «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига биноан фуқаролар йиғинлари раислари ва маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддати 2013 йил ноябрь-декабрь ойлари этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ мамлакатимизда мазкур сайловни ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Бўлажак сайловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 9756 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 97 мингдан ортиқ маслаҳатчиси сайланади. Бу масъулиятли лавозимларга ҳар томонлама муносиб номзодларни танлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларини чуқурлаштириш, сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati