O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент назорати

ҚОНУН ИЖРОСИ ВА МАСЪУЛИЯТ

13.08.2013

Урганчда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ижросини ташкил қилиш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг атроф-муҳитни муҳофаза этиш, маҳалла ҳудудини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, қишлоқ аҳоли пунктларининг инфратузилмасини, қишлоқда шахсий уй-жой қурилишини ривожлантиришдаги иштироки масалалари муҳокама қилинди.

Мажлисда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг депутатлари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят, туман ва шаҳар бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди.

Қайд этилганидек, Хоразм вилоятидаги 608 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органида масалаларнинг долзарблигига қараб тегишли комиссиялар тузилган. Ҳудудий тадбирлар режаларига мувофиқ, вилоятда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролар йиғинларини хизмат бинолари билан таъминлаш ҳамда замонавий техника воситалари билан жиҳозлаш, уларнинг биноларини таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўзида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг сессияларида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш масалалари бир неча марта кўрилган бўлиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилинган. Қарорлар ижроси устидан тегишли назорат ўрнатилган. Фуқаролар йиғинлари ўз ваколатлари доирасида муайян ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария ҳолати, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ҳисоботларини мунтазам тинглаб бормоқда.

Масалан, Янгибозор туманида “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг бўлинмаси томонидан намунавий ойлик ва ҳафталик режалар ишлаб чиқилиб, фуқаролар йиғинлари раисларига тарқатилган. Уларга мувофиқ, ҳар ҳафтанинг шанба куни ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича тадбирлар, шунингдек, фуқароларнинг томорқа ерларидан самарали фойдаланишни ўрганиш куни ўтказилмоқда. Вилоят телевидениесида ҳар ойда икки марта “Табиат ва инсон” кўрсатуви эфирга узатилмоқда. “Хоразм ҳақиқати” ҳамда “Хорезмская правда” газеталари саҳифаларида “Томорқа — тўкинлик манбаи”, “Табиат тақдири — инсон тақдири” деган доимий рукнлар ташкил этилган.

Вилоятда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати кўмагида 733 нафар ёлғиз пенсионер ва ижтимоий муҳофазага муҳтожларнинг томорқаларида буғдой, картошка, сабзавот ҳамда бошқа экинлар экилди, боғ-токзорлар барпо этилди.

Фуқаролар йиғинларининг тавсияларига мувофиқ, қишлоқ аҳоли пунктларининг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича самарали тадбирлар олиб борилмоқда: гузарлар ташкил қилинмоқда, сартарошхоналар, маиший техникани таъмирлаш устахоналари, савдо дўконлари, кичик новвойхоналар ва бошқалар қурилаяпти. Фуқаролар йиғинларида ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш масалалари мунтазам муҳокама қилиб борилмоқда.

Шу билан бирга, мажлисда мавжуд камчилик ва нуқсонларга эътибор қаратилди. Қонунлар нормаларининг талаблари ижро этилишини таъминлашга ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлинмалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар берилди. Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг Матбуот хизмати.

Янгиланган сана:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati