O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Қонунлар ижроси муҳокама қилинди

 

12.11.2013

Қашқадарёда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги ҳамда “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг давлат органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор ва Китоб давлат қўриқхоналари мисолида кўриб чиқилди.
Мажлисда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбарлари, манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вакиллари, олимлар ва экспертлар қатнашди.
Таъкидланганидек, Қашқадарё вилоятининг давлат органлари томонидан юқорида номлари зикр этилган қонунлар нормалари талабларини бажариш мақсадида Ҳисор ва Китоб давлат қўриқхоналарининг қўриқланадиган табиий ҳудудларини ташкил қилиш, муҳофаза этиш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш борасида аниқ мақсадли иш олиб борилмоқда.
Маълумки, ноёб, қимматли табиий мажмуаларни, ўсимлик ва ҳайвонларнинг генетик фондини асл ҳолида сақлаб қолиш, табиий жараёнларни ўрганиш, инсон фаолияти табиатга салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш мақсадида Қашқадарё вилоятида Ҳисор давлат қўриқхонаси ва Китоб давлат геологик қўриқхонаси ташкил қилинган. Ҳисор давлат қўриқхонаси Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағрида жойлашган бўлиб, унинг умумий майдони 80 минг 986 гектарни, шундан ўрмон билан қопланган майдон 24 минг 308 гектарни, қалин ўрмонлар 11 минг 483 гектарни ташкил этади. Қўриқхона Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ихтиёрида. Қўриқхонада ҳайвонот ва набототни муҳофаза этиш, амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқбузарларни жавобгарликка тортиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан, ҳайвонот дунёси объектларини ва уларнинг яшаш муҳитини кузатиш, уларнинг ҳолатига доир ахборотни тўплаш, умумлаштириш ҳамда таҳлил қилиш бўйича иш олиб борилаяпти, ҳайвонлар сони ҳисоби доимий равишда юритилаётир. Қўриқхонада ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини ўрганиш бўйича тўртта йўналишда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Китоб давлат геологик қўриқхонаси Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида — Зарафшон тоғининг жануби-ғарбий ёнбағрида жойлашган. Унинг майдони 3 минг 938 гектар бўлиб, шунинг 927 гектари ўрмон билан қопланган. Қўриқхонада жорий йилнинг 8 ойи мобайнида 10 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган. Шунингдек, бу ерда тегишли илмий тадқиқот ишлари амалга оширилаяпти.
Шу билан бирга, мажлисда давлат органлари томонидан юқоридаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашдаги айрим камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Мажлисда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг Қашқадарё вилоятидаги қўриқхоналар ҳудудида мазкур қонун ҳужжатлари оғишмай бажарилишини таъминлаш борасидаги фаолиятини кучайтиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati