Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қарори


Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 23-моддаси, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8, 10 ва 11-моддаларига мувофиқ, шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати 2013 йил ноябрь–декабрда тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:

1. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг навбатдаги сайловини ўтказиш муддати 2013 йил ноябрь–декабрь ойлари этиб белгилансин.

2. Бўлажак сайловда 9756 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 97 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. 2013 йил ноябрь–декабрда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2013 йилнинг 1 октябригача бўлган муддатда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияларни тузиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига кўмаклашиш, зарурат бўлганда уларни бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш;

халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларига ўз сайлов округларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни тайёрлаш ва ўтказишни ташкил этишда фаол иштирок этиш;

оммавий ахборот воситаларига фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш жараёнини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар томонидан ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси ўтказилган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисидаги ахборотни умумлаштирсин ҳамда 2014 йил 15 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгашига сайлов якунлари тўғрисида ахборот берсин.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И.Собиров 

Тошкент шаҳри,
2013 йил 12 сентябрь

 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati