O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот

 

12.09.2013 19:41

Фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг ваколатлари муддати шу йил ноябрь–декабрда тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 23-моддаси ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8, 10 ва 11-моддаларига мувофиқ мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига навбатдаги сайловни ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу йил 9756 нафар фуқаролар йиғини раисини ва уларнинг 97 минг нафардан ортиқ маслаҳатчисини сайлаш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг шу йил 12 сентябрда бўлиб ўтган мажлисида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида ўтказиб келинган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда талабчанликни кучайтириш мактабига айланди.

2013 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қоидалари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2013 йил 14 июндаги қарори билан фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш масалалари бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишини ташкил этишни назарда тутувчи тегишли тадбирлар режаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига тавсиялар тасдиқланиб, уларга мувофиқ ушбу қонунларнинг моҳияти ва мазмунини аҳолига кенг миқёсда етказишга қаратилган тизимли иш олиб борилди.

2013 йилда бўлажак фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови юқоридаги қонунлар нормаларининг талабларига мувофиқ, давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнлари чуқурлашиб бораётган, сифат жиҳатидан янги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий шароитда бўлиб ўтади.

Муҳокама жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг аъзолари томонидан таъкидлаб ўтилганидек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасидаги энг муҳим талаблар ҳамда мақсадли вазифалар фуқаролар йиғинларининг органларини шакллантиришда кенг иштирок этиш борасидаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўла-тўкис рўёбга чиқариш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитларни таъминлашдан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари сайлови жараёнининг барча иштирокчилари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз ва оғишмай риоя этилишидан, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар билан, уларнинг ишчанлик ва ахлоқий фазилатлари билан фуқароларни таништиришдан иборат. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ғоят муҳим омили бўлган ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида тайёрлаш ва ўтказишнинг боришини кенг ёритиш бўйича самарали ахборот-таҳлил ишини олиб бориш, шунингдек, сайлов жараёнига ёшлар ва хотин-қизларни фаол жалб этиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш талаб қилинади.

Масалани муҳокама қилиш якунлари бўйича олдинги сайловларнинг тажрибасини ва қонун ҳужжатларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида” қарор қабул қилиб, унда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддати қилиб 2013 йил ноябрь–декабрь ойларини белгилади, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режасини тасдиқлади.

Шунингдек, Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясини тузди, унинг таркибига парламент иккала палатаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, бошқа вазирлик ва идораларнинг вакиллари киритилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati