O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Сайловга тайёргарлик қизғин

 

09.10.2013 18:32

Тошкент вилоятида жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига катта тайёргарлик кўрилмоқда.

Вилоятда сайловга тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилаётган тадбирларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун-моҳияти, сайловда эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритилмоқда.

Тошкент вилоятида бир минг бир юз элликдан ортиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

– Бўлажак сайловда вилоят бўйича 1157 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 11 минг нафардан ортиқ маслаҳатчиси сайланади, – дейди халқ депутатлари вилоят кенгашининг сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси, вилоят кенгаши депутати Баҳодир Тоғаев. – Бу вазифаларга обрўли, катта ҳаётий тажрибага эга, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама муносиб номзодлар кўрсатилишини таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда.

Айни пайтда шаҳар ва туманлардаги ишчи гуруҳлари томонидан номзодлар ўрганилиб, уларнинг рўйхати шакллантирилаётир. Бугунги кунга қадар, белгиланган муддатдан олдин Олмалиқ шаҳри, Қибрай, Оҳангарон ва Паркент туманларидан номзодлар рўйхати сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссиясига тақдим этилди.

Вилоятда бу борадаги ишлар қизғин давом этмоқда.

UzA

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati