O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

МИНТАҚАЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ҚИЛИШДА СЕНАТОРЛАР ВА ДЕПУТАТЛАР КОРПУСИНИНГ РОЛИНИ ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

08.02.2013

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида ҳар бир ҳудуд учун устувор тармоқларни аниқлаш, табиий-хом ашё ресурсларидан янада тўлиқроқ фойдаланиш, саноат ишлаб чиқаришини, айниқса, қайта ишлаш тармоқларини, хизматлар соҳасини, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани тезкор ва мувозанатли ривожлантириш асосида ҳудудларни тармоқлар билан узвий боғлаган ҳолда комплекс ривожлантиришни таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.
Ривожлантиришнинг мана шу энг муҳим устувор йўналишларини бажариш ҳар бир сенатордан, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг депутатидан юксак уюшқоқлик ва ташаббускорликни, халқ депутатлари Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги аниқ вазифаларни ҳал қилишга қаратилган ишида самарадорликни ошириш йўлларини доимий равишда излашни талаб қилади.
 Шу йил 8 февралдан 1 мартгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ҳамда ўтказилган «Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ҳудудий муаммоларни ҳал қилишдаги роли» мавзуидаги туркум семинар-тренинглар ана шу ва бошқа масалаларга бағишланди.
Семинар-тренинглар ишида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмиталари ва халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари, сиёсий партиялар депутатлар гуруҳларининг раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳларнинг аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг,  вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ташкилий-назорат бўлими ва вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг ташкилий-назорат гуруҳларининг, сиёсий партиялар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Қорақалпоғистон Республикасидаги, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлимлари раҳбарлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинар-тренингларда таъкидланганидек, сўнгги йилларда жойларда депутатлар корпусининг фаоллиги ва ролини оширишда айрим ижобий натижаларга эришишга муваффақ бўлинган. Чунончи, мамлакатда фаолият кўрсатаётган, жами 5981 нафар депутатни ўзида бирлаштирган 208 та халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг ва уларнинг 1191 та доимий комиссиясининг фаолияти сезиларли даражада жонланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, қонунлар, давлат дастурлари ва ҳудудий дастурлар ижросини таъминлашнинг долзарб масалалари танқидий жиҳатдан кўриб чиқила бошлади, ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланмоқда. Сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишга сезиларли таъсир кўрсатаётганини қайд этиб ўтиш лозим. Бунда ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилишда сиёсий партиялар депутатлар гуруҳларининг фаолиятини кучайтириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг 2012 йилдаги фаолиятини мониторинг қилиш натижалари ижтимоий-иқтисодий хусусиятга эга бўлган ҳудудий муаммоларни ҳал қилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, сенаторлар фаолиятида баъзи камчиликлар мавжуд эканлигидан далолат бермоқда. Аксарият ҳолларда уларда амалийлик, аниқлик етишмайди, қабул қилинган қарорларнинг ижроси етарли даражада назорат қилинмаётир, депутат ва сенатор сўровларига ижро этувчи ҳокимият органларининг жавоб бериши масалаларида талабчанлик паст даражада.
Шу муносабат билан,  семинар-тренингларда Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида қўйилган ҳар бир ҳудуд учун устувор тармоқларни аниқлаш, ҳудудларни тармоқлар билан узвий боғлаган ҳолда комплекс ривожлантиришни таъминлаш  вазифаларидан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Семинар-тренингларда иштирокчиларга сенаторлар, депутатлар, мутахассислар, олимлар ва амалиётчиларнинг қуйидаги масалалар бўйича маърузалари ва чиқишлари интерфаол шаклда таклиф қилинди: «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги «Инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш – бизнинг бош мақсадимиздир» номли маърузасининг мазмуни ва моҳияти ҳақида», «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги «Бош мақсадимиз – кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш» номли маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида», «Сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари томонидан минтақавий муаммоларни аниқлашнинг ўзига хос хусусияти ва уларни Кенгашлар сессиялари ёки доимий комиссиялар мажлисларида муҳокама қилиш тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар фаолиятини янада кучайтириш масалалари», «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари ёки улар доимий комиссиялари мажлисларида минтақалар учун долзарб аҳамиятга молик ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама қилишда сиёсий партиялар депутатлар гуруҳларининг иштироки тўғрисида» ва бошқалар.     

Семинар-тренинглар иштирокчилари кенг кўламда ва ҳар томонлама фикр алмашдилар, ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Матбуот хизмати

Чоп этилган сана: 08.02.2013 18:50:11
Янгиланган сана:

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati