O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВА СЕРВИС СОҲАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ АҲОЛИ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ЮКСАЛТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

07.08.2013

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш — ички талабни таъминлаш ва аҳолининг турмуш даражасини оширишнинг самарали чораси” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда сенаторлар, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутатлари, маҳаллий ҳокимият ижроия органларининг раҳбарлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, олимлар ҳамда экспертлар қатнашди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Самарқанд вилоятида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш, аҳолини янги, замонавий ҳамда сифатли хизмат турлари билан таъминлаш, иқтисодиётни барқарор ривожлантиришда соҳанинг ролини кучайтириш ва қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида муайян ишлар қилинган.

— Аҳоли турмуш даражасини яхшилаш хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга бевосита боғлиқдир, — дейди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Суюн Абдиев. — Бу эса, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлайди, даромадини оширади. Бу борада Самарқанд вилоятида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилган. Айниқса, туризмни ривожлантиришда қўлга киритилган ютуқлардан ибрат олса, арзийди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил

10 майдаги ва 2013 йил 17 апрелдаги қарорлари билан тасдиқланган 2012 — 2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури, шунингдек, 2013 — 2016 йилларда Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ жойларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада жадал ривожлантириш дастурини ҳамда тегишли ҳудудий дастурларни рўёбга чиқариш натижасида 2013 йилнинг олти ойида вилоят аҳолисига кўрсатилган пуллик хизматлар жами 120,6 фоизга ўсган. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида хизмат кўрсатиш ва сервиснинг ҳиссаси 54,6 фоизга етди. Бу белгиланган параметрлардан анча ортиқдир.

Хизматларнинг замонавий юқори технологик ва бозор турлари, чунончи, телекоммуникация, молия-банк, суғурта ва туризм-экскурсия хизматлари жадал ривожланиб бораётир. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 2012 йилда ҳамда 2013 йилнинг олти ойида тегишинча 21762 та ва 10596 та иш ўрни яратилган.

— Бугун ёш авлодга замон талаблари даражасида таълим бериш билан бир қаторда уларни келгусида муносиб иш ўринлари билан таъминлаш ҳам долзарб вазифага айланган, — дейди Самарқанд вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Муродулло Холмуҳамедов. — Бунда ўқув муассасаси — битирувчи — иш берувчи ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар, айниқса, қўл келаётир.

Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиши уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, кафолатли иш ўрни яратишига катта кўмак бераяпти. Шу аснода хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини равнақ топтиришга замин яратилмоқда.

Қолаверса, вилоятда ушбу секторни ривожлантиришда мавжуд имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги қайд этилди.

Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида тадбиркорлик ташаббусини янада кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, шу жумладан, соҳада иш ўринлари сонини кўпайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган турли хизматларнинг, биринчи навбатда, коммунал-маиший, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги хизматларининг ҳажмларини янада кенгайтириб бориш ҳамда турларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, анъанавий хизматлар билан бир қаторда, замонавий хизмат турларини — юридик, консалтинг, молия, лизинг ва баҳолаш хизматларини ривожлантиришга, хизматлар кўрсатиш ҳамда сервис соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш зарурлиги қайд этилди.

Муҳокамада ҳудудлар салоҳияти ҳамда имкониятларидан тўла-тўкис фойдаланган ҳолда, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг жадал ривожланишини таъминлашда қонун ҳужжатларига риоя этиш алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Давра суҳбати якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Янгиланган сана:

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati