O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

ИҚТИСОДИЙ ЮКСАЛИШ ОМИЛИ

05.06.2013

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва рағбатлантириш — Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти: қонунчилик, амалиёт ва муаммолар” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.


Сенаторлар, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, экспертлар, ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарининг мутахассислари, олий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, илмий тадқиқот институтлари олимлари иштирок этган тадбирда ишлаб чиқаришга юқори технологияларни жорий қилиш ва шу орқали иқтисодиёт рақобатбардошлигини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари, механизмлари муҳокама қилинди.

Маълумки, Юртбошимизнинг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни таъминлайдиган кимё, нефть-газ ва нефть-кимё саноатини, машинасозлик, металлни қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил, озиқ-овқат саноатининг юқори технологияларга асосланган тармоқларини ва бошқа соҳаларни юксак даражада ривожлантириш олдимизга қўйилган мақсадларга эришишнинг асосий манбаи бўлиши даркорлиги таъкидланган эди.

Дарҳақиқат, ҳозирги пайтда юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш иқтисодиётнинг янада тараққий этиши ва соҳадаги тармоқ ҳамда корхоналар рақобатбардошлигини оширишда асосий омил бўлмоқда. Зеро, саноат тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш дастурларини амалга ошириш, рақобатбардош янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш бугун долзарб вазифалардан саналади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида 50 млрд. АҚШ долларилик 500 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш назарда тутилмоқда. Ушбу дастурга кўра, юқори технологиялар асосида саноатни таркибий ўзгартириш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида эса, 2015 йилга бориб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тармоқлар салмоғини саноат соҳасида 41 фоиздан 49 фоизгача, саноатнинг экспортдаги салмоғини 42,3 фоиздан 63 фоизгача кўпайтириш кўзда тутилмоқда.

Мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити натижасида иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига йўналтирилган сармоя ҳажми тобора ошиб бораётир. Бу, биринчи навбатда, хусусий инвесторлар маблағларини жалб этиш ҳисобига амалга оширилаётгани эътиборга моликдир. Бундай саъй-ҳаракатлар мавжуд корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни жадаллаштириш ҳамда хорижликлар билан бемалол рақобатлаша оладиган янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш имконини беради. Фақатгина тўқимачилик саноатида яқин йилларда умумий қиймати 1,7 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган 55 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланмоқда, бу эса 2015 йилга бориб, республикамизда пахта толасини қайта ишлаш ҳажмини 70 фоизга етказишда қўл келади. Конференцияда мамлакатимизда юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Турли тармоқларга юқори технологияларни жорий этишнинг ҳозирги ҳолати, йўналишлари ва истиқболлари таҳлил қилинди, саноат кооперациясини рағбатлантириш ва маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш каби масалалар кўриб чиқилди.

Тадбирда ишлаб чиқилган тавсиялар юқори технологик ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга йўналтирилган тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари ҳамда механизмларини янада такомиллаштириш жараёнида қўл келиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

top

Чоп этилган сана: 05.06.2013 21:24:11
Янгиланган сана:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati