O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

Қулай инвестициявий муҳит иқтисодиётимиз равнақида алоҳида ўрин тутади

2013 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Навоий шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган тадбирда сенаторлар, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутатлари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар мутахассислари ва экспертлари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Унда чет эл инвестициялари ва замонавий технологияларни жалб қилиш, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги ҳамда “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари талабларини ижро этиш борасида вилоят маҳаллий ҳокимият органлари томонидан олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. 
Йиғилишда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш стратегияси қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш ва тобора кўпроқ чет эл инвестицияларини жалб этишда ҳал қилувчи омил бўлаётгани таъкидланди. Ўз навбатида, бу борада қабул қилинган қонунлар мамлакат инвестициявий сиёсатини рўёбга чиқаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 
Эътироф этиш керак, бугун Навоий вилояти мамлакатимизнинг йирик индустриал ва маданий марказларидан бири ҳисобланади. Президентимиз ташаббуси билан 2008 йил декабрда мамлакатимиз тарихида илк бор эркин индустриал-иқтисодий зона айнан шу вилоятда ташкил қилингани бу борадаги ишларни янада самарали йўлга қўйишда қўл келмоқда.
Йиғилишда юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларининг вилоятдаги ижроси таҳлил қилинди. Ўрганишлар натижасига кўра, сўнгги йилларда ҳудудда чет эл инвестицияларини жалб этиш, улар иштирокидаги корхоналар фаолиятини рағбатлантириш, чет эллик инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг бу жараёндаги ролини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган. Натижада 2012 йилда вилоят иқтисодиётига 210 миллион АҚШ долларига яқин чет эл инвестициялари ва кредитлар жалб этилди.
Тадбирда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудидаги хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Қайд этилганидек, ҳозир бу ерда дунёнинг 22 мамлакати инвестициялари иштирокидаги 47 та корхона фаолият юритмоқда. Барпо этилган корхоналар 30 та тармоқни, жумладан, электрон, электр лампа, кимёвий, тўқимачилик ва ипакчилик, ёғ-мой саноати, электр жиҳозлари, тикувчилик буюмлари, тиббий техника, қурилиш материаллари, ликер-ароқ, сутли маҳсулотлар консервалари, алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш, шунингдек, чарм ва жунни қайта ишлаш, деҳқончилик, балиқчилик корхоналарини, транспорт хизматлари ва бошқаларни ўз ичига олади.  2005 — 2012 йиллар мобайнида чет эл инвестициялари иштирокида ташкил этилган корхоналар томонидан 1,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 523,9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган.
Жорий йилда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида Жанубий Корея, ХХР, АҚШ, Германия, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон ва бошқа мамлакатлар иштирокида 25 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.
Муҳокама давомида сенаторлар мазкур йўналишда вилоят маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ишида айрим камчиликлар мавжудлигига эътибор қаратдилар. Хусусан, қабул қилинган қарорларнинг ижро этилишини назорат қилиш, вилоятда, айниқса, туманларда кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш соҳасида мавжуд имтиёзлар ва кредит тизимлари, шунингдек, ушбу кредит тизимларини ўзлаштиришга ўқитиш имкониятлари тўғрисида тадбиркорларни хабардор қилиш бўйича ишлар талаб даражасида олиб борилмаётгани таъкидланди. 
Йиғилишда мавжуд муаммоларни бартараф этишга оид зарур кўрсатмалар берилди. 
Якунда муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Азамат ЗАРИПОВ, 
«Халқ сўзи» мухбири.

Чоп этилган сана: 06.03.2013 16:50:11
Янгиланган сана:

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati