O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот

2013 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисини шу йил 28-29 март кунлари Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сенат ялпи мажлисининг кун тартибига сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг ҳамма соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштиришга қаратилган бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунлари киритилмоқда. “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонунлар ҳамда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришни, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришни назарда тутадиган бошқа қонунлар шулар жумласидандир.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Сеул, 2012 йил 20 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонунни ҳам муҳокама қиладилар.

Шу билан бир қаторда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида сенаторлар конституциявий ваколатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги, Ҳисоб палатасининг фаолияти тўғрисидаги, Бош прокурорнинг “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан прокурор назоратининг ҳолати ва уни янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини муҳокама қиладилар. Сенаторлар ялпи мажлисда адлия вазирининг 2012 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқадилар.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ваколатига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Матбуот хизмати.

Чоп этилган сана: 05.03.2013 19:50:11
Янгиланган сана:

O'zbekcha | Русский | English

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati