O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Қонун кучга кирди

МАҲАЛЛА САЙЛОВИНИНГ МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

03.05.2013

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ижтимоий фаоллигини кучайтиришда маҳалланинг аҳамияти ҳамда роли оширилишини таъминлайдиган чора-тадбирларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ғояси илгари сурилган эди. Ўтган даврда ушбу таклифлар асосида Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди ҳамда 2013 йилнинг 24 апрелидан кучга кирди.
Шу муносабат билан давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти хусусидаги фикрлари билан қизиқдик.

Раҳимахон ҚЎРFОНОВА, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Янги таҳрирдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонун шу йўналишдаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, пировардида маҳалланинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Аввало, ушбу Қонунни такомиллаштириш бўйича кенг жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш мақсадида Сенат томонидан жойларда давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилганини айтиш жоиз. Жойларда Қонуннинг ижро этилиши назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Тадбирлар якуни бўйича қонунчилик ташаббуси субъектига таклифлар киритдик, муҳими, ушбу таклифлар қонун ижодкорлиги жараёнида инобатга олинди.
“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун 5 боб ва 33 моддадан иборат. Ушбу Қонун бир қатор янги моддалар билан тўлдирилди, кўплаб қоидаларнинг мазмун-моҳияти муайян даражада ўзгартирилди. Жумладан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалаларида ҳокимият вакиллик органлари, энг аввало, Олий Мажлис Сенатининг роли ва масъулияти янада оширилди. Хусусан, Сенат Кенгашига фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни ўтказиш муддатларини, сайловга тайёргарлик тадбирларининг ўтказилиши муддатлари ва тартибини, яширин овоз бериш бюллетенларининг намуналари ва шаклларини белгилаш, Сенат Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясини тузиш каби муҳим ваколатлар берилди.
Шу билан бирга, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи таркибига халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари киритилиши белгиланди. Албатта, буларнинг барчаси фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тизимини бугунги кун талабларига мос даражада такомиллаштириш, ўз навбатида, фуқаролар йиғинларининг ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ҳамда ролини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Халқ сўзи газетаси
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ 

top

Чоп этилган сана: 03.05.2013 21:24:11
Янгиланган сана:

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati