O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг семинарлари

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ — УСТУВОР ВАЗИФА

03.05.2013

Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Республика Маънавият тарғибот маркази ва халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни гиёҳвандликдан, “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган ахлоқсизлик ва таҳдидлардан муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари” мавзуида семинар ўтказилди.

Унда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Адлия вазирликлари, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика “Оила” илмий-амалий маркази ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ жисмонан соғлом, маънавий етук ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 17 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида мазкур вазифа  долзарблиги тўғрисида гапириб, шундай деган эди: “...ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва хатарлардан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги даркор”. Шу боис ҳам бугун ушбу мураккаб, кенг қамровли, сермеҳнат стратегик вазифани амалга ошириш билан оила, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари, меҳнат жамоалари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳаллалар, хайрия жамғармалари, спорт ташкилотлари ва бошқалар изчил шуғулланмоқда. 
Бу жараёнда оилада қулай шароит ҳамда маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш, таълим муассасаларида ўқитиш ва тарбиялаш жараёнларини уйғунлаштирилган ҳолда олиб бориш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш, шунингдек, тегишли касбни эгаллаш ва ишга жойлаштиришда қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамай, йиғилишда уқтириб ўтилганидек, ахборот-коммуникация технологиялари, айниқса, глобал интернет тармоғи, мобиль алоқа ва электрон оммавий ахборот воситалари, реклама саноати ривожланиб бораётган ҳозирги шароитда ўқувчи ёшларнинг маълум қисми бўш вақтини кўпинча интернет-клубларда, видеосалонлар, тунги клублар, дискотекаларда ўтказишаётир. Натижада “оммавий маданият”нинг тубан намуналарида (кинофильмлар, ўйинлар, клиплар ва ҳ.к.) иштирок этмоқда, алкоголь ичимликлар ва гиёҳвандлик воситаларига боғланиб қолмоқда, бу эса уларнинг онги ва маънавиятига сезиларли даражада зарар келтирмоқда. Шундай экан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш тизимини тубдан яхшилаш, оила институтининг, тарбиячилар, ўқитувчи ва муаллимлар, ёшлар мураббийлари, меҳнат фахрийлари, маҳаллалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтларининг ёшлар ахлоқий фазилатларини шакллантириш, уларни ташқаридан турли ахборот-технологик каналлар орқали кириб келаётган ахлоқсизлик ва таҳдидлардан муҳофаза қилиш борасидаги роли ва масъулиятини ошириш айни муддаодир.
Семинар иштирокчилари мавжуд хато ва камчиликлардан келиб чиқиб, ёшларни миллий ўзига хослик, халқимизнинг асрий қадриятлари руҳида тарбиялашни янада такомиллаштириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Ёшларнинг қизиқиш, талаб ва интилишларини қондириш усуллари ҳамда шакллари, ижтимоий мулоқот гуруҳларини танлаш, уларнинг феъл-атвори ва юриш-туришини ўзгартириш масалаларида ҳушёр ва огоҳ бўлиш муҳимлиги ҳам алоҳида қайд этилди. 
Якунда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

top

Чоп этилган сана: 03.05.2013 21:24:11
Янгиланган сана:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati