O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Сайлов очиқлигини таъминлаш йўлида

 

02.10.2013 18:32

Наманган вилоятида ҳам шу йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида мазкур масала кўриб чиқилди ҳамда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия таркиби тасдиқланди.

Вилоят Ёшлар марказида мазкур комиссия аъзолари брифинг ўтказди.

Тадбирда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

– Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қонунларга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини янада такомиллаштириш бўйича оқсоқоллар ва уларнинг маслаҳатчилари энг муносиб фуқаролар ичидан сайланиши, фуқаролар ижтимоий фаоллигини кучайтиришда маҳалланинг аҳамияти ва роли оширилишини таъминлайдиган чора-тадбирларни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси Пахриддин Маткаримов. – Ўтган давр мобайнида парламентимиз томонидан янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди. Мазкур қонунлар навбатдаги сайловларнинг ҳар жиҳатдан такомиллашган тартибда ўтишини таъминлайди.

Бўлажак сайловда вилоятда 872 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 900 нафарга яқин маслаҳатчиси сайланади. Брифингда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиянинг сайловни амалдаги қонунчилик талаблари асосида ташкил этиш, Наманган шаҳри ва барча туманларда тегишли комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш, номзодлар сифат таркибига алоҳида эътибор қаратиш, муҳим сиёсий-демократик жараёнда фуқароларнинг ижтимоий фаоллигига эришиш борасидаги вазифалар ҳақида сўз юритилди.

UzA

Rus

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati