O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида

Инвестиция жалб этишни рағбатлантириш мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда долзарб аҳамиятга эга

02.05.2013

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида инвестиция фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ва тасдиқланган лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши устидан парламент, депутат назоратининг таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлаш масалалари мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Парламент юқори палатасининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ташкил этилган мазкур тадбирда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти масъуллари, олимлар, қатор вазирликлар, идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Семинарда таъкидлаб ўтилганидек, мустақиллик йилларида амалга оширилган бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш стратегияси қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш ва чет эл инвестициялари ҳажмини оширишда ҳал қилувчи омил бўлди. “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги ҳамда “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари мамлакат инвестициявий сиёсатини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этди. 
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мамлакат инвестициявий жозибадорлигини янада яхшилашга қаратилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Натижада охирги ўн йил давомида мамлакат иқтисодиётига киритилаётган инвестициялар ҳажми 3,2 баравар ортди, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳажми эса бу даврда 20 баравардан зиёд ўсди. 2005 — 2012 йиллар мобайнида чет эл инвестициялари иштирокида ташкил этилган корхоналар томонидан 1,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқилган. “Навоий”, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарининг ташкил этилиши бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. 
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш масалаларида парламент, депутатлик назорати ролини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сенат қўмиталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссиялари фаолияти сезиларли даражада фаоллашди, уларнинг мажлисларида чет эл инвестицияларини жалб этиш ва иқтисодиётни модернизация қилиш масалалари мунтазам равишда кўриб чиқила бошлади, улар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг аҳамияти ортди. 2012 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида мамлакат минтақаларига хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида парламент эшитуви ўтказилди.
Замонавий интерфаол тарзда ўтган семинар-тренингда бу соҳадаги қатор масалалар, жумладан, қабул қилинган қарорларнинг ижро этилишини назорат қилиш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига нисбатан талабчанликни ошириш, минтақаларда инвестициявий фаолият имкониятлари ва шарт-шароитлари тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш, инвесторларга юзага келган муаммоларни ҳал қилишда зарур ёрдам ва кўмак бериш сингари йўналишлар батафсил кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

Content on this page requires a newer version of Adobe Flash Player.

Get Adobe Flash player

top

Чоп этилган сана: 02.05.2013 21:24:11
Янгиланган сана:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati