O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИНИ ЮКСАЛТИРИШ — УСТУВОР МАҚСАД

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан изчил тараққий топтириш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган қонун ҳужжатлари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, сенаторлар Конституциямизда белгилаб қўйилган мутлақ ваколатлари доирасида бир қатор идораларнинг ҳисоботларини эшитишди.
“Халқ сўзи” мухбирлари билан мулоқотда бўлган сенаторлар парламент юқори палатасида кўриб чиқилган масалаларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратдилар.

Абдумавлон МАҲМУДОВ, 
Сардоба туманидаги “Барака” фермер хўжалиги раҳбари, сенатор:
— Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар ўз мазмун-моҳияти ва долзарблиги нуқтаи назаридан жуда муҳимдир. Маълумки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида юртимиз ҳаётини янгилаш ва эркинлаштиришга қаратилган қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилган эди. Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан муҳокама этилган ва маъқулланган янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам айнан шу қонунчилик ташаббусларининг амалдаги рўёби бўлди. Мазкур қонунлар маҳаллани аҳоли қизиқишлари ва манфаатларини муҳофаза қилиш, ўсиб келаётган ёш авлод маънавиятини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, касаначиликни ривожлантириш, жойларда жамоатчилик назоратини ўрнатишда муҳим фуқаролик жамияти институтига айлантиришга хизмат қилади. 

Светлана ОРТИҚОВА, 
Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:
— Парламент юқори палатаси ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган амалдаги қонунчиликка риоя этилиши аҳволи ва бу борадаги прокурор назоратини янада кучайтириш чоралари ҳақидаги ҳисоботини эшитишди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш борасида принципиал ислоҳотлар рўёбга чиқарилди. Биринчи навбатда, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашга оид ҳуқуқий асослар яратилди ҳамда изчил такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ифода этувчи ҳамда уларнинг ҳимоясини таъминлашга қаратилган кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларига оид универсал ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинди. Чунончи, бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ 20 га яқин халқаро шартнома ва конвенциялар иштирокчиси ҳисобланади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий, институционал ислоҳотлар рўёбга чиқарилди, юртимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш борасида жиддий ишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, прокуратура фаолиятини ислоҳ этиш, жазолаш органидан қонунларнинг қатъий ижро қилинишини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли муҳофазасини таъминлайдиган органга айлантириш бўйича салмоқли ишлар бажарилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳисоботида ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилиб берилган. Энг муҳими, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Баҳром МАМАЖОНОВ, 
Жиззах давлат педагогика институтининг “Умумий математика” кафедраси доценти, сенатор:
— Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиз бугун инсон ва унинг манфаатлари устувор бўлган кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлидан изчил бормоқда. Айниқса, фуқароларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, хусусан, Конституциямизда белгиланганидек, ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга устувор аҳамият берилмоқда. Бош прокурор ҳисоботида келтириб ўтилганидек, аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, касбга ўқитиш ва иш шароитини яхшилаш, меҳнатга ҳақ тўлаш борасида маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа мутасадди идоралар томонидан муайян ишлар амалга оширилаётир. Лекин прокурор назорати тадбирлари давомида маҳаллий ҳокимият органлари томонидан меҳнат ҳуқуқлари ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик ижроси талаб даражасида ташкил этилмаганлиги таъкидланди. Истиқболда бу борадаги қонунчилик талабларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш, айниқса, коллеж битирувчилари бандлигига эътиборни кучайтириш талаб қилинади.

Дилором ЭСОНБОЕВА, 
Наманган вилоятидаги Учқўрғон педагогика коллежи директори, сенатор:
— Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб, ўтган даврда Омбудсман Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда самарали фаолият олиб борганининг гувоҳи бўлдик. Омбудсман фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича мониторинг текширувларини ўтказиш, шунингдек, инсоннинг бузилган ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўғрисидаги фуқаролар шикоятлари ва мурожаатларини кўриб чиқиш, уларни тиклаш юзасидан қонуний чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашдаги саъй-ҳаракатларини янада кучайтириш, жойларда қонунлар тарғиботини изчил юритиш, пировардида аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ушбу жараёнда кенг жамоатчиликнинг ҳам фаол иштирокини таъминлаш мақсадга мувофиқдир.

Қуроқбой ЭРГАШЕВ, 
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси:
— Ялпи мажлисда кўриб чиқилган масалалар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эгадир. Ана шундай масалалардан бири, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботи саналади. Унда алоҳида қайд этилганидек, бугун юртимизда “ўзбек модели” асосида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар мажмуи аҳолининг реал даромадларини ошириш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиёт тармоқларини изчил тараққий топтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Ҳисоб палатаси томонидан “Бюджет тизими тўғрисида”ги Қонун талабларини ижро этиш мақсадида изчил ишлар олиб борилмоқда. Даромадлар тўлиқ тушиши, бюджетдан ташқари фондлар маблағларининг мақсадли, манзилли ва самарали фойдаланилиши назоратга олинган. Маҳаллий бюджетлар даромад базасини ошириш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича кўрилган чоралар натижаси жойларга бориб ўрганилган. Буларнинг барчаси мамлакатимизда бюджет интизомини қатъий ўрнатиш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Гулчеҳра САТТОРОВА, 
Кармана туманидаги 4-умумтаълим мактаби директори, сенатор:
— Адлия вазирининг 2012 йилда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти сенаторлар томонидан атрофлича муҳокама қилинганини алоҳида қайд этишни истардим. Зотан, ҳуқуқий демократик давлат ва жамият барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, энг аввало, давлат идораларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги таъминланишига бевосита боғлиқ. Бу борада Адлия вазирлиги томонидан давлат идораларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонунчилик нормаларини нотўғри, турлича, хато талқин қилиш ва қўллаш каби ҳолатларни аниқлаш, уларнинг асл келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва бартараф этиш юзасидан қилинган ишлар диққатга сазовор. Шу ўринда, адлия вазирининг ахборотида кўтарилган қонунчилик талабларига риоя қилиш масаласига ҳар бир давлат идорасининг раҳбарлари жиддий эътибор қаратишлари лозимлигини, бу борада масъулиятни ўз зиммаларига олишларини ва тизимли идоравий назорат ўрнатишлари зарурлигини таъкидламоқчиман. Унутмаслигимиз керакки, қонун ҳужжатларини қабул қилиш асосий масала, лекин уларнинг мазмун-моҳияти қай даражада ўзлаштирилаяпти ва амалда қандай татбиқ этилаяпти, бу борада қандай камчиликларга йўл қўйилди-ю, қандай оқибатлар келиб чиқди, уларнинг олдини олиш юзасидан қандай чоралар кўриш лозим, деган ҳақли саволларга ҳар биримиз кундалик фаолиятимизда эътибор қаратишимиз даркор.

Бахтиёр ХАЛИМБЕТОВ, 
Гурлан туманидаги “Истиқлол Самар” фермер хўжалиги раҳбари, сенатор:
— Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2012 йилдаги фаолияти ҳам атрофлича муҳокама этилди. Дарҳақиқат, бугун дунё миқёсида атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, табиий ресурсларни асраб-авайлаш ва улардан оқилона фойдаланиш, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш устувор вазифага айланмоқда. Ўзбекистонда ҳам экологик муҳитни яхшилаш бўйича изчил чоралар кўрилаётир. Чунончи, ўтган йили автотранспорт воситаларини газ ёқилғисига ўтказиш ҳисобига ҳаракатланувчи манбалардан ифлослантирувчи моддаларни атмосфера ҳавосига чиқариш 25,8 минг тонна қисқаришига эришилди. Қолаверса, саноат корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, экологик тоза ҳамда энергия тежайдиган манбаларни иқтисодиётнинг барча жабҳаларига кенг жорий этиш бўйича ишлар изчил олиб борилмоқда.

Халқ сўзи газетаси
Қобил ХИДИРОВ,
Зиёда АШУРОВА

top

Чоп этилган сана: 02.04.2013 10:50:11
Янгиланган сана:

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati