O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг асосий принциплари

 

01.11.2013

Юртимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш,  ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, сайлов қонунчилиги ҳамда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштириш бўйича тарихий аҳамиятга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Буни юртимизда ўзини ўзи бошқариш ижтимоий тузилмасининг ноёб шакли бўлган маҳалла институтини такомиллаштириш йўналишида рўёбга чиқарилаётган ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши билан миллий давлатчилигимиз тарихида илк маротаба маҳалла конституциявий институт мақомига эга бўлди. Асосий Қонунимизнинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлигини белгиловчи норма мустаҳкамланган.
Конституциянинг 105-моддаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Унга биноан, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди.
Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида баён этилган қонунчилик ташаббуслари муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, унда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини янада такомиллаштириш,  фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари энг муносиб фуқаролар ичидан сайланишини, фуқаролар ижтимоий фаоллигини кучайтиришда маҳалланинг роли оширилишини таъминлайдиган чора-тадбирларни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ғояси илгари сурилган эди. Қонун ушбу таклифлар асосида жорий йилнинг апрель ойида янги таҳрирда қабул қилинди.
Маълумки, шу йилнинг ноябрь — декабрь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг навбатдаги сайлови бўлиб ўтади. Сайловда 9756 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 97 минг нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланади. Шу ўринда бўлажак сайловлар мазкур Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида ўтказилишини таъкидлаш жоиз.
Ушбу сайлов ўз характеридан келиб чиқиб, уни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг очиқ ва ошкора бўлишини талаб қилади. Зеро, ошкоралик принципи яширин овоз беришдан ташқари бошқа барча сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ташкил этилиши ҳамда ўтказилишини англатади.
Бу принципга мувофиқ, сайлов ташкил этилаётганда ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақти ва жойи тўғрисида фуқароларни воқиф этади, уларни фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар ҳамда овоз бериш якунлари тўғрисида хабардор қилади.
Мамлакатимизда ўтказилган сайловлар натижасида тўпланган тажриба шуни кўрсатадики, сайловлар жараёни ҳақида тўлиқ ахборотга эга сайловчи энг фаол ҳисобланади. Бошқача айтганда, ошкоралик принципи орқали тўлиқ ахборотга эга бўлган сайловчи ҳар бир номзоднинг шахси,  ташкилотчилик қобилияти, ҳаётий тажрибаси ҳамда аҳоли ўртасидаги обрў-эътиборини ҳар томонлама ўрганиб, ҳисобга олган ҳолда овоз бериш имкониятига эга бўлади.   
Сайловлар ошкора ўтишида оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Шу боис Қонунда фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш қандай бораётганлиги ОАВ, шу жумладан, газеталар, телевидение, радио ва бошқа даврий нашрлар томонидан ёритиб борилиши белгилаб қўйилган.
Муқобиллик принципи ҳақида сўз кетганда, аввало, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига икки ёки ундан кўп номзод кўрсатган ҳолда амалга оширилишини айтиш жоиз. Муқобиллик фуқароларнинг сайлаш ва ўзлари муносиб кўрган номзодни танлаш борасидаги ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий талабларидан ҳисобланади. Бошқача айтганда, ушбу принципнинг моҳиятига кўра, сайловчи бир эмас, балки камида икки нафар номзод орасидан муносибини танлаш имкониятига эга бўлади. Айни чоғда у фуқароларга нафақат ўзлари билган, маъқул кўрган номзодни сайлаш, балки бир нечта номзод орасидан энг муносибини танлаш имконияти яратилишини кафолатлайди. Зеро, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган кенг қамровли вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, ушбу жараёнда фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ишини самарали ташкил этиш, ўз навбатида, йиғин раиси ҳамда келгусида комиссияларга раҳбарлик қиладиган ҳар бир маслаҳатчининг энг муносиб фуқаролар орасидан сайланишини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади.
Айни пайтда фуқаролар йиғинлари аъзолари томонидан йиғин раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар бўйича фикр билдиришда, шунингдек, ишчи гуруҳлар томонидан ушбу лавозимларга номзодларни кўрсатишда, қолаверса, сайлов жараёнида қатнашаётган фуқаролар (шу жумладан, овоз ҳуқуқига эга бўлган вакиллар) қонун ҳужжатларида уларга қўйилган талабларни билиши, йиғиндаги ҳар бир комиссия фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиши энг муносиб номзодларнинг сайланишида муҳим омил ҳисобланади.
Тенг сайлов ҳуқуқи принципи сайловчилар ҳуқуқлари тенглик тамойили асосида ҳимояланишини, барча учун бир хил талаблар жорий этилиши ва ҳамма учун бир хил ташкилий-ҳуқуқий шароит яратилишида намоён бўлади. Тенг сайлов ҳуқуқи принципининг таъминланиши боис фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайлашда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари тенг сайлов ҳуқуқига эга бўлади. Ҳеч бир шахс сайловларда бошқа шахсларга нисбатан бирон-бир ортиқча имтиёзга эга эмас. Бундан ташқари, сайловда ҳамма тенг асосларда қатнашади — аёллар ва эркаклар тенг сайлов ҳуқуқига эга. Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайлашда фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) ҳар бир иштирокчиси бир овозга эга бўлади.
Мазкур принцип фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилигига кўрсатилган номзодларга сайлов жараёнида иштирок этишлари учун тенг шароитлар яратилиши лозимлигини ҳам англатади.
Башарти сайлов жараёнида тенг сайлов ҳуқуқи принципи бузилишига йўл қўйилса, айбдор шахслар Қонунга мувофиқ жавобгар бўлади. Жумладан, қонунчиликда фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита бузиш ёки чеклаш ёхуд фуқароларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, кўрсатиб ўтилган сайлов принципларини амалда татбиқ этишда, энг аввало, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар зиммасига катта масъулият юкланади. Зеро, сайловни қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолда ташкил этиш ҳамда ўтказиш, авваламбор, мазкур тузилмаларнинг асосий вазифасидир.
Умуман, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловлари  ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида ташкил этилиши маҳалла институтини янада ривожлантириш ҳамда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилидан кўзланган улуғвор мақсадларни рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Р. ҲАКИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи.

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati