O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси олдидан

ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ ҚОНУНИЙ КАФОЛАТИ

Шу йилнинг 30 август куни пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси очилади. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид бир қатор масалалар кўриб чиқилиши кўзда тутилаётир.
“Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шулар жумласидандир.

Маълумки, мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, модернизация ҳамда ислоҳ этиш шароитида тадбиркорликни ривожлантиришга, тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга устувор йўналиш сифатида жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, биргина ўтган йили тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат органларининг аралашувини чеклашга, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қулай ҳуқуқий ва иқтисодий шароитларни шакллантиришни кўзда тутадиган 20 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бўйича ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамай, амалиётда қонуний тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳоллари ҳали-ҳануз учрамоқда.
Таъкидлаш жоизки, миллий қонунчилигимизда қонуний тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Бироқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун мансабдор шахсларнинг ва давлат органларининг мансабдор бўлмаган шахсларининг маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлигини назарда тутадиган нормалар мавжуд эмас. Хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, бир қатор мамлакатлар қонунчилигида фақат тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учунгина эмас, балки мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлиги учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган.
Дарҳақиқат, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг кучли ва ишончли кафолатларини яратиш катта аҳамиятга эга. Зеро, бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш, аввало, шунга боғлиқдир. Бу борада мустаҳкам қонунчилик асосларини изчил такомиллаштириб бориш, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини етарли даражада ҳимоя қила оладиган самарали назорат механизмларини жорий этиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кўзда тутилаётган Қонунга кўра, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун нафақат маъмурий жавобгарлик, балки жиноий жавобгарлик ҳам белгиланмоқда. Қонунда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига ноқонуний аралашган давлат ёки нодавлат ташкилотида ишлашидан қатъи назар, нафақат мансабдор шахсларга, балки улар билан бир қаторда, бошқа шахсларга ҳам бир хилда жавобгарлик белгиланаётганлиги аҳамиятлидир.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Қонун хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига давлат органларининг аралашувини камайтириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришга, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча ҳуқуқий механизмларни яратишга, шунингдек, мансабдор шахс ва давлат органлари хизматчилари томонидан суиистеъмолликларнинг олдини олишга ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, республика иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароит яратишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Эркин РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

Xalq so'zi gazetasi

22.08.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati