O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси олдидан

Х. БОЗАРОВ: ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШАДИ

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Тадбиркорлик фаолияти чекланишига, бошқарув тузилмаларининг ишбилармонлар фаолиятига асоссиз аралашувига олиб келадиган давлатнинг бизнесдаги ортиқча иштирокини камайтириш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида турли бюрократик тўсиқларни қисқартиш учун бир қатор ишлар қилинмоқда.

Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида бошқарув тизимини такомиллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартибларини белгилашга оид қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган мазкур Қонун Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кўзда тутилаётир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, 2011 — 2012 йиллар давомида 145 та рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди. Булар эса тадбиркорлик субъектлари учун зарур шарт-шароитларни яратишда жуда қўл келди.
Дарҳақиқат, юртимизда тадбиркорлик фаолиятининг янада ривожланишини қийинлаштирадиган кўплаб рухсат бериш тартиб-таомилларини бекор қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. Шу билан бирга, ҳозирги кунда рухсат бериш тартиб-таомилларини ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштиришга катта зарурат бор. Хусусан, ваколатли органлар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келадиган рухсат бериш тартиб-таомиллари билан боғлиқ муносабатлар устидан назорат қилиш бўйича аниқ механизмлар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат беришни рад этишга, шунингдек рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатишга, ушбу ҳужжатни бекор қилишга нисбатан ягона талаблар қонун ҳужжатларида мавжуд эмас.
Шу маънода айтганда, Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун рухсат этиш тизимининг ягона норматив-ҳуқуқий базасини яратиш, ваколатли давлат органларида рухсат бериш тартиб-таомилларини ўташ тартиби ва шартларини бир хиллаштириш, бу борада ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқарув ҳаракатларининг тўлиқ шаффофлигини таъминлаш, қонунда назарда тутилмаган рухсатнома ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турларини жорий қилишга тақиқ ўрнатиш, мансабни суиистеъмол қилиш учун имкониятларни қисқартиш каби мақсадларга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Мазкур Қонун нормалари, шубҳасиз, тадбиркорликни янада ривожлантириш ва тадбиркорларнинг фаолияти учун кенгроқ эркинлик беришда қўшимча ҳуқуқий рағбатлар яратади.
Ушбу ҳужжатда Қонуннинг амал қилиши татбиқ этилмайдиган тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари турлари белгилаб қўйилган. Бундай рухсат бериш тартиб-таомилларига тадбиркорлик субъектларини, битимларни, ҳуқуқларни ва мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда ҳисобга қўйиш, фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш, аккредитация қилиш, сертификатлаштириш, стандартлаштириш, метрология ва техник жиҳатдан тартибга солиш, давлат экологик экспертизаси ва давлат сирлари муомаласи киради.
Ортиқча бюрократик тўсиқларнинг ҳамда бизнес ишларига асоссиз аралашувнинг олдини олиш мақсадида бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш зарур бўлган ҳаракат ва (ёки) фаолиятнинг аниқ мезонлари ҳам Қонунда ўз аксини топган.
Бундан ташқари, унда, Концепцияда белгилаб қўйилганидек, қонунда назарда тутилмаган рухсатнома ва рухсат бериш тартиб-таомилларнинг янги турларини жорий этиш тақиқланиши тўғрисидаги жуда муҳим норма кўзда тутилган.
Қонунда назарда тутилган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг “бир дарча” орқали берилиши принципи мустаҳкамлаб қўйилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, “бир дарча” принципининг жорий қилиниши тадбиркорлик субъектларига турли рухсатномаларни бериш жараёнини бошқаришда энг қулай йўллардан бири ҳисобланади.
Қонунда “бир дарча” принципининг моҳияти очиб берилган. Унга кўра, ваколатли орган тадбиркорлик субъектига рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериши учун бошқа ваколатли органлар томонидан бериладиган ана шундай ҳужжатларни олиши талаб қилинган ҳолларда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш соддалаштирилган тартибда “бир дарча” орқали амалга оширилади, бунда ваколатли орган мазкур ҳужжатларни тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз мустақил равишда олади.
Таъкидлаш жоизки, Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли органларнинг ваколатлари батафсил ёритиб берилган.
Қонунда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар, унинг амал қилиш муддати, рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларнинг мазмуни, тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққанлик учун йиғим, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берганлик учун йиғим ҳамда тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш муддати ҳам белгиланган.
Шунингдек, Қонунда тадбиркорлик субъектларининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат бериш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг жуда самарали механизми назарда тутилган. Яъни агар ваколатли орган белгиланган муддат мобайнида тадбиркорлик субъектига рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бермаса ёки уни беришни рад этмаса, тадбиркорлик субъекти бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олмоқчи бўлган ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига бу ҳақда ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда эга бўлади.
Қонунда, шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга оширишнинг хабардор қилиш тартиби ҳамда ваколатли орган томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат беришни рад этиш тартиби тўғрисидаги нормалар назарда тутилган. Хабардор қилиш тартибида тақдим этилган ҳужжатларнинг улар қабул қилиб олинган сана ҳақида белги қўйилган рўйхати рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга тенглаштирилади.
Қонунда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат беришни рад этиш учун аниқ асослар кўрсатиб ўтилган. Унга мувофиқ, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат беришни бошқа асосларга кўра, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмас, деган важлар билан рад этишга йўл қўйилмайди.
Хулоса ўрнида айтганда, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизда демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, улар фаолиятига ғов бўлаётган тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.

Х. БОЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Chop etilgan sana: 30.11.2012 15:45:11
Yangilangan sana:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati