O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ТЎҚҚИЗИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

9-plenary

2012 йил 30 августда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси очилди. Унда ялпи мажлисга таклиф этилган Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.
Сенаторлар ўз ишларини давлат раҳбарининг қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.

Муҳокама давомида сенаторлар таъкидлаб ўтганларидек, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси давлат ташқи сиёсатининг фундаментал принциплари ва стратегик устувор йўналишларини, халқаро майдондаги мақсад ҳамда вазифаларини, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини илгари суриш механизмларини белгилаб берадиган қарашларнинг яхлит тизимидир.
Сенаторларнинг фикрига кўра, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашга, мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини янада кучайтиришга, ривожланган демократик давлатлар сафидан ўрин олишига, Ўзбекистон теварагида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик ҳудудини яратишга ёрдам беради. Батафсил муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил 12 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида тайёрланган қонунларни ҳам кўриб чиқиб, маъқулладилар.
«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни шулар жумласидан бўлиб, у хусусий мулкни ҳимоя қилишни кучайтиришга, унинг дахлсизлигининг ишончли кафолатлари тизимини яратишга, мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши иқтисодиётда хусусий мулк самарали амал қилиши учун қулай шарт-шароит яратиш имконини беради, тадбиркорлик ташаббуси рағбатлантирилишини, шунингдек, мулкдорнинг ўз фаровонлигини оширишга қаратилган тадбиркорлик фаолияти кафолатларини таъминлайди, бу эса мамлакатда бозор муносабатларини янада ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Сўнгра сенаторлар Концепцияга мувофиқ ишлаб чиқилган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Муҳокама давомида ушбу Қонун айбланувчини лавозимидан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини суд тартибида қўллашни, жиноят ишини қўзғатиш ҳуқуқини суднинг ваколатларидан чиқариб ташлашни, ишни судда кўриш вақтида жиноят иши юзасидан айблов хулосасини ўқиб эшиттириш мажбуриятини прокурорга юклашни назарда тутиши кўрсатиб ўтилди.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қоидаларнинг қўлланилиши суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширишда суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, суднинг суд муҳокамасини адолатли олиб боришдан иборат асосий вазифаси бажарилишини таъминлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари амалга оширилишига имкон беради.  
Шундан сўнг сенаторлар «Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиб, маъқулладилар. Қонун давлат органларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик фаолиятига асоссиз аралашувига йўл қўймасликка, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча ҳуқуқий механизмларини яратишга қаратилган.
Сенаторлар «Мардлик» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Муҳокама вақтида таъкидланганидек, «Мардлик» ордени тўғрисидаги низомга мувофиқ, ушбу орден билан ўзларини Ватанни ҳимоя қилишга ва она-юрт хизматига бағишлаган, бунда мардлик ҳамда жасорат кўрсатган ҳарбий хизматчилар ва бошқа фуқаролар мукофотланади. Алоҳида ҳолларда «Мардлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ҳамда «Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.
Мажлисда таъкидлаб ўтилганидек,  ушбу Қонуннинг асосий мақсади амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини бир хиллаштириб, барча ташкилотларда меҳнат ҳақини меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича биринчи разряддан кам бўлмаган миқдорда белгилашдан, шунингдек, солиқ қонунчилигини янада такомиллаштиришдан иборат.
Сенаторлар, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар. Қонун авиация тармоғининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга, Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномалар нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга, шунингдек, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти комиссиясининг (ИКАО) тавсияларини бажаришга қаратилган.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳри ва Фарғона тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги таклиф кўриб чиқилди. Мамлакат ҳукуматининг ушбу таклифини маъқуллаш Фарғона вилоятининг маъмурий-ҳудудий бўлинишини такомиллаштиришга, ҳудудларнинг яхлитлигини ва ушбу ҳудудий бирликларни бошқариш самарадорлигини оширишга, маҳаллий аҳоли учун шароитларни янада яхшилашга ёрдам бериши қайд этилди.
Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2011 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.
Мажлисда қайд этилганидек,  Марказий банкнинг 2011 йилдаги фаолияти  «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижро этишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 21 январдаги 2010 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2011 йилнинг энг муҳим  устувор йўналишларига бағишланган  мажлисида   белгилаб берилган вазифаларни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг  2011 йил 27 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги Қарорини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2011 йил 15 июлдаги  «Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёевнинг  «Демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасида ҳукумат томонидан  амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури, шунингдек,  «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги  қўшма қарорини   сўзсиз бажаришга қаратилди.
2011 йилда  мамлакат банк тизими  фаолиятининг устувор йўналишлари  ислоҳотларни  янада чуқурлаштиришдан, мамлакат банк тизимининг  самарадорлигини, барқарорлигини ва ликвидлигини  оширишдан, етакчи халқаро рейтинг  компанияларининг  юқори рейтинг кўрсаткичларини қўлга киритишдан иборат бўлди. Макроиқтисодий  барқарорликнинг мустаҳкамланиши ва инфляция даражаси мақсадли параметрлар доирасида сақланиши таъминланди.  2011 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 7,6 фоизни ташкил этди, тижорат банкларининг  умумий капитали 30,1 фоизга ўсди.  Бундан ташқари, банкларнинг  барқарорлигини ва ликвидлигини  ошириш бўйича амалий чоралар кўрилганлиги банкларнинг активларини 32,4 фоизга кўпайтириш имконини берди.
«Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури доирасида катта кўламдаги ишлар амалга оширилиши натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига  ажратилган кредитлар  ҳажми 2010 йилдагига нисбатан 1,5 баравар кўпайди ва 4,1 триллион сўмни ташкил этди, шу жумладан, микрокредитлар ҳажми 752 миллиард сўмдан ошди ва бу кўрсаткич 1,5 баравар кўпайди. Ушбу соҳага ажратилган кредитлар ва микрокредитлар мамлакат минтақаларида 291 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилишига ёрдам берди.
Аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш  пул маблағларини  кредит ташкилотларининг депозитларига жалб этишни рағбатлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар  омонатлар ва депозитлар ҳажмини 2010 йилдагига нисбатан 36,3 фоизга кўпайтириш имконини берди.
Шу билан бирга, сенаторлар  ҳисобот юзасидан ўз чиқишларида бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ҳамда иқтисодиётни либераллаштиришнинг ғоят муҳим омили ва шарти сифатида  мамлакат банк-молия тизимининг  барқарорлиги ҳамда самарадорлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг роли ва аҳамияти муҳимлигига эътиборни қаратдилар. Мамлакатимиз минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги  энг муҳим устувор вазифаларни  ҳал қилишда банк-молия тизими  субъектлари  маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан  яқиндан ўзаро ҳамкорлик қилишининг роли ва аҳамияти алоҳида кўрсатиб ўтилди.  
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўққизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.


ВИДЕО

Для содержимого этой страницы требуется более новая версия Adobe Flash Player.

Получить проигрыватель Adobe Flash Player


O'zbekcha lotin

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati