O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Сенатор Алишер БУРХАНОВ: ХУСУСИЙ БАНКЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

Сенатор Алишер БУРХАНОВ: ХУСУСИЙ БАНКЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИШу кунларда Олий Мажлис Сенати қўмиталарида навбатдаги ялпи мажлисга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Сенаторлар Қонунчилик палатасидан келиб тушган ҳуқуқий ҳужжатларни изчил ўрганиб чиқишмоқда. Иқтисодий соҳадаги ана шундай қонунлардан бири — “Хусусий банклар ва молия институтлари ҳамда уларнинг фаолияти кафолатлари тўғрисида”ги Қонун бозор муносабатларининг ҳозирги ривожланиши ҳолатини, қолаверса, хусусий капитал билан боғлиқ масалаларни қамраб олгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Маълумки, ҳали-ҳануз кўплаб давлатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиб келаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида юртимиз молия-банк тизими ўзининг барқарор ва ишончли эканини исботлади. Мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий мулкнинг улуши изчил кўпайиб бормоқда. Шу маънода айтганда, банк, суғурта, лизинг, микромолия хизматлари соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган янги қонун айнан шу мақсадларга қаратилган. Давлатимиз раҳбари томонидан парламент палаталари қўшма мажлисида илгари сурилган мазкур дастуриламал ҳужжатда хусусий банклар ва хусусий мулкка асосланган лизинг, суғурта компаниялари, кредит уюшмалари, микромолиявий ташкилотлар каби молиявий институтларни ташкил этишнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ҳисобидан банк-молия соҳасига хусусий капитални жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш ва банк-молия тизимини янада ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган эди.
Хусусий банк ва молия институтлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, банк-молия соҳасига хусусий капитални жалб қилиш шароитларини яратиш, рақобатни кучайтириш ҳамда банк ва бошқа молиявий хизматлар бозорида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш Қонунни қабул қилишдан кўзланган асосий вазифа ҳисобланади.
Қонунда хусусий банк ва молия институтлари тушунчаси белгилаб берилмоқда. Шунингдек, ушбу Қонунда хусусий банк ва молия институтларини ташкил қилиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятининг кафолатлари, шунингдек, хусусий банклар ва молия институтлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмига оид нормалар ўз аксини топган. Муҳим жиҳати, Қонун давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг хусусий банк ва молия институтлари ва улар филиаллари фаолиятига аралашмаслиги тўғрисидаги қоидаларни назарда тутади. Хусусан, хусусий банклар ва молия институтлари ҳамда улар филиалларининг раҳбар ходимларини тайинлаш масалаларига аралашишни тақиқлаш тўғрисидаги талаблар кўзда тутилган. Бу мазкур соҳада тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, янги ҳуқуқий ҳужжат молия хизматлари бозорининг давлат ва хусусий субъектларига ҳам бирдек шароитларни яратишга қаратилгандир. У, шунингдек, фуқароларнинг молия институтлари фаолиятида эркин иштирок этишига шароит яратишни кўзда тутади. Шу билан бирга, бу ҳуқуқий ҳужжат банк айланмасига омонат ва депозитларнинг янги жозибали турларини жорий этиш орқали аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш турган маблағларини кенг жалб қилиш, хусусий банклар ва молия институтлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтириш имконини беради.
Умуман айтганда, Қонун нормалари молия-банк тизимининг халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ ишончли ва самарали фаолиятини таъминлашга қаратилгандир. У иқтисодиётни янада либераллаштириш бўйича устувор вазифалар, шунингдек, банк-молия тизимида рақобатни кучайтиришга хизмат қилади. Пировардида муқобил банк муассасалари ва молия институтлари танлаш имкониятининг пайдо бўлиши тизимда кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишига шароит яратади.

Алишер БУРХАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси.

Chop etilgan sana: 29.11.2012 15:25:11
Yangilangan sana:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati