O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ҲУҚУҚИЙ ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ БАРПО ЭТИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Аввал хабар қилинганидек, бугун пойтахтимизда Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси очилади. Мажлисда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш ҳамда Ўзбекистоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олишига қаратилган масалалар кўриб чиқилиши кўзда тутилмоқда.

Кеча сенаторлар ўз қўмиталари йиғилишларида ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалаларни дастлабки тарзда муҳокама қилдилар. Мухбиримиз уларнинг айримлари билан мулоқотда бўлди.

П. МАТКАРИМОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси:

— Мамлакатимиз парламенти юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллик шодиёналари арафасида ўтказилаётганида ҳам ўзига хос маъно бор. Зотан, бу Истиқлолнинг 21 йиллик даврида амалга оширилган ишларни чуқур таҳлил қилиш, яқин истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишда айни муддаодир. Дарҳақиқат, ўтган  йиллар давомида юртимизда пировард мақсади инсон манфаатларини таъминлашни кўзлаган кенг қамровли ислоҳотлар рўёбга чиқарилди. Ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Натижада бугун ҳар бир юртдошимиз турмуш тарзи бутунлай ўзгариб, бугунидан қониқиш билан яшаб, эртанги кунга ишончи юксалиб бормоқда. Энг муҳими, интилган, изланган одамлар мудом давлатимиз эътиборида. Чунончи, мен ҳам байрам муносабати билан Президентимиз Фармони асосида “Шуҳрат” медали билан мукофотландим. Бу эътибор, шубҳасиз, парламент аъзоси сифатида янада фаолроқ бўлишга, ташаббускорликка, парламент юқори палатаси ялпи мажлисида кўриб чиқилаётган қонунларда ҳудудлар ва умумдавлат манфаатлари янада тўлақонли акс этишини таъминлашга ундайди.

И. КАРАТАЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси:

— Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида баён этилган мақсадларга эришиш учун таклиф қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари кўриб чиқилиши кутилаётгани диққатга сазовордир. Чунончи, “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни шулар жумласидандир. Қонунда ишни судга қадар юритиш босқичида лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш бўйича ваколатларни судларга ўтказиш, суддан жиноят ишини қўзғатиш ваколатини чиқариб ташлаш, судда жиноят иши юзасидан айблов хулосасини ўқиб эшиттириш мажбуриятини прокурор зиммасига юклаш назарда тутилаётгани дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида “Хабеас корпус” институтининг қўлланиш соҳасини янада кенгайтириш имконини беради. Қонуннинг маъқулланиши, шубҳасиз, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида умумэътироф этилган принципларнинг амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

Х. БОЗАРОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси:

— Мустақиллигимизнинг 21 йиллиги кенг нишонланаётган бир пайтда ўтаётган Сенат ялпи мажлиси кун тартибига бир қатор масалалар киритилганки, улар мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк ҳимоясини қонун билан кафолатлашга қаратилгандир. Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, бозор муносабатларини жорий қилиш, хусусий мулкнинг ҳуқуқий кафолатини яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. Пировардида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланиб, ялпи ички маҳсулотнинг юқори ўсиш суръатлари таъминланди. Бу ютуқлар нуфузли халқаро молия муассасалари, экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. Бундай эътирофлар, шубҳасиз, ҳар биримизга ғурур, ифтихор бағишлайди. Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган қонунлар ва бошқа масалалар ҳам ютуқларимизни мустаҳкамлаш, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади, албатта.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati