O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент назорати       

ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ВА ҚОНУНЧИЛИК

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши ўрганиб чиқилди. Мажлисда масалага Президентимиз томонидан тақдим қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифалар нуқтаи назаридан ёндашилди.
Мажлисда алоҳида қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур Қонун ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб бормоқда. Хусусан, 2007 йил
5 октябрда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни қабул қилинган ва унинг ижроси назоратга олинган.
Қорақалпоғистон Республикасида Қонунга мувофиқ, 53 та оммавий ахборот воситаси, шу жумладан, 36 та газета, 9 та журнал, 4 та телеканал ва 2 та радиоканал, битта ахборот бюллетени ҳамда битта ахборот агентлиги фаолият юритмоқда. Босма оммавий ахборот воситалари ўз маҳсулотини қорақалпоқ, ўзбек, рус, инглиз ва туркман тилларида нашр этмоқда, телерадиоканаллар эса қорақалпоқ, ўзбек ва рус тилларида кўрсатув ҳамда эшиттиришлар олиб бормоқда. Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси бугунги кунда минтақадаги таъсирчан оммавий ахборот воситаларидан бирига айланган. Аҳолига ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, мамлакатимиз ва чет элда юз бераётган турли воқеа-ҳодисаларнинг ёритилишида Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг Элликқалъа, Тўрткўл ва Амударё туманларидаги телеканаллари муҳим роль ўйнамоқда.
Шу билан бирга, қўшма мажлисда сенаторлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Қонун ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларга эътибор қаратдилар. Чунончи, оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга катта зарурат туғилмоқда. Айни чоғда кўпгина таҳририятлар ўз ўқувчилари эҳтиёжлари ва қизиқишларини ўрганиши, аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказиши айни муддаодир. Аксарият оммавий ахборот воситалари Интернетда ўз сайтига эга эмаслиги айтиб ўтилди.
Муҳокама жараёнида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш тавсия этилди. Унда оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада кучайтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни, мавжуд маблағ ва ресурсларни медиа-маконга илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишга сафарбар этишни назарда тутиш  кўрсатиб ўтилди.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қўшма қарор қабул қилинди.

Ҳ. АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Халқ сўзи газетаси, 29.02.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati