O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Маҳаллий кенгашларда       

МАҲАЛЛАНИ ОИЛАВИЙ БИЗНЕС МАРКАЗИГА АЙЛАНТИРИШ — УСТУВОР ВАЗИФА

Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг қўшма мажлиси бўлди.

Сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари,  маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган мазкур мажлисда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қашқадарё вилоятидаги маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Мажлисда алоҳида таъкидланганидек, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва аҳамияти ортиб бормоқда. Айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Дарҳақиқат, жойларда фуқароларнинг долзарб масалаларини ҳал қилиш, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, жамиятда хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда маҳалланинг алоҳида ўрни бор.
Эътироф этиш жоизки, маҳалланинг давлат бошқаруви органлари, ўз ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётир. Маҳалла ҳозирги кунда илгари маҳаллий давлат органлари ваколатига кирган ижтимоий-иқтисодий хусусиятдаги 30 дан ортиқ вазифаларни бажармоқда. “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни фуқаролар йиғинларининг ушбу масалаларни ҳал қилишга қаратилган фаолиятини тартибга солади.
Мажлисда мазкур Қонун ижросини таъминлаш борасида Қашқадарё вилоятида муайян ишлар олиб борилганлиги, бу эса фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантиришга, уларни минтақанинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиришга ёрдам берганлиги қайд этилди.  
Бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган 619 та фуқаролар йиғини раисларининг аксарияти олий маълумотга эга. Барча йиғинларда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар иш олиб бормоқда. Уларнинг ҳузурида тузилган махсус комиссиялар тўй-тантаналар ва бошқа маросимларни ўтказишга ёрдам бериш билан бирга, дабдабабозлик, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун аниқ мақсад билан иш юритаяпти. Яраштирув комиссияларининг фаолияти оилада, маҳаллада фуқаролар осойишта ва тинч-тотув ҳаёт кечиришини  таъминлашга қаратилиб, 2011 йилда улар томонидан вилоятдаги оилаларда низоли масалалар муҳокама қилиниб, шулардан кўпчилигида ярашувга эришилди. Ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида 2011 йили вилоятда 52 та меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, уларда 4663 нафар фуқаро, шу жумладан, 1876 нафар аёл ишга жойлаштирилди.
Мажлисда ушбу Қонуннинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилишини таъминлашда йўл қўйилган айрим камчиликлар ва уларнинг сабаблари батафсил таҳлил қилинди. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолият соҳасига кирувчи масалалар юзасидан туман ва шаҳар ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботларини изчил эшитиб бориш, уларнинг фаолияти оммавий ахборот воситаларида ёритилишини кучайтириш талаб этилмоқда.
Сенаторлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ва юқоридаги Қонуннинг ижро механизмини янада такомиллаштириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, маҳаллани манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб боришда маҳалланинг вазифаларини кенгайтириш юзасидан бир қатор таклифларни билдирдилар.
Мажлис якунлари бўйича тегишли қўшма қарор қабул қилинди.
Қаршида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзуида семинар ўтказилди.
Семинарда тегишли ҳудудда ерлардан фойдаланиш ва уларнинг муҳофазаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари ишини ташкил қилиш, савдо қоидалари ва фуқароларга хизмат кўрсатиш маданиятига риоя этиш, аҳоли пунктларининг санитария ва экология ҳолати соҳаларида қонунларга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик  назоратини амалга ошириш, шунингдек, фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ишини ташкил этиш, фуқаролар йиғинларида иш юритиш масалалари муҳокама қилинди. Анжуманда фуқаролар йиғинлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, ўзини ўзи бошқаришнинг демократик шакллари ва усулларини такомиллаштириш  масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Халқ сўзи газетаси, 28.02.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati