O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

ЗАМОНАВИЙ ИННОВАЦИЯ — ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Тошкент вилоятида Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Иқтисодиётни инновацион янгилаш ва ривожлантириш чора-тадбирларининг минтақавий жиҳатлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Вилоятда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш натижалари ҳамда мамлакатимизда инновацион фаолиятнинг қонунчилик базасини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган мазкур тадбирда сенаторлар, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, вилоят, туман ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар, идоралар вакиллари, олимлар, тадбиркорлар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиб боришига сабаб бўлаётган кўплаб ёрқин ғоялар, қимматли ишланмалар, энг янги технологиялар юртимиз илмий муассасаларида олиб борилаётган ишлар маҳсулидир. Эътиборлиси, олимлар юртимиз ва халқаро миқёсда ўтказилаётган йирик илмий анжуманларда, хусусан, ҳар йилги Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида Ўзбекистон фани салоҳиятини кенг намойиш этиб келишмоқда.
Масалан, шу пайтгача ўтказилган 5 та инновацион ярмарка доирасида 63 миллиард сўмлик 1910 та шартнома имзоланишига эришилди, 402 миллиард сўмлик 19 номдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Тошкент вилоятининг саноат корхоналари томонидан қарийб 2 миллиард сўмлик 100 та шартнома тузилди.
Айни пайтда 292 та фундаментал, 892 та амалий, 236 та инновацион лойиҳадан иборат бўлган, мамлакат бюджетидан молиялаштирилаётган давлат илмий-техник дастурларини бажариш бўйича ишлар амалга оширилмоқда ва мувофиқлаштирилмоқда.
Маълумки, бугунги кунда Тошкент вилоятида кўплаб йирик саноат корхоналари ҳамда илмий текшириш институтлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Тошкент кимё-технология институти олимлари томонидан госсиполни мумкин қадар зарарсизлантириш, пресслаш ва экстракциялаш орқали олинаётган ёғларни рангсизлантириш ҳамда кислота миқдорини камайтириш жараёнларини ягона комплекс асосда бажариш имконини берадиган янги технология ишлаб чиқилди. Мазкур технология 18 та ёғ-мой заводида, шу жумладан, Янгийўл ёғ-мой комбинатида ҳаётга татбиқ қилинди. Бундан олинаётган йиллик фойда 2 миллиард сўмдан ошиб кетди. Шунингдек, ҳозирги пайтда Олмалиқ шаҳридаги “Аmmofos-Maxam” очиқ акциядорлик жамиятининг бўшаб қолган қувватларида паст навдаги фосфат хом ашёларидан фойдаланган ҳолда ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилоятидаги корхоналарда инновация лойиҳаларини амалга оширишда Тошкент давлат техника университети олимлари фаол қатнашмоқда. Институт тадқиқотчиларининг чиқиндисиз, энергия ва ресурсларни тежовчи, экологик тоза ишлаб чиқариш технологияси асосида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг шлак чиқиндиларидан 1116 тоннадан зиёд мис ажратиб олинди. Айни пайтда бундан кўрилаётган иқтисодий самара йилига 17,5 миллион АҚШ долларига тенг экани эътиборлидир.
Тадбирда инновациялар ва инновацион фаолиятнинг қонунчилик асосини яратиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Якунда муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

Chop etilgan sana: 27.11.2012 15:25:11
Yangilangan sana:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati