O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Қонун кучга кирди

Сенатор Бахром МАМАЖАНОВ: ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Маълумки, яқинда мамлакатимиз парламенти томонидан қабул қилинган “Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Президентимиз томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилинди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистонда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш шароитида тадбиркорликни ривожлантиришга, кичик бизнес фаолиятининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга устувор йўналиш сифатида эътибор бериб келинмоқда. Юртимиз мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб иқтисодиётнинг ушбу тармоғини жадал ривожлантиришга катта аҳамият берилгани ҳали-ҳануз давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг ўта ўткир муаммоларини ҳал этишда энг муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Буни яқинда Тошкентда ташкил этилган “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда дунёдаги нуфузли ташкилотлар ва экспертлар, молия муассасалари вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳам тасдиқлайди.
Дарҳақиқат, Юртбошимиз мазкур конференциядаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, бизнеснинг эркин фаолият кўрсатишининг асосий мажбурий шартларидан бири, биринчи навбатда, тадбиркорлик эркинлигининг кучли ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш, уларни сўзда эмас, амалда бажариш, давлат, ҳуқуқ-тартибот, назорат органлари ва тузилмалари томонидан уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларга чек қўйиш ҳисобланади. Шу маънода айтганда, тадбиркорлик субъектларининг давлат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат органлари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили қонунчилик даражасида жорий этилган, бунда қонунчиликдаги ҳар қандай қарама-қаршилик ва номувофиқ ўринлар тадбиркорлар фойдасига талқин қилиниши ўта муҳимдир. Шу боис мамлакатимизда иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғи бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Чунончи, юртимизда кичик бизнес субъектларида улар рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб уч йил давомида режали солиқ текширувларини ўтказишни тақиқлайдиган ва кейинчалик барқарор фаолият юритаётган, солиқ қонунчилиги ҳамда тартиб-интизомга қатъий риоя қилаётган солиқ тўловчиларда текширувлар ўтказишни чеклайдиган тартиб жорий этилган.
Айниқса, 2005 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг рухсат бериш тизимидан хабардор қилиш тизимига ўтилгани бу борада муҳим аҳамият касб этди. Бугун тадбиркорга ўз бизнесини очиш учун икки кундан ортиқ бўлмаган муддат талаб этилади ва бу қоида ривожланган давлатларда амал қилаётган мезонларга жавоб беради.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини қўллаб-қувватлайдиган институционал ва бозор инфратузилмасини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Товар-хом ашё биржаси бозорда нархлар шаклланиши ҳамда юқори ликвидли хом ашё ресурслари ва товарларидан тенг фойдаланиш имкониятини яратишнинг энг муҳим воситаси ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда биржа савдоларининг изчил йўлга қўйилган механизми мавжуд бўлиб, у ҳар бир  тадбиркорга хом ашё ресурсларидан  биржа савдолари орқали тенг ва ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланиш имкониятини бераётир. Натижада мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 80 фоизи ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг камида 70 фоизи иқтисодиётнинг ушбу сектори улушига тўғри келмоқда. Бу, албатта, эътирофга лойиқ натижалардир.
Зеро, бу натижалар соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилиб, изчил такомиллаштирилиб борилаётганидан даракдир. Хусусан, биргина ўтган йили тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат органларининг аралашувини чеклашга, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қулай ҳуқуқий ва иқтисодий шароитларни шакллантиришга хизмат қиладиган 20 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
“Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам ана шу мақсадларга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. 
Таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда шу пайтга қадар қонуний тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, бироқ улар фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун мансабдор ва бошқа шахсларнинг маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлиги назарда тутилмаган эди. Бу борадаги хорижий тажриба шуни кўрсатдики, бир қатор мамлакатлар қонунчилигида нафақат тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун, балки тадбиркорлик фаолиятига мансабдор шахсларнинг ноқонуний аралашганлиги учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган. 
Дарҳақиқат, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг кучли ва ишончли кафолатларини яратиш катта аҳамиятга эгадир. Зотан, бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш масалаларини ҳал қилиш, аввало, шунга боғлиқдир. Бу борада мустаҳкам қонунчилик асосларини шакллантириш бўйича изчил олиб борилаётган ишларни давом эттириш, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қила оладиган самарали назорат механизмларини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Қонун хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига давлат органларининг аралашувини камайтириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча ҳуқуқий механизмларни яратади. Шу билан бир қаторда, мазкур Қонун мансабдор шахс ва давлат органлари хизматчилари томонидан суиистеъмолликларнинг олдини олишга ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, иқтисодиётимизга инвестициялар жалб қилиш учун қулай шароит яратади.
Мазкур Қонун билан Жиноят кодекси хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи 2061-модда билан ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс эса ўша ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи 2412-модда билан тўлдирилди.
Ушбу Қонунга кўра, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, яъни қонун ҳужжатларига мувофиқ, ваколатлари бўлмаган мансабдор шахс ёхуд бошқа шахс томонидан ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини қасддан текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) текширишлар ўтказиш, ушбу субъектларнинг фаолиятини ва (ёки) банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги ҳақида ахборот тақдим этишни талаб қилганлик учун  бундай шахсларга нисбатан нафақат маъмурий жавобгарлик, балки жиноий жавобгарлик ҳам белгиланди.
Мазкур Қонун тадбиркорлик субъектларининг хўжалик фаолиятига давлат органларининг иқтисодий зарар келтирадиган асоссиз аралашувига йўл қўймасликка, уларнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Б. МАМАЖАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati