O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ОИЛА ВА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ҲАМКОРЛИГИ

 

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан биргаликда баркамол авлодни тарбиялашда оила ва таълим муассасалари ҳамкорлигини кучайтиришнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда сенаторлар, мутасадди вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашдилар.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ жисмонан соғлом, маънавий етук ва баркамол авлодни тарбиялаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Бу йўналишда тегишли қонунчилик базаси яратилган. Чунончи, 1997 йилда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури таълим соҳасида мислсиз натижаларни қўлга киритишда ҳал қилувчи роль ўйнади. Бинобарин, Тошкент шаҳрида ўтказилган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференция бунинг тасдиғидир. Зеро, конференция иштирокчилари Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш принциплари ва ёндашувларини тўла-тўкис қўллаб-қувватладилар.  
Шу билан бирга, тадбирда баркамол авлодни тарбиялаш масалалари кенг жамоатчилик ва бутун халқнинг иштирокини ҳамда қўллаб-қувватлашини талаб қиладиган умуммиллий вазифа эканлиги қайд этилди. Бу муҳим стратегик вазифани ҳал этиш бугунги кунда оила, маҳалла ва таълим муассасаларининг биргаликда самарали иш юритишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Аввало, фарзандларимизнинг дунёқараши, маънавий фазилатлари ва фуқаролик позициясини, ота-она ва катталарга, оилавий анъаналарга, миллий урф-одатларга ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини шакллантиришда оиланинг роли ва аҳамияти ниҳоятда бебаҳодир. Маълумки, маҳалла фуқаролик жамияти институтларининг бир шакли сифатида бугунги кунда миллий маънавий қадриятлар ўчоғига айланган. Бугун ёшларнинг маънавий ва ҳуқуқий онгини ривожлантиришда маҳалланинг салоҳияти тобора кучайиб бормоқда. 
Дарҳақиқат, таълим муассасаларида фарзандларимизнинг ўқиши ва ўз иқтидорларини ҳар томонлама ривожлантириши учун барча шарт-шароит яратилган. Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, мусиқа ва болалар спорт мактаблари, болалар ижодиёти марказлари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари мустаҳкам ўқув-моддий базага эга: улар замонавий жиҳозлар, таълим беришнинг техник воситалари билан таъминланган, стадионлар ва спорт майдонлари, сузиш ҳавзалари ва бошқаларга эга. Миллионлаб йигит-қизлар бугунги кунда ўқиш билан бирга спорт, бадиий ҳаваскорлик, хорижий тилларни ўрганиш билан муваффақиятли шуғулланмоқда.
Давра суҳбатида баркамол авлодни тарбиялашда оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини янада кучайтириш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди. Бунда маънавий-маърифий тарғиботнинг ўрни ва роли, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёшларни оммавий спорт билан шуғулланишга жалб этиш, кўрик-танловлар, фестиваллар ўтказиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда сенаторлар баркамол авлодни тарбиялашда оила, маҳалла ва таълим муассасаларининг ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда самарали жорий этиш, ўқувчи ёшларга таълим-тарбия бериш бўйича вазирликлар ва идоралар, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, шунингдек, бунда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар. Айни чоғда ўсиб келаётган авлодга таълим-тарбия бериш, унинг соғлиғини сақлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг ижро этилишини таъминлаш, бу борада ота-оналар масъулиятини ошириш, оила институтининг таълим муассасалари билан амалий ҳамкорлиги механизмини кучайтириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди. 
Давра суҳбатида муҳокама якунлари бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

Xalq so'zi gazetasi
27.06.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati