O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент назорати

 

ЖАМИЯТДА ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг изчил тараққий топиши, уларнинг эркинлиги ва мустақил иш юритишини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий ҳамда моддий-техникавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бу борада янги босқични бошлаб берди.

Унда қайд этилганидек, фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Маълумки, тараққиётнинг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини янада кучайтириш, шубҳасиз, фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократлаштириш ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувида муҳим омил ҳисобланади. Буларнинг барчаси аҳоли турли қатламлари ва гуруҳлари манфаатларини акс эттирадиган фуқаролик жамияти институтлари — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вазифаларини изчиллик билан кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Бу жараёнда, айтиш мумкинки, парламент фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Олий Мажлис Сенати қўмиталари тасдиқланган режаларга мувофиқ, қонунлар ижросини, шу жумладан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий механизмларни мамлакатимиз ҳудудлари, шу билан бирга, тегишли вазирлик ҳамда ташкилотлардаги ижроси бўйича назорат-таҳлил жараёнларини мунтазам олиб бормоқда. Ўрганиш натижалари Сенат қўмиталарининг жойлардаги мажлисларида манфаатдор субъектлар, биринчи навбатда, ҳудудлардаги депутатлик корпуслари иштирокида кўриб чиқилмоқда.
Шу асосда муҳокамалар ташкил этилиб, нафақат жамият ҳаётининг у ёки бу соҳасида олиб борилаётган ишларнинг мавжуд ҳолати кўриб чиқилмоқда, балки уларни янада яхшилаш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Бунга “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Наманган ва Жиззах вилоятларидаги ижроси ўрганилгани ҳам мисол бўла олади. Мазкур вилоятларда мамлакатимизнинг бошқа барча ҳудудларидаги каби фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳозирги пайтда Наманган вилоятида 350 та, Жиззах вилоятида 348 та ННТ мавжуд. Улар экологияни яхшилаш, болалар, аёллар ва ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқларини муҳофазалаш, аҳолига ҳуқуқий кўмак бериш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ёш авлоднинг касбий маҳорати ва экологик саводхонлигини ошириш каби муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш йўлида самарали фаолият юритмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга биноан, давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, уларни қўллаб-қувватлаш шакллари ва шартларини белгилайди. Юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини молиявий ёки бошқа жиҳатдан қўллаб-қувватлашлари мумкин. ННТ қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турини ўз уставларида белгиланган ҳолда амалга ошириши мумкин. Улар ўз фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақилдир, қонунларда назарда тутилганидан бошқа ҳолларда уларга ҳисобот бермайди ҳамда уларнинг назорати остида бўлмайди. ННТ фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.
Бинобарин, ушбу ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини шакллантириш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим таянчи бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қўшма қарори асосида парламент ҳузурида ташкил этилган Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди ҳамда ушбу Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ННТнинг устав фаолиятини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Парламент комиссияси таркибига ННТ ва жамоат ташкилотларининг бир қатор вакиллари, депутатлар, молиявий ташкилотларнинг масъул ходимлари киритилган.
Парламент комиссияси фуқаролик жамияти институтлари, энг аввало, ННТ ҳамда ушбу жараённинг фаолиятини ташкилий, техник, иқтисодий томондан мустаҳкамлашга йўналтирилган Давлат бюджети маблағларининг тўғри тақсимланишини, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлайди. Бунга юқорида номи қайд этилган ҳудудлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти ҳам мисол бўла олади.
Жумладан, ўтказилган грант танловларида Наманган ва Жиззах вилоятларидан иштирок этган 146 та ННТнинг 36 таси ғолиб, деб топилди ва умумий қиймати 366,9 миллион сўмлик лойиҳалари молиялаштирилди. Пировардида уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, 52 та замонавий компьютер, 11 тикув машинаси, 50 та мебель жамланмаси сотиб олинди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу ҳудудларда лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида ижтимоий кўмакка муҳтож 486 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.
Шунингдек, ушбу ҳудудларда нодавлат нотижорат ташкилотларига вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан тегишли амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритилган. Бошқача айтганда, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари иш режасидан ННТнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини амалга оширишини моддий-техник ва ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳам ўрин олган. Масалан, ўтган йилнинг ўзидаёқ, Наманган вилоятида 26 та ННТ маъмурий бино билан таъминланди. Жиззах вилоятида эса ҳамкорликдаги ҳаракат дастури доирасида аҳолининг тегишли ижтимоий қатламлари билан ишлашни фаоллаштиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилди.
Шу билан бир қаторда, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижроси ўрганилган Жиззах ва Наманган вилоятларида, қолаверса, бошқа ҳудудларда ҳам айрим хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган. Чунончи, баъзи ҳолатларда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, раҳбарларининг ҳуқуқий билимини ошириш масалаларига етарлича эътибор берилмаган.
Бу каби камчиликларни бартараф этиш ва ННТ фаоллигини ошириш, албатта, фуқаролик жамияти институтларининг муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришдаги ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Президентимизнинг 2005 йил 23 июндаги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига оид қарорида мазкур устувор вазифаларни амалга оширишнинг аниқ йўллари кўрсатиб берилган.
Ушбу муҳим ҳужжатда мустақил, барқарор, аҳолининг кенг қатламлари томонидан қўллаб-қувватланадиган ва халқ орасида чуқур илдизларига эга бўлган турли фуқаролик жамияти институтларини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш мамлакатимизда ривожланган бозор иқтисодиётига эга бўлган ҳуқуқий демократик давлат, очиқ фуқаролик жамияти қуришнинг энг асосий вазифаларидан эканлиги кўрсатиб ўтилган. Зеро, булар жамиятда фуқаролар фаоллиги, миллий ўзлик, сиёсий маданият ва юксак маънавиятни ўстириш, уларда миллий ғурур, эркин тафаккур, ўз салоҳиятини юзага чиқариш, келажагини ўз қўли билан қуриш туйғусини шакллантиришга қаратилгандир.
Сенат қўмиталари томонидан ННТ фаолиятини янада ривожлантиришни кўзда тутувчи вазифалар ижросини юқорида кўрсатилган вилоятлар ва бошқа ҳудудларда ўрганиш шуни кўрсатдики, демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида мустаҳкамланиб бормоқда. ННТ тузилмалари ривожи жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва қўллаб-қувватлашда айни муддаодир. Зотан, жамиятда “учинчи сектор” вакиллари нуфузи ошиб борар экан, улар давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш воситасига айланади, кўп асрлик маънавий-ахлоқий қадриятлар, динлараро бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга туртки бўлади.
Мамлакатимизда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий, моддий шароитлар яратишга доир бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва фондлари, касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида қабул қилинган қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир. Бундан ташқари, ОАВ, журналистнинг профессионал фаолияти, ахборот олиш эркинликлари ва кафолатлари тўғрисидаги ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари ҳам бу борада муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича Дастури қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Унда, жумладан, кучли фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш чоралари, ННТ фаолиятини моддий ва молиявий қўллаб-қувватлаш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш механизмлари ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.
Ўтган йили Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги ҳукумат ҳисоботини эшитиш чоғида Ўзбекистонда бу каби чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ қилингани, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ННТнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишдаги мустаҳкам ижтимой шериклик самаралари айни зарурат эканлиги таъкидланган эди. Бу эса мамлакатимизда аҳолининг кенг қатламлари қўллаб-қувватлайдиган мустақил ва барқарор фуқаролик жамияти институтлари изчил ривожланаётгани, уларнинг фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий фаоллигини кучайтиришдаги роли ошиб бораётганидан дарак беради.
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ҳисобот эшитуви якунлари юзасидан қабул қилган Қўшма қарорида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида ва сўзсиз бажаришда жойлардаги ижро этувчи органлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтириш, бу борада, энг аввало, фуқаролик жамияти институтлари — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни равнақ топтириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш йўлидаги ижтимоий шерикликни босқичма-босқич кенгайтириш асосида самарали алоқаларни таъминлаш зарурлиги қайд этилган. Бу эса ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини фуқаролик жамиятини ривожлантириш, демократлаштириш ҳамда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви бўйича қўйилган стратегик мақсадларни рўёбга чиқаришига хизмат қилади, албатта. Шуларга уйғун тарзда мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Эркин РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

Xalq so'zi gazetasi

26.07.2012 09:38

Tilni o'zgartirmoq: Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati