O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari         

ЮРТ РАВНАҚИ, ЭЛ ФАРОВОНЛИГИ

мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир Президентимиз Ислом Каримов 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида мамлакатимизнинг бугунги социал-иқтисодий тараққиёти натижалари чуқур таҳлил қилиниб, бу кўрсаткичларни янада мустаҳкамлаш учун амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар белгилаб берилди.

Маълумки, 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози дунё мамлакатлари, биринчи навбатда, ривожланган йирик давлатлар иқтисодиётига ҳали-ҳануз салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган давр мобайнида аҳволни яхшилаш мақсадида кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан, аксарият мамлакатларда иқтисодий ўсиш суръатлари ва ишлаб чиқаришнинг амалда пасайиши кузатилмоқда. Экспертлар мазкур жараён шу тахлитда давом этадиган бўлса, глобал миқёсда иқтисодий ўсиш давомли равишда пасайиб бориши мумкинлигини башорат қилишмоқда.
Президентимиз сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётида юзага келаётган бу каби муаммолар, асосан, қўшимча пул босиб чиқариш ва молия бозорини шундай пуллар билан тўлдириш ҳисобидан ҳал қилиниши кўзга ташланаётганини қайд этиб, бу келгусида жиловлаб бўлмайдиган инфляцияга, яъни қимматчиликка, захира ва миллий валюталарнинг қадрсизланишига ҳамда шу билан боғлиқ оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Буларнинг барчаси, табиийки, юртимиз иқтисодиётининг ривожланиш кўрсаткичларига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Аввало, дунё бозорида хом ашё ва тайёр маҳсулотга эҳтиёжнинг тобора пасайиб бориши мамлакатимиз экспорт салоҳияти ва валюта тушумига салбий таъсирини ўтказиши мумкин.
Чунки оммавий ахборот воситалари орқали шуни кўриб, ўқиб турибмизки, дунёда истеъмол қувватининг тушиб кетиши оқибатида йирик-йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш компаниялари ўз харажатларини қисқартириш йўлидан бормоқда. Бунда асосий эътибор иш ўринларини ҳамда хом ашё харидини камайтиришга қаратилмоқда.
Мана шундай мураккаб бозор конъюнктураси шароитига қарамасдан, Ўзбекистонда барқарор ўсиш суръатлари таъминланаётгани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Буни Жаҳон банкининг яқин йиллар учун мўлжалланган прогнозларида, Халқаро валюта жамғармаси миссияси баёнотларида кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларида барқарор ўсиш суръатларига эришилмоқда. Чунончи, ўтган йили республикада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8,3 фоизни ташкил этди. Бундай юқори ўсиш суръати барқарор таъминланиши натижасида сўнгги ўн йил давомида ялпи ички маҳсулот ҳажми 2,1 баробар ошди. Мазкур кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг иқтисодиёти жадал ривожланаётган мамлакатлари қаторидан ўрин эгаллади.
Саноат соҳасида фаолият юритаётганим боис бу йўналишдаги кўрсаткичларни ҳам алоҳида эътироф этишни истардим. Чунки ўтган йили саноат ишлаб чиқариши 6,3 фоизга ўсди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, иқтисодиётда саноат улуши изчил ортиб бормоқда. Дейлик, 2000 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти таркибида саноат ишлаб чиқаришининг улуши бор-йўғи 14,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич 24,1 фоизга етди.
Албатта, бу рақамлар замирида Юртбошимиз раҳнамолигида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган устувор дастурлар, қатъий макроиқтисодий ислоҳотлар, хусусан, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини модернизация қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, халқимизнинг фидокорона меҳнати мужассамдир. Узоқни кўзлаб дейишимизнинг боиси шундаки, 2008 йилда, яъни инқироз чуқур илдиз отган бир шароитда Президентимиз молиявий таназзулнинг бир ёки икки йилда тўлиқ ҳал этилиши мумкин эмаслигини алоҳида қайд этиб, 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурини қабул қилиш кераклигини таъкидлаган эди. Бу қарорнинг нечоғли тўғри эканлигини дунё иқтисодиётидаги бугунги вазият ҳам тасдиқлаб турибди.
Президентимиз жаҳон иқтисодиётида вужудга келаётган тенденциялардан, шунингдек, мамлакатимизни келажакда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш стратегиясидан келиб чиққан ҳолда, 2012 йилда ва ундан кейинги йилларда амалга оширилиши керак бўлган устувор вазифаларни ҳам белгилаб берди. Чунончи, мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича дастур тайёрлаш ва уни амалга оширишга эътибор қаратилиши зарурлиги қайд этилди. Ҳақиқатан ҳам, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантирмасдан, пировард натижада эса, рақобатбардош мамлакатни барпо этмасдан туриб, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида кўзда тутилган мақсадли вазифаларни амалга оширмасдан туриб, ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётимизни ривожланган демократик давлатлар даражасига олиб чиқиб бўлмайди.
Биз фаолият олиб бораётган Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам ана шу талаблар асосида 2012 ва ундан кейинги йилларда комбинатни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийтириш бўйича олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш чоралари кўрилаяпти. Чунончи, давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 27 декабрдаги қарори билан 27 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Улар комбинат хом ашё базасини яратиш ҳамда технологик ускуналарни янгилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу лойиҳаларнинг изчил амалга оширилиши, ўз навбатида, комбинатнинг барқарор фаолият олиб боришига, ишлаб чиқариш суръатларининг янада ўсишига ҳамда маҳсулотлар таннархининг пасайишига мустаҳкам асос яратади.
Хулоса ўрнида айтганда, 2012 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурда белгиланган улкан вазифаларни амалга ошириш, Юртбошимиз қайд этганидек, барчамиздан бутун салоҳиятимиз, билим ва тажрибамизни, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишни, ҳар биримиздан зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, самарали меҳнат қилишни талаб этади. Айни чоғда парламент томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида кўзда тутилган қонунчилик ташаббусларини рўёбга чиқариш ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда айни муддаодир.

Қ. САНАҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Халқ сўзи газетаси, 24.01.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati